Муҳаммад Олим Кўҳкан: “Саводи бўлмаган одамнинг сиёсат юритишини тасаввур қилиб бўлмайди”

Афғонистонлик таниқли ўзбек журналисти ва шоири, Муҳаммад Олим Кўҳкан bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.
Муҳаммад Олим Кўҳкан Афғонистон шимолидаги Фарёб вилоятида деҳқон оиласида 1962 йилнинг 15 майида дунёга келди.
Ўрта мактаб ва лицейни тамомлагач, ўқитувчиларни тайёрловчи муассиса - Фарёб дорилмуаллимида таълим олди.
Жаноб Кўҳкан ўз меҳнат фаолиятининг аксар қисмини маориф ва журналистика соҳасига сарфлади.
Аввалига Форёб Ахборот ва Маданият бошқармасида ишлади.
Шу билан бирга ўзбек тилида нашр этилувчи газета билан ҳамкорлик қилди.
Афғонистонда Толибон ҳаракати қудратга келиши ортидан Муҳаммад Олим Кўҳкан ватанини тарк этди ва бир неча йил давомида Покистоннинг Пешовар шаҳрида ҳижратда яшади.
Бу давр ичида бир пайтлар Кобулда ўзбек зиёлилари томонида ташкил этилган Алишер Навоий номидаги маданий анжуманининг Покистондаги бўлимини очишга муваффақ бўлди.
Покистонда экан жаноб Кўҳкан ўзбек тилидаги "Човуш" номли адабий журнални нашр этиб борди.
Муҳаммад Олим Кўҳкан кўп йиллардан буён "Озодлик" радиоси билан ҳам ҳамкорлик қилиб келади.
Журналистик фаолияти билан бир қаторда Афғонистондаги ўзбек маданияти ва адабиёти равнақи учун хизмат қилмоқда.
Ўзининг "Сен учун яралдим" номли шеърий тўпламини нашрдан чиқарган.
Муҳаммад Олим Кўҳкан шунингдек "Ўзбек адабиёти фарҳанги" номли китобга ҳам муаллифлик қилган.
Ушбу китобда ўзбек ёзувчи ва шоирлари ҳақида араб алифбосида батафсил маълумот берилади.
Китобга атоқли ўзбек адабиётшуноси, академик Нажмиддин Комилов сўз боши ёзган.
Муҳаммад Олим Кўҳкан Афғонистондан эфирга узатилувчи "Ойина" ва "Ориёно" телевидениеларида масъул вазифаларни бажарган.
У ҳозирда ишга тушиши кутилаётган ўзбек тилидаги "Ой ТВ" кўрсатувларига раислик қилмоқда.
Уйланган. Саккиз фарзанди бор.
Ҳожиаҳмад Тошкент:Ассаламу алайкум Муҳаммад Олим ака, Сизни бир неча йиллардан бери "Озодлик" радиоси орқали эшитаман. Савол: Ўзбек тилини ривожлантириш бўйича Афғонистонда кўпгина сезиларли ишлар қилинмоқда, назаримда. Лекин Ўзбек соф лексикаси бироз бузилгандай. Айтингчи, ўзбек - афғон диёрида бир хил лексика ишлатилиши учун нималар қилиниши керак, ёки бу имконсизми?
