Гулнора Каримованинг ўғли онаси Ўзбекистонни тарк этганини рад қилди

Кичик Ислом Каримов илк бор Россиянинг РенТВ каналига интервью берганди.

Сурат манбаси, REN TV

Сурат тагсўзи, Кичик Ислом Каримов илк бор Россиянинг РенТВ каналига интервью берганди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг невараси ўз онаси Гулнора Каримованинг мамлакатдан чиқиб кетгани ҳақидаги хабарларни инкор этган.

Кичик Ислом Каримовнинг Россиянинг "Интерфакс" агентлигига билдиришича, "...турли оммавий ахборот воситаларининг онамнинг Ўзбекистонни тарк этгани ҳақидаги хабарлари ҳақиқатга тўғри келмайди”.

"Онам ҳақида аввалгидек ҳеч нарса маълум эмас. Агар у тирик бўлса, мен онамни "уй қамоғи"да ушлаб турганлардан унинг аҳволи яхши эканлигини кўрсатиш учун фото ёки видеосини эълон қилишларини илтимос қилардим", деб таъкидлайди ҳозирда Лондонда истиқомат қиладиган кичик Ислом Каримов.

8 июлда Ўзбекистондаги "Узметроном" веб сайти Гулнора Каримова аллақачон мамлакатни тарк этгани, ўзининг 42 ёшини энг яқин одамлари билан Болтиқбўйидаги шаҳарда нишонламоқчилигини ёзган эди.

"Узметроном" бу маълумот ўзининг ишончли манбаларига асосланганидан хабар берганди.

Гулнора Каримованинг олдинроқ бир неча марта Twitter саҳифаси орқали ўзининг уй қамоғида экани, ёнига ҳеч кимни қўйишмаётгани, ўзи ва қизининг аҳволи яхши эмаслигини ёзган ва суратини эълон қилган эди.

Ундан сўнг июн ойида Гулнора Каримованинг ўғли, Лондондаги Оксфорд университети талабаси экани айтилган кичик Ислом Каримов Россиянинг РенТВ каналига интервью бериб, ўзи ва онасига бобоси билан учрашишларига йўл беришмаётганини билдирган, бобосини ўтган йил сентябр ойидан бери кўрмаганини айтган эди.

Узметроном ва бошқа интернет сайтларидаги хабарлар ортидан, гўёки Гулнора Каримованинг ўзи ёзгани айтилган хат "The Russian times" сайтида Асқар Қосимов деган блоггер томонидан берилди.

Хатда айтилишича, Гулнора Каримова ёрдамга муҳтож ва аҳволи абгор.

Унда хат билан бирга илова қилинган суратларда Гулнора Каримованинг ҳануз Ўзбекистонда, уй қамоғида экани ва уйини қўриқлаётган хавфсизлик ходимлари билан тортишуви акс этган.

Бироқ суратларнинг сифати ёмонлиги боис, унда айнан кимлар акс этгани яхши англашилмайди.

Гулнора Каримованинг кундалигидан ёзувлар деб тақдим этилган хатда у ўзига қарши ўйинлар давом этаётганини баён қилади.

Гулнора Каримовага боғлиқ охирги хабарларга муносабат билдирган кузатувчилар ва интернет ўқувчилар эса Ўзбекистонда президентлик сайловлар яқинлашгани сари бу айнан Каримов томонидан режалаштирилган охирги найранглар бўлиши мумкинлигини тахмин этишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02