Гулнора Каримова Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловни ҳужумга тутди

Бошида бу "фош қилишлар" кўпчиликни ларзага солган бўлса, ҳозирга келиб Гулнора Каримова ёзувлари жамоатчилик томонидан анчайин хотиржамлик билан қарши олинаётганини кўриш мумкин.
Сурат тагсўзи, Бошида бу "фош қилишлар" кўпчиликни ларзага солган бўлса, ҳозирга келиб Гулнора Каримова ёзувлари жамоатчилик томонидан анчайин хотиржамлик билан қарши олинаётганини кўриш мумкин.

Гулнора Каримованинг Твиттердаги саҳифасида ёзишича, Швейцариядаги ҳовлиси билан юзага чиққан сўнгги можарода Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири "иғвогорона" амал қилган.

Охирги бир йил давомида Гулнора Каримова Ўзбекистон ҳокимияти юқори поғоналаридаги кўплаб шахсларни танқидларга тутди, хусусан, улар Бош вазир 1-ўринбосари Рустам Азимов, Бош вазир Шавкат Мирзиёев, Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Миллий Хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов, онаси Татьяна Каримова ва бошқалар эди.

Бошида ёпиқ Ўзбек жамияти вакилларини бу "фош қилишлар" ларзага солган бўлса, ҳозирга келиб Гулнора Каримова танқид нишонига тутган раҳбарлар ҳақидаги ёзишмалар жамоатчилик томонидан анчайин хотиржамлик билан қарши олинаётганини кўриш мумкин.

Янги йилнинг илк ҳафтасида Каримова хоним Твиттердаги ёзувларида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловни танқид қилди.

У ўзига тегишли Женевадаги ҳовлини ўзбек сиёсий муҳожири Сафар Бекжон ва жаноб Бекжон номини ошкор этмаган яна бир неча фаол босиб олганига нисбатан Ташқи ишлар вазирлигини "иғвогорона" иш тутганликда айблади.

23 декабр куни Каримовага тегишли бўлгани айтилган виллага кириб олган Сафар Бекжон бу кўчмас мулкни бир неча кундан кейин тарк этган.

Сафар Бекжон Гулнора Каримованинг уйини "ишғол қилиши" ўзининг сиёсий амали бўлганини айтган.

"Ўзбекистон демократик жамғармаси" раҳбари Сафар Бекжон бу бинодан жамғармаси фаолияти йўлида фойдаланиш ниятида бўлганини айтган.

Сафар Бекжонга кўра, ўзининг Каримованинг уйини ишғол қилганини Швейцария расмийлари билан муҳокама қилиш учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан катта амалдорлар Швейцарияга боришган.

Ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари Сафар Бекжонни Гулнора Каримованинг ҳовлисидан ҳайдаб чиқариш учун "PROTECTAS" деб номланган хусусий қоровуллик ширкатини ёллаган.

Очиқ жамиятларда инсон шаъни, қадр-қимматига боғлиқ маҳкама ишларига туртки бериши муқаррар бўлган Ўзбекистондаги охирги "фош қилишлар" мамлакатдаги ҳокимият учун кураш кўринишлари, дея талқин қилинмоқда.