Кўҳкан: Кейинги чамаси уч аср давомида Афғонистондаги ўзбеклар сиёсий ҳокимият ёки сиёсий ҳокимиятга кириб ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб қолди. Улар миллий, маданий, фарҳангий қадриятларига ҳам баҳо бериш ва мана шу миллий қадриятларнинг бир қисми бўлган тил ва адабиётдан ҳам четлатилди. Чунки, бу мустабид ҳокимлар , мустабид тизим бундай шароитни ўртага олиб келди. Афғонистондаги ўзбеклар, сон жиҳатидан олиб қарасак, Ўзбекистондан ташқарида ҳаёт кечирадиган ўзбеклар билан таққосласангиз, мисол учун, Қирғизистондаги ўзбеклардан ҳам, Тожикистондаги ўзбеклардан ҳам кўпроқ. Яъни, Афғонистонда ўзбекларнинг катта жамоаси ҳаёт кечиради. Аммо, афсуски, баъзи бир сиёсий сабабларга кўра, бошқа ўзбеклардан, айниқса, Ўзбекистондаги миллатдошларидан чамаси бир аср давомида узоқда, йироқда яшашга мажбур бўлдилар. Ҳеч қандай борди-келди бўлмади, робита бўлмади, алоқа бўлмади. Ўзбекистонлик ўзбекларнинг аксари ҳозирги кунда ҳам “Афғонистонда ўзбек яшайди-ми?” деган саволни берсангиз, “билмайман”, дейди. Яъни, ишонмайди. Мен ўзим бунга гувоҳ бўлганман. Бунинг натижаси шу бўлдики, ҳозир Афғонистонда савод чиқарган ўқимишли инсонларимиз ўзбек тилии ва адабиётидан мутлақо четда қолдилар. Бугун Афғонистонда саводли ўзбекларимизнинг аксарида ўзбекча савод йўқ. Ўзбек тилида ёзилган матнларни ўқиш қобилиятига, имкониятига эга эмас. Яъни, ўзбекча матннинг бир параграфини ёзиб берсангиз, унинг фарқини афғонистонлик ўзбек ва афғонистонлик тожик ўқишида кўрмайсиз. Бу бизнинг ҳозирги аҳволимиз.
Афғонистонда ўзбек тилини ривожлантириш бўйича қандай ишлар қилинаяпти?
Кўҳкан: Бу саволнинг жавобини иккига бўлишимиз керак. Биринчидан, давлат миқёсида нима ишлар бўлаяпти? Иккинчидан, давлатдан ташқарида афғонистонлик ўзбек зиёлилари, адиблари ва шоирлари нима қилишаяпти? Давлатнинг катта қилган иши, ҳозир Афғонистон асосий қонунида қайд этилишича, давлат ўзбеклар аксариятни ташкил этувчи жойлардаги мактабларда ўзбек тили ва адабиётига оид китобларни тайёрлаб, чоп қилишга мажбур. Давлат буни ҳозир қилаяпти. Албатта, бу ҳам бизни қониқтирадиган даражада эмас. Чунки, бу ерда биринчи синфдар тўртинчи синфгача бўлган ўқув китобларини чоп қилган ва ўша китобларни ўзбеклар мактабига етказиб берган. Давлат, ўзбеклар сонини назарда тутмасдан, жуда кам миқдорда китобларни чоп этган. Тахминан ўн болага битта ўқув китоби тўғри келаяпти ҳозир. Мана бундай қийинчиликлар бор. Иккинчи масала, адабиёт ва тилни ўқитадиган маслакий, малакали ўқитувчларнинг йўқлигидир. Чунки, бу ерда олдин ҳеч ким тайёрланмаган ўзбек тили муаллими қилиб. Аммо, давлат ташқарисида ўзбекларнинг ўзи нима қилаяпти? Тил ва адабиётнинг ривожланиши учун улар нималар қилишаяпти? Ҳарҳолда, ҳаракат ва олға силжишларни одам кўрса бўлади. Буни кўрмаганга олмаслик керак. Қандайдир китоблар чоп бўлаяпти. Лекин, Афғонистонда ўзбекча матнлар деярли йўқ. Мана шу бўшлиқни тўлдириш учун баъзи бир ишлар бўлаяпти. Мана ҳозир интернетга ўзбек тили ва адабиётига оид қатор китоблар қўйилаяпти. Буларни олиб бизнинг ёшларимиз Афғонистонда қўлланиладиган араб алифбосига ўгириб, китоб ҳолига келтириб, чоп қилишга ҳаракат қилишаяпти. Камида 10та китоб ҳозир чопга тайёр. Аммо, шуларни чоп қилиб, халққа етказиш учун моддий-молиявий имконият йўқ. Шу жиҳатдан, бизнинг бошимиз бориб, яна деворга тегмоқда. Ҳарҳолда қандайдир ишлар бўлаяпти, лекин бизни қониқтирадиган даражада эмас.
