Президент Каримов Украина сайловларини олқишлади

Ўзбекистон раҳбарига кўра, Украинадаги президентлик сайловлари "аксарият аҳоли тинчлик ва ягона Украинани танлаганликлари"ни кўрсатган.
Чоршанба куни Тошкентда, Латвия Президенти Андрис Берзинш билан музокаралар ортидан гапирган жаноб Каримов сайлов натижалари бошқа собиқ совет давлатларини "тинчлантиргани"ни айтган.
"Энг асосийси, бу сайловлар аксарият сайловчиларнинг тинчлик, осойишталик ва ягона Украина тарафдори эканликларини кўрсатди", - деган Президент Каримов.
Унинг сўзларига кўра, Россиянинг украин сайловларида ғалаба қозонаётган Петро Порошенко билан гаплашишга тайёр экани ҳақидаги баёноти собиқ совет давлатларида "нафақат олқиш, балки енгил тортиш билан" қарши олинган.
Жаноб Каримовга кўра, Россия ва Украина орасидаги зиддият собиқ совет давлатлари ва минтақа бўйлаб "хавотирлар тўлқини"ни яратган.
У Украина инқирозини ечиш бўйича музокаралар жараёнини тезлаштиришга чақирган.
"Томонлар ўртасида музокаралар жараёни қанчалик тез бошланса, ўртадаги муаммоларни шунчалик тез ечиш мумкин бўлади",- деб айтган Ўзбекистон раҳбари.
Президент Каримов Москва ҳамда Киев тўғридан-тўғри музокаралар олиб боришлари муҳимлигини урғулаган.
Ўзбекистон раҳбари Россия ва Украина ўртасидаги қарама-қаршиликни "ғайритабиий" деб атаган бўлса-да, зиддият бир кунда пайдо бўлмаганига эътибор қаратган.
Унинг айтишича, ушбу зиддият Украинада "бугун, кеча ёки ўтган куни пайдо бўлмаган жуда ҳам жиддий англашилмовчиликлар ва жиддий муаммолар маҳсулидир".
Ўзбекистон Президентининг сўзларига кўра, зиддиятга "катта давлатларнинг аралашгани" хавотирларни янада кучайтирган.
Жаноб Каримов Украина инқирозининг тинч йўл билан ечилиши тарафдори эканликларини яна бир марта урғулаган.
Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украинанинг ҳудудий бутунлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилувчи баёнот билан чиққан эди.
Ўзбекистон минтақада Қримнинг Россияга қўшиб олинишини тан олмаган ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигига тажовузни очиқчасига қоралаган ягона давлат бўлган.
Украинанинг ўзида муваққат Президент Олександр Турчинов овозларнинг 100 фоизи санаб бўлингани ва Петро Порошенко 54,7% фоиз овоз билан сайловларнинг биринчи даврасида ғалаба қозонганини эълон қилган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002
Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.












