Дилмурод Иргашев: кам ухлаб кўп соҳалардаги ишларга улгурсам дейман

Бугунги Би-би-си меҳмони - "Доктор Д" деганда кўпчилик яхши биладиган шифокор ва таниқли актёр Дилмурод Иргашев.
Дилмурод Иргашевни ўзбекистонликларнинг аксари илк бор "Шайтанат" кўп қисмли видеофильмида ижро этган ролидан кейин таниганлар, деса муболаға бўлмайди.
Аслида унинг мутахассислиги шифокор.
Дилмурод Иргашев 1959 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.
"12 ёшимда оғир бетоб бўлиб қолганим шифокорликни танлашимга туртки бўлган", дейди у.
Пойтахтдаги физика-математика махсус мактабини олтин медал билан битирган ўсмирнинг ўз таҳсилини физика-математика йўналиши бўйича олий ўқув юртида давом эттириши учун имтиёзли имконият берилади, аммо у шифокорликни танлайди.
Дилмурод Иргашев 1983 йилда Тошкент Медицина институтини битиради.
Бугун у Ўзбекистондаги етакчи репродуктолог шифокорлардан бири ҳисобланади.
Тиббиётнинг бу йўналишини танлашига Дилмурод Иргашев яқинларидан бирининг узоқ йиллар олдин уйланганига қарамасдан, фарзанд кўрмагани сабаб бўлганини айтади.
"Тиббиёт олий ўқув юртида таҳсил олиб юрган йилларимда бу соҳада Ўзбекистонда мутахассис йўқлигини билганман", дейди у.
Бепуштликни даволаш маҳоратини эгаллаш мақсадида Дилмурод Иргашев Киевда, Москвада, АҚШ ва Исроилда билимини оширади.
Шу йўналишда тиббиёт бўйича фан номзоди диссертациясини ёқлайди.
"1993-1994 йилда Олмониядаги хусусий шифохоналардан бирида стажировкада бўлиб қайтганимдан кейин "нега шундай муассасаларни ўзимизда очиш мумкин эмас" деган саволни ўзимга бердим", дейди шифокор.
Дилмурод Иргашев Тошкентда кўп тармоқли "Доктор Д" хусусий шифохонасига асос солган.

У "Инсон репродукцияси бўйича Россия ассоциацияси" - РАРЧ, Нью-Йорк Фанлар академияси, Оврўпо Урологлари ва Андрологлари ассоциацияси аъзоси.
Дилмурод Иргашев "кам ухлашга тўғри келса ҳам", агар бадиий фильм сценарийси ўзига ёқса, кинодаги ролларга рози бўлганини айтади.
Шу кунгача Дилмурод Иргашев рол ижро этган 40 дан ортиқ бадиий фильм экранларга чиқарилган, яқин кунларда томошабинлар яна бир неча фильмни томоша қилишлари мумкин.
"Орада турли роллар, мафиози, наркобаронлар ролини роса кўп таклиф қилишди. Ўйнадим, аммо менинг ўзимга "фарзандининг эртанги кунини ўйлайдиган талабчан ота" ролини ўйнаш кўпроқ ёқади", дейди Дилмурод Иргашев.
У уч фарзанднинг отаси ва набираларнинг бобоси.
Дилмурод Иргашев билан суҳбат
Би-би-си: Дилмурод ака, дастлаб ота-онангиз, ўзингизнинг оилангиз ҳақида гапириб берсангиз.
Дилмурод Иргашев: Авваламбор берган ушбу саволингиз учун раҳмат айтишим керак. Чунки ҳар бир инсон ўз ота-онаси ҳақида фахр билан гапиради. Ўзининг ота-онаси ҳақида фахрланиб гапирмайдиган одам бўлмаса керак. Айниқса мен ўзимнинг ота-онам билан фахрланаман. Чунки иккаловларининг менга берган тарбиялари орқасидан ҳаётда ўзимнинг ўрнимни топиб, бахтли ҳаёт кечираяпман. Бунга, албатта, ота-онам сабабчи бўлишган. Онам - Ойша Тўраева профессорлар. Низомий номидаги университетда кўп йиллар педагогика соҳасида ишлаб, педагогикадан дарс берганлар. Кафедра мудири, декан ва бошқа ҳар хил лавозимларда ишлаб, бутун умрларини шу педагогикага бағишлаганлар. Онамнинг қилган илмий ишлари ҳам, амалий ишлари ҳам бола тарбиясига бағишланган. Биз оилада беш ўғил бўлганмиз. Ўғил болаларни тарбия қилиш қанчалар қийинлигини мана бугун - ўзимиз ота-она бўлиб, фарзанд катта қилганимиздан кейин билдик. Ота-онамиз қандай қилиб бизни тўғри йўлга солганларига ҳали-ҳали ҳайрон бўламиз. Шу ёшликдан ота-онамиз бизга ишларни тақсимлаб берганлар, навбатчиликлар ташкил қилганлар. Ким бугун идиш-товоқ ювади, ким уйни йиғиштиради, ким бугун овқат қилади - белгилаб қўйилган. Оилада қиз бола бўлмагани, ҳаммамиз ўғил бола бўлганимиз учун уйдаги ҳамма ишни бажарганмиз - уй иши борми, ҳовлини иши борми, бешта ака-ука навбатчилик, бир-биримизга ёрдам бериб қилганмиз. Овқат пишириш, кийим ювиш, кийимларни дазмоллаш ишларини бизга ота-онамиз ўргатган. Мен ҳатто 7 ёшдаги қиз болаларнинг овқат пишира олишини билмайман. Лекин менинг 7 ёшимда овқат пишириш қўлимдан келарди. Ҳеч ким айтмаса ҳам, уйда ҳеч ким бўлмаса ҳам, мактабдан келган киши ўзининг вазифасини бажарар эди. Биз ана шундай тарбия топган эдик. Отамлар ҳам педагогика университетида дарс берганлар. Кўп йиллар катта ўқитувчи бўлиб ишладилар - улар сопромат, машина, теплотехникадан дарс бериб келганлар. Отамиздан физика қонунларини, автоматизацияни ўрганганмиз. Уйда автоматизация деган нарса отамиздан келиб чиққан, ҳали бизнинг уйларимизга газ келмаган пайтида буғ билан уй иситишни йўлга қўйганлар. Отам ўзлари буғ қозонини ясаган эдилар. Уйда кўп нарсалар автоматлаштирилган эди. Ана шу нарсаларни кўриб, уларга қизиқиб, ёшлигимиздан ўзимиз моделлар, ракеталар ясаганмиз. Физика тўгаракларига, физика бўйича олимпиадаларга қатнаб, қизиқишим кучайиб кетиб қолиб, мен ўрта мактабни Тошкентнинг Кўкчасидаги физика-математика махсус мактабида тамом қилганман. Ота-онамнинг менга ҳаётни тўғри кўрсатиб беришганидан, ёшликдан тарбиямизнинг тўғри бўлганидан, оқ-қорани танитганларидан доим улардан миннатдор бўламан.
Би-би-си: Фарзандларингизнинг сизнинг изингиздан боришларига нима сабаб бўлган?
Дилмурод Иргашев: Балки бу менинг таъсирим бўлса керак, болаларим ҳам медицина соҳасига кириб кетишди. Катта ўғлим Хуршиджон Тошкенот Давлат Медицина академиясини битириб, магистратурага кирди. Мана бу йил урология бўйича магистратурани тугатаяпти. Унинг илмий ишлари бор. Кўп мақолалари чиқаяпти. Қизим Камолахон ҳозир Америкада таҳсил олаяпти. Шифокор бўлишга аҳд қилган. Ҳозир фарзанди бор. Энг кичкина қизим Иродахон Тошкентдаги медицина коллежини тамом қилди. У компютерларни жуда яхши кўради. Кейин компютер томографияси ва магнит резонанс томография бўйича операторлар курсида ўқиди. Ҳозир медицина ва компютер мутахассиси бўлган. Фарзандини қараб уйда ўтирипти, бироздан кейин яна ўқишини давом эттиради, деган умидимиз бор. Наргизахон - менинг турмуш ўртоғим - бутун умр менинг ёрдамчим бўлиб келаяптилар. Мен у кишини эркалаб "ёстиқчам" деб атайман. Турмуш ўртоғимнинг асл касблари педагог. Рус тили бўйича. Бир неча йил мактабда ишладилар. Кейин бизнинг ишларимиз кўпайиб кетганидан кейин болалар тарбияси ва кўпроқ менга ёрдамчилик билан шуғулланадилар.
Би-би-си: 2007 йилда Жанубий Африкадаги СПИД бўйича мутахассислар суннат қилдиришнинг бу касалликка қарши курашда самарали, деган фикрга келганлар. У ерда ўтказилган тадқиқотларга кўра, суннат қилиш СПИДга олиб борадиган ВИЧ вирусини юқтириш хавфини 60 фоизга камайтирар экан. Сиз бу масалани ўрганганмисиз? Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?
Дилмурод Иргашев: Албатта, бу соҳадаги ҳар бир олим нашрларни, чиқаётган мақолаларни кўриб боради. Жинсий алоқалардан юқадиган касалликлар ҳақида эски мақолалар ҳам бўлган. Ҳамма касалликлар, яъни тез-тез учрайдиган сўзак ҳам, сифилис ҳам, бошқа вирус касаллиги, ВИЧ касаллиги ҳам кимда суннат қилинган бўлса, бу касалликларга кам чалиниши ўша мақолаларда айтиб берилган. Энди 60 фоиз деб ёзилган нашрлар бор, баъзи бир авторларда ундан ҳам катта рақам берилган. Энди ҳозир кўпроқ олимларнинг фикри бўйича ўртача яримдан кўп ҳолатда агар суннат қилинган бўлса, бу касалликка кам чалинади, деб кўрилади. Бу фикрга қўшиламиз. Мен бунинг сабабини айтиб бермоқчиман: ўзи касаллик юқиши учун нима бўлиши керак? Эшик, дарвоза бўлиши керак. Дарвоза, эшик нима дегани? Терида кўзга кўринмас қирилиш ёки шилиниш оқибатида дарвозалар пайдо бўлади. Шунинг орқали инфекция кириб кетиб қолади. Шунинг учун касалликни юқтирадиганлар сони кесилмаган, суннат қилинмаганларнинг орасида кўп. Ҳозир шу мақолаларни ўқиган, шундан хабари бўлган кўп-кўп инсонлар, мана масалан биздаги корейс миллатига мансуб кишилар, бошқа миллатга мансублар ҳам келиб, биз уни circumcision деймиз, суннат қилдириб кетишади.
Би-би-си: Сизга бермоқчи бўлган кейинги саволимиз ўзбек халқимизнинг ўзига хос маданияти ва ҳаётий муҳим масала ҳисобланадиган жинсий тарбия ҳақида. Халқимизда анчагина кўп масалаларни, мана шу жинс билан боғлиқ савол-жавобларни, мавзуларни гапирмаслик афзал кўрилади. Бу бизнинг одоб-ахлоқимизга тўғри келмайди, дейилади. Айни пайтда жинсий тарбия маъносида ниманидир билиш, мана ҳозир сиз айтгандай жиҳатларини одамларга хабардор қилиш эҳтиёжи ҳам бор. Бу масалага сизнинг муносабатингиз қандай?
Дилмурод Иргашев: Менинг муносабатим шундайки, агар инсон организми учун табиий нарса бўладиган бўлса, буни инсон яхши билмоғи керак. Одамдаги жинсий ҳаёт инсондаги овқатланишга ўхшаган физиологик ҳолатларки, одам бу нарса билан яшар эканки, бу нарсани жуда ҳам яхши билмоғи керак. Мен мисол қилиб айтмоқчиман: мана аёл киши ҳар йили туғаяпти. Мен бу нарсани ҳар куни кўрганим учун айтаман. Бешта бола туғиб кетди, мен унга айтаяпман: "сақлансангиз бўлмайдими?" Олий маълумотли аёл. Сақланишни билмайди. Буни ким ўргатади? Мана шу жинсий тарбия эмасми биринчи бўлиб? Уни ёшликдан, келин бўлишидан олдин ўрганиши керак-ку сақланишни. Ҳамма нарсадан сақланишни. Ўша ҳомиладан ҳам сақланишни, гигиенани ҳам, жинсий гигиенани ҳам, ҳаммасини