
Ўзбекистон ҳукумати 1994 йилдан буён тутқунликда сақлаб келаётган мухолифатдаги "Эрк" партияси фаоли ва мамлакат парламентининг собиқ депутати Мурод Жўраевнинг жазо муддати яна уч йилга узайтирилган.
Яқинларининг айтишича, Олмалиқдаги жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти Жўраевни ички тартибини бузишда айбдор деб топиб, яна уч йилга маҳкум этган.
Мурод Жўраев ва яна бир неча "Эрк" партияси фаоллари 1994 йилда ҳокимиятни ноқонуний босиш олишга уринишда айбланганлар.
Мурод Жўраевнинг қамоқ муддати ҳозирга қадар уч марта узайтирилган.
Сўнгги, тўртинчи марта узайтириш Ўзбекистон Сенати янги амнистияни эълон қилган пайтга тўғри келган.
Халқаро ташкилотлар амнистияни сиёсий маҳбусларга нисбатан ҳам қўллашга чақиришган.
Ўзбекистонлик ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсий тутқун деб кўрилган маҳкумларни қамоқдан чиқармаслик мақсадидаги амалларини мунтазам танқид қилиб келадилар.
Кўплаб йиллар давомида сиёсий тутқунларнинг қамоқ муддатлари "жазони ижро этиш муассасасининг ички тартибини бузди" деган баҳона билан узайтириб келинади.
60 ёшли Мурод Жўраевнинг қамоқ муддатини узайтириш ҳақидаги Олмалиқ шаҳар суди чиқарган ҳукмга кўра, Мурод Жўраев "оёқ кийимини ечмасдан ичкарига кириш", "чойни тамакига алмаштириш" билан Олмалиқ қамоқхонасининг ички тартибларини бузган.
Шу йил давомида Мурод Жўраевга уч марта жазо тайинланган ва 15 кунлик карцерларга ташланган.
Бугунги кунга келиб Мурод Жўраев мустақил Ўзбекистон тарихида қамоқда энг узоқ вақт қолаётган сиёсий тутқунга айланган.
Ўзбек махсус хизматлари Мурод Жўраевни 1994 йилда Қозоғистонда тутиб ўғирлаб келганлар ва 1995 йил февралида унинг устидан ҳукм ўқилган.
Мурод Жўраев қамоқхонада ўзига қийноқлар қўлланилганини айтган.
18 йиллик маҳкумлик оқибатида Мурод Жўраев саломатлигига жиддий путур етган.
1980 йилларнинг иккинчи ярмида Мурод Жўраев Қашқадарё вилоятидаги Муборак шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимида ишлаган, бу йилларда Президент Ислом Каримов Қашқадарё вилоятини бошқарган.
Мурод Жўраев ҳали Борис Елциндан ҳам илгари коммунистик партиянинг Муборакдаги бошланғич ташкилотини тарқатиб юборган.
У 1990 йилда сайланган Ўзбекистон парламенти депутати бўлган.
Азиз Ўқувчи!
Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.
Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.
Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.
Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

























