'Гулноранинг пуллари' Ўзбекистонга қайтариладими?

Сурат манбаси, Getty

Нью-Йорк маҳкамаси музлатилган пулларнинг тақдирини бевосита АҚШ билан муҳокама этиш учун Ўзбекистонга йўл очиб берган. АҚШ талаби билан коррупция терговлари юзасидан 300 миллион доллардан ортиқ маблағ турли банкларда ҳамон ҳибс қилинган.

Ўтган йили июн ойида АҚШ Адлия департаменти ҳибс этилган маблағларни ўз тасарруфига ўтказиш учун қонуний чора кўришни бошлаганди. АҚШ мулозимлари музлатилган маблағнинг коррупция тўловларини ювиш билан боғлиқ халқаро даражада уюштирилган фитнанинг бир қисми бўлганини даъво қилдилар.

Америка томонининг таъкидлашича, Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун икки халқаро ширкат – “МТС” билан “Вимпелком” йирик поралар беришга мажбур бўлган.

Ўзбекистон ўзини коррупцион можарода жабрланган томон бўлганини таъкидлаган, ва бунга жавобгар бўлган қатор Ўзбекистон фуқаросини жазолаганини айтмоқда.

Ўзбекистон Адлия вазирининг мактубида жазога тортилган шахснинг содир этган жинояти учун иккинчи марта маҳкамага тортилиб жазоланмаслиги лозимлиги урғуланган.

2 феврал куни Нью-Йорк Жанубий Дистрикт маҳкамасининг қабул қилган қарорига биноан, ҳакам ушбу иш юзасидан АҚШ ва Ўзбекистон расмийларига ўзаро музокара олиб бориш ва мумкин ечимга келишиш учун дастлабки уч ойлик муддат белгилаган.

Мазкур ҳужжатда баҳснинг “маҳкамадан ташқари қарор топиш эҳтимоли” мавжудлиги алоҳида айтиб ўтилган.

Бу дегани уч ой давомида Америка ва Ўзбекистон расмийлари пулларнинг тақдири юзасидан музокара олиб бориб, маълум бир ечимга келишлари мумкин. Агарда ечим топилмас экан, ҳакам томонидан бу муддат узайтирилиши ҳам мумкин.

Мазкур қарор етти ойдан ортиқ давом этган суд процедураларидаги сўнггисидир.

Жараённинг қисқа тарихи

Бошида, ўтган йилнинг 29 июнида АҚШ Адлия департаменти АҚШнинг порахўрликка қарши қонунлари асосида тергов ҳужжатларида тилга олинган мол-мулкни музлатишни сўраган эди.

Америка Адлия томони New York Mellon банкининг Бельгия, Ирландия ва Люксембургдаги филиаллари ҳисобларида сақланаётган пулларни қайтариб олишга ҳаракат қилмоқда.

Америка биржаларида ҳиссалари савдога қўйилгани боис “МТС” ва “Вимпелком” мобил ширкатларининг фаолияти АҚШ ҳудудида ҳам тергов остига тушган.

Сўнг АҚШ Адлия департаментининг адвокатлари мусодара этилиши мумкин бўлган мол-мулкнинг эгаларига мактуб йўллаб, уларга ўз режалари борасида маълумот берганлар.

Мактуб юборилган шахслар орасида Президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримова ҳамда унинг икки шериги - Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаров ҳам бўлганлар.

Авакян билан Мадумаров 2014 йили Ўзбекистонда маҳкамага тортилиб, узоқ муддат қамоққа ҳукм этилганлари хабар қилинган. Гулнора Каримова уй қамоғида деб ишонилади.

Ўтмишда Каримова хоним ўзига нисбатан илгари сурилган айбловларни рад этган.

Ўзбекистон адлия вазирининг хатига кўра, музлатилган пулларни олиш учун у ҳукумат томонидан ваколат берилган шахс

Сурат манбаси, bbc

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон адлия вазирининг хатига кўра, музлатилган пулларни олиш учун у ҳукумат томонидан ваколат берилган шахс

Мактублар коррупцияга аралашган деб гумон қилинган уч ширкатга ҳам юборилган, жумладан, Гибралтардаги Takilant Ltd ва Swisdorn Ltd ҳамда Ҳонг Конгда жойлашган Expoline Ltd ширкатларига ҳам.

Ўтган йилнинг ноябрида АҚШ ҳукумати вакиллари ўзлари юборган мактубларга жавоб олмаганларини маълум қилишади ва шу боис АҚШ манфаатига қарор қабул қилишни Нью-Йоркдаги маҳкамадан сўрашади.

Шундан бироз вақт ўтиб Ўзбекистон ҳукуматидан маҳкамага хат келиб тушади.

Ўзбекистон Адлия вазири тўғридан-тўғри Нью-Йорк маҳкамаси ҳакамига мактуб ёзади, АҚШдаги адвокатлик ширкатини ёллайди, пуллар Ўзбекистонга қайтарилиши керак, деган талабни илгари суради.

Аввалига, ўзбек томони ўз мақсадига эришади: Нью-Йорк суди маблағларни мусодара этиш бўйича ишдан Ўзбекистонни жавобгар сифатида чиқариб юборади.

Бироқ тергов ҳужжатларида номлари зикр этилган бир неча ўзбек фуқаросининг номлари қолдирилади.

Ўзбекистон Адлия вазири Музраф Икромов 2016 йили 26 январ куни маҳкамага бошқа хат юборади. Унда у ўзини пулларни олиш учун ҳукумат томонидан ваколат берилган шахс деб тақдим қилади.

Пуллар унга қайтариб бериладими-йўқми - бу суд томонидан белгиланган уч ой мобайнида ҳал этилиши мумкин.

АҚШ маҳкамаси Америка ва ўзбек расмийларига бевосита музокара олиб бориш учун муҳлат берган ва бу муддат, айтилгандек, ҳакам томонидан узайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон адлия вазири ўзининг биринчи хатида америкалик ҳамкасбларидан бу ҳақдаги маълумотларни сир сақлашни сўраган.

Яъни, вазирнинг ушбу илтимоси ўзбек томони келишувга жараённи хаспўшлаш эвазига эришмоқчи деган тахминларга етаклайди.

Кузатувчилар фикрича, Президент Каримов қизининг ушбу машмашага яқиндан аралашганига оид иддаолар манзарасида пулларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши ҳукумат учун кутилмаган йирик бир ютуқ бўлиши мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon