
Айрим экспертларга кўра, Ўзбекистонда йилига юз минглаб ўқувчи ва талабалар пахта теримига жалб этилади
Ўзбекистон ҳукуматига пахта йиғиб-теримида болалар меҳнатидан фойдаланишга барҳам бераётганини исботлаш юзасидан босимлар ошиб бормоқда.
Жорий йилги йиғим-терим мавсуми бошланган ва аллақачон болаларнинг пахта далаларига йўлланаётганига оид хабарлар келмоқда.
Бу ҳоллар ҳукумат пахта теримида болалар меҳнатида фойдаланиш тўхтатилишига ваъда берганига қарамай кузатилаётгани айтилади.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов болалар меҳнатини тақиқловчи қонунга ҳам имзо чекканди.
Бу борада бонг ураётганлар фақат меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар эмас, балки 60дан ортиқ халқаро ширкат ўзбек пахтасини болалар меҳнатидан фойдаланилганми йўқлигини билмай туриб сотиб олмасликка сўз беришмоқда.
Улар орасида "Адидас"дан ортиб, H&M каби йирик номлар бор.
Ўтган йиллар давомида ҳам қатор Ғарб ширкатлари, жумладан, Теско, H&M, Marks and Spencer ширкатлари мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланилгани боис ўзбек толасидан тайёрланган маҳсулотни сотиб олишни тўхтатишларини айтишганди
Бир неча кун олдин Нью-Йоркдаги Модалар намойиши ҳафталиги ташкилотчилари Ўзбекистон Президентининг қизи Гулнора Каримованинг 15 сентябрга мўлжалланган "Гули" коллекцияси намойишини бекор қилдилар.
Бунга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари босимлари ҳамда Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланишига қарши ташкил этилган норозилик амалиётлари сабаб бўлди.
Айрим мутахассисларга кўра, Ўзбекистонда йилига юз минглаб ўқувчи ва талабалар пахта теримига жалб этилади.
Ўзбекистонлик расмийлар эса, бунга ўхшаш ҳолатлар мавжудлигини расман инкор этиб келишган ва аксар ҳолларда пахта теримига сафарбарликни ўқувчиларнинг ўз хоҳишлари билан қилинаётган иш сифатида изоҳлашган.