Рустам, Тошкент: Афғонистондаги ўзбеклар сони ҳақида аниқ бир маълумот борми? Улар қанча бўлиши мумкин?
Кўҳкан: Энди ўша расмий статистика маълумотларига қарасак, Афғонистонда чамаси 3 миллион ўзбеклар борлиги эътироф этилган. Аммо, Афғонистонда охирги ўттиз йилда бирор марта бўлсин аҳоли рўйхатга олинмаган. Афғонистон аҳолиси бўйича янги маълоумот қўлда йўқ. Бу ҳақда Афғонистонда ҳар-хил тахминлар бор. Энг ози 3 миллион, лекин баъзи иддаоларга кўра, Афғонистонда яшайдиган ўзбеклар сони 5 миллион атрофида дейилаяпти.
Шарифжон Амстердам:Олим Кўҳканга саволим шундай: нега ўзбеклар Афғонистон сиёсатида катта кучга эга эмаслар?
Кўҳкан: Афғонистонда ўзбеклар Темурийлар ҳокимияти инқирозга юз тутгандан кейин ва ундан кейин энг сўнгги Афғонистон шимолида туркий сулолалар инқирозга учраганидан кейин “Афғонистон” деган мамлакат ташкил этилди ҳозир маълум чегаралари билан. Бу ердаги ўзбеклар тарих давомида давом этиб келган сиёсий иқтидорини бирданига йўқотди, қўлдан берди. Улар маҳкум бир миллатга, халққа айланиб қолди. Бу ҳолат сўнгги йилларгача давом этди. Бизни ҳам сиёсий иқтидорга шерик қилмас эдилар, ҳам маданий-иқтисодий аҳволимиз яхши эмас эди. Бу халқ мустабид тизимлар тазйиқлари остида ҳаёт кечирди бу халқ. Кейинги демократик тизим даврида анча-мунча шарт-шароитлар муҳайё этилди. Бундан олдинги ички низолар йилларида, коммунистик ҳокимият қулатилганидан кейин ҳам Афғонистон шимолида , биласиз, ўзбеклар генерал Абдуррашид Дўстимнинг ҳаракати раҳбарлигида бир муддат иқтидорда бўлди. Бу ҳаракат катта куч ва имкониятга эга эди. Аммо, биз олдиндан қандайдир бир сиёсий зарфиятга эга бўлмаганимиз учун мана шу заминадан, мана шу имкониятдан фойдалана олмадик.
Адолат: Сизнингча, Афғонистонлик сиёсий саҳнада катта кучга айлана олишадими?
Кўҳкан: Катта кучга айланишига шак-шубҳа қилмаслик керак. Катта кучга айланади ва бунга қандайдир замина ва имконият бор. Фақат бизга етмайдиган томони нима? Биз ҳозир сиёсий жиҳатдан бундай кучга айланиш қобилиятига эга эмасмиз. Бизнинг ёшларимиз энди-энди сиёсий саҳнада фаоллашмоқда. Биласиз, Афғонистондаги ўзбекларнинг аксарияти ҳозир ҳам ўқимишли эмаслар. Хат-қалами йўқ. Саводи бўлмаган одамнинг сиёсат юритишини тасаввур қилиб бўлмайди. Бизнинг янги насл, янги авлод ҳозир сиёсий саҳнага келмоқда. Келажак ўн йил белгилайди. Ўн йиллардан кейин аҳвол яна ўзгаради. Ёшларимизнинг сиёсий мафкуралари, сиёсий кўзқарашлари ўзгармоқда. Бу ёшлар келгусида катта кучга айланиб, Афғонистон сиёсатига шерик бўлиш ва Афғонистон катта кучга айланиш имконига эга бўлади деб ўйлайман.
Музаффар Яхшибоев, Термиз: Ассалому алайкум Муҳаммад Олим ака! Америка армияси Афғонистондан 2014 йилда чиқиб кетади. Ундан кейин нима бўлади сизнингча?
