Ўзбекистон ҳукумати халққа қулоқ соладими?

Йиқитилган чинорлар...

Сурат манбаси, fergananews.com

Сурат тагсўзи, Йиқитилган чинорлар...

Тошкентда кўп йиллик чинорларнинг кесиб ташланиши Ўзбекистон тарихидаги биринчи оммавий интернет-петицияга сабаб бўлган.

Петицияга имзо чеккан минглаб ўзбекистонликлар ҳокимиятдан "чинорларни ваҳшийларча кесишни тўхтатиш"ни талаб қилишган.

Тошкент шаҳри ҳокими Раҳмонбек Усмонов, Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Абдусаматов, Ўзбекистон Экологик ҳаракати раҳбари, парламент қуйи палатасининг Экология ва Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Борий Алихоновлар номига йўлланган петицияга минглаб инсонлар имзо чеккан.

Аммо Ўзбекистонда ҳанузгача нафақат интернет, балки умуман фуқароларнинг петициясини кўриб чиқиш тартибига доир махсус қонун йўқ. Фуқароларнинг мурожаати тўғрисидаги мавжуд қонунчиликда петициялар ҳам, уларга жавоб бериш ҳам назарда тутилмаган. Дунёнинг кўпгина давлатларида интернет-петицияга мамлакат аҳолисининг маълум фоизи имзо чекса, ушбу петиция давлат идоралари, жумладан, қонунчилик идораси томонидан кўриб чиқилиши керак бўлади. Жумладан, Россияда 2013 йил 4 мартидаги президент фармонига мувофиқ, давлат хизматлари портали билан бирга интернет петиция учун махсус сайт ишга туширилган. Петиция кўриб чиқилиши учун уни 100 минг киши ёки аҳолининг 5 фоизи қўллаб-қувватлаши керак.

Буюк Британияда эса 10 000 киши имзо чекиши кифоя.

Би-би-си Ўзбек хизмати ижтимоий тармоқларда интернет-петициялар ҳақида мавзуни кўтарар экан, Ўзбекистонда ҳам бу каби ҳозирга қадар ноанъанавий арзу ҳоллар кўриб чиқилиши керакми, деб сўраган эди.

Фуқароларнинг мурожаати тўғрисидаги мавжуд қонунчилик талабга жавоб берадими?

Farkhod Abdurakhmonov: Ҳали интернет-петицияни қўйиб туринг, ўша фуқароларнинг ёзма мурожаатлари тўғрисидаги Қонун қабул қилганлигига қанча вақт бўлди лекин амалда ишламайдику ёки ишонч телефони дейсизми ёки бошқа ҳар қандай норозилик даъво аризалари ҳам эътиборсиз қолиб кетмоқда. Қонун балки қабул қилинар аммо у ишламаса кимга керак, нима нафи тегади? Фақат халқаро ҳамжамиятга рапорт бериш учунми?

Khafiz Khan: Керак !!! Ва айибдорлар жазосини тортиши шарт !!!!

Akbar Qarshiev: Албатта бу конунга киритилиши керак

Мирза Анвар Хамидов: Сквер ҳақида; Маркс турганида, чинорлар савлат тўкиб туришарди, унинг ўрнини Темирланг эгалладию, бврчаси кесилиб кетди..Бунда қандай ҳикмат бор?!

Namuna Nabiyeva : Сиз ўзбекмисиз? Наҳотки, шундай аждодларингиз борлигидан фахрланмайсиз? Темирланг эмиш...

Shamsiddin Yunusaliyev: Водийда тамонларда Наманган Андижон фаргона томонларда деярли катта азим чинорлар манимча кесиб булинди Тошкентда энди бошланди бу дарахтлани кесиш экалогияга фойдалими?

Аброр Юсувалиев: Афсус азим Тошкентнинг чиройига чирой кушиб турган шундай дарахтлар увол булди

Muhammad Ali: Очигини аятсам, менга бу хукуматни ахмокона карорлари жонимга тегди. Ана шундай сабаблар жуда копайиб кетканлиги боис мен Узбекистонда хозирда яшамайман ва мендака фикрлайдиганлар сон мингта деб уйлайман.

Хуллас, қонунчиликда бўлмагани учунми ва ё бошқа сабаблар туфайлими Ўзбекистонда чинорлар кесилиши борасида петицияга ҳукумат ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.

Ўқувчиларимиздан бири Behzod Kenjaboevнинг фикрича, давлат амалдорларининг энг ёши 45 дан бошланади.

Уларнинг аксариятида интернет тушунчаси йўқ, деб ёзади у.

Ўзбекистонлик журналистлардан бирига кўра, айни фикрда бир қадар жон бор бўлса ҳам, асосий муаммо “халқ билан ҳисоблашиш” маданияти шаклланмаганлигидадир.

“Раисни ҳам, ҳокимни ҳам, вазирни ҳам ва ҳатто президентни ҳам бизда халқ сайламайди. Мансабдорлар халққа ҳисоб бермайди. Бу сир эмас. Шундай экан, интернетда арз қиласизми, телефондами ...фарқи йўқ. Қачон халқ ҳақиқий танлов билан тепадагиларни сайлаб қўйса, бу удумга кирса, ана шундагина улар ҳисоб берадиган бўлади...”

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon