Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафот этган

Сурат манбаси, islom.uz
Ўзбекистонлик таниқли олим, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳаётдан кўз юмган.
Ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқалган бу хабар тафсилотлари ҳозирча аниқ эмас.
Нафақат Ўзбекистон, балки Ислом дунёсида ўз илми билан машҳур олим, собиқ Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси, маърифатпарвар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг оламдан ўтгани ҳақидаги хабар унинг минглаб шогирд ва мухлисларини қайғуга солган.
Ҳазратнинг Тошкентдаги хонадони рўпарасида юзлаб мотамсаро инсонлар тўпланганлар.

Шайх ҳазратлари 1952 йилда Андижон вилоятида таваллуд топган эди.
Шўролар Иттифоқида Олий Кенгаш депутати ўлароқ мамлакатдаги мусулмонларнинг ҳуқуқларини таъминлаш йўлида жонбозлик кўрсатган муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф умрининг охирига қадар маърифат тарқатиш йўлида тиним билмади.
Ислом дунёсидаги турфа нуфузли ташкилотларнинг аъзоси бўлган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзбек тилида ўнлаб китоблар муаллифи, бир неча интернет нашрларининг асосчиси эди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Би-би-си Ўзбек хизмати билан турли халқаро воқеалар, дин масалаларида ҳамсуҳбат бўлган ва унинг фикр-мулоҳазалари ҳар гал Би-би-си Ўзбек хизматининг радио тингловчилари, интернетдаги ўқувчилари орасида қизғин қизиқиш билан қаршиланар эди.
Би-би-си Ўзбек хизмати марҳумнинг оиласи ва яқинларига таъзия изҳор этади.