Кўҳкан: Энди Америка кучлари 2014 йилда Афғонистондан бутунлай чиқиб кетишига мен ишонмайман. Нимага деганда Афғонистон ва Америка ҳозир муштарак манфаатларга эга. Афғонистоннинг келажагини, бўлғуси 10-20 йилини Американинг ҳимоясисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Америка бу ерга 2001 йилдан буён катта куч, катта маблағ сарфлади. Бу ерда Америка инсонларининг қони тўкилди, аскарлари ўлди. Америка Афғонистонни шундайлигича ташлаб кетиши мумкин эмас. Албатта, Америка кучларининг катта қисми 2014 йилда олиб чиқилади. Бир қарашда, бу ўта ташвишланарли ҳолат бўлади. Чунки, Афғонистондаги ҳокимият муқтадир бир кучга эга эмас. Афғонистондаги миллий армия, қуролли кучлари сони секин-секин ошмоқда. Бу ерда анча мунча қийинчиликлар бор. Афғонистон иқтисодий жиҳатдан ҳалиям оёққа туриб олгани йўқ. Американинг кўмагисиз Афғонистон келажагини тасаввур қилиш мумкин эмас. Афғонистон армиясини боқиш ва уни ушлаб туриш учун ҳар йил 10 миллиард доллар керак. Аммо Афғонистоннинг йиллик ялпи даромади 2 миллиард доллар. Агар Қўшма Штатлар Афғонистонни бутунлай ташлаб кетса, мамлакат яна 2001 йилдан олдинги ҳолатига қайтади. Ички низолар бошланади. Вазиятга Афғонистон қўшнилари – Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва балки Россия аралашади. Афғонистонда яна аҳвол ёмонлашади. Аммо бунга Америка ва НАТО давлатлари йўл қўймайди деган умиддаман.
Одил, Фарғона: Агар НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетса, мамлакатда Толибонга қарши тура оладиган куч борми?
Кўҳккан: Табиийки, бор. Чунки, хабарингиз бор, Толибон Покистон ва араб давлатлари ёрдами билан Афғонистонда бир неча йил жанг қилди, мамлакатнинг аксар вилоятларини босиб олишга муваффақ бўлди. Аммо, Афғонистонни бутунлай босиб олиб, ўзининг мутлақ ҳокимиятини ўрната олмади. Чунки бу ерда бир нарсани эсдан чиқармаслигимиз керак: Толибон негизи Афғонистондаги паштун қабилалари ташкил этувчи бир ҳаракат. Бу фундаменталист куч ал-Қоида ва баъзи араб давлатлари ҳамда Покистон дастаги билан ўртага келган. Бу куч 2001 йилда синдирилди, тор-мор қилинди. Толибон аввалги кучига қайтади, аввалги қудратига эга бўлади, дейишнинг ўзи хато бир нарса. Толибонда олдинги шарт-шароитльар йўқ. Иккинчидан, Афғонистон, биласиз, турли миллат ва элатлар ватани. Бу ерда ҳазоралар, тожиклар, туркманлар, ўзбеклар ва яна кўплаб миллатлар яшайди. Мен зикр этган миллатлар олдиндан Толибонга қарши уруш қилиб келади. Агар халқаро кучлар Афғонистонни тарк этгудек бўлса ва Толиблар яна иқтидорга интилса, бу миллатлар унга қарши яна бирлашиб, жанг қиладилар деб ўйлайман.
Тўлқин, Тошкент: Афғонистонлик ўзбеклар орасида Толибларни қўлловчилар борми?
Кўҳкан: Афғонистонда Толибларни қўллаб-қувватлайдиган ўзбеклар бор дейиш хато бўлади. Афғонистоннинг ўзбек жамоаси орасида Толибоннинг ўсиши учун ҳеч қандай ижтимоий шароит йўқ. Сабаби Толибон ҳокимияти даврида ўзбеклар қатлиом қилинди, ўзбеклар хўрланди, ўзбеклар азоб чекди, ўзбеклар ишканча қилинди. Бу нарсалар ўзбеклар эсидан чиққани йўқ.












