Биометрик паспортсиз кишини четга чиқармаслик унинг ҳуқуқини поймол қилмайдими?

Сурат манбаси, none
Президент Ислом Каримовнинг "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида" қарорига кўра, 1 июлдан кейин биометрик паспорти бўлмаган фуқаронинг четга чиқиши мумкин эмас. Биометрик паспортсиз авиа ёки темир йўл чиптаси сотилмайди.
Вазирлар Маҳкамасининг шу мазмундаги қарори 6 феврал куни қабул қилинган.
Биз билан гаплашган баъзи фуқаролар ушбу хабар чиққач, Тошкентда ва вилоятлардаги паспорт столларида навбатлар аввалгидан кўпайганини айтишди.
Жумладан тошкентлик суҳбатдошга кўра, ҳукумат қарори бугун радиода эълон қилинган. Иш хоналарда ҳам бир неча кундан буён ходимларга биометрик паспорт олишни тезлаштириш билдирилмоқда.
"Одамлар паспорт алмаштиришга тушиб қолишди. Четга чиқувчилар ҳам кўп. Улар пул билан қисқа муддатга паспорт олишга ҳаракат қилишяпти. Нархини керакли одамлар билан келишасиз", дейди у.
Қашқадарёлик фуқаро билдиришича, аҳолининг қарийб 50 фоизигача паспорт олиб бўлган. "Лекин янги қарордан кейин тижорат билан ёки мардикорликка Россияга борувчилар кўпроқ ҳаракат қилиб юришибди".
Яна бир суҳбатдошга кўра, биометрик паспорт олгани билан унинг ичида рус тилида саҳифаси бўлмагани қийинчиликларни туғдирган. Қўшимча қоғозлар тўлдириб маълумотларни рус тилида ёздиришига тўғри келган.
Россияга борувчи ўзбекистонликлардан биометрик паспортда ёзилган маълумотларни рус тилида кўрсатиш талаби қонунга зидлигини ҳамма фуқаролар ҳам исботлаб беролмайди. Бунга сабаб бир томондан уларнинг ўз ҳуқуқларини билмаслиги бўлса, иккинчидан рус тилида гаплаша олмаслигидир.
Бу эса четга чиқувчиларнинг ташвишларини яна кўпайтирган. Россияга ишлашга кетиш истагида бўлганлар биометрик паспорт олишдан ташқари, уни русча таржима қилдиришга ҳам вақт сарфлаяптилар. Расмий Тошкент Россияда сарсон бўлаётган фуқароларининг муаммосини ечишдан кўра, сукут сақлашни маъқул кўрмоқда.
Президент Ислом Каримовнинг 2011 йил январ ойидаги фармонида биометрик паспортларни тарқатишни 2011 йилда бошлаш ва 2015 йил охиригача якунлаш назарда тутилган.
Бироқ паспорт идораларида паспорт бериш жараёнига улгурилмагани боис, бу амалларни мажбуран тезлаштирмасликка қарор қилинган эди.
Эълон қилинган қарорга кўра, биометрик паспорт бериш расман 2015 йилда якунланса ҳам, четга чиқувчилар учун бу муддатнинг 1,5 йил олдин тугатилиши фуқароларга қоғозбозликлардан ташқари янги муаммолар келтириб чиқариши мумкинлиги, уларни ташқарига чиқмасликларига қарши чора, деб ҳам айтилмоқда.
Би-би-си ўзбекистонлик юрист ва инсон ҳақлари фаоли Руҳиддин Комиловдан бу жараён қандай кечаётганлигини сўради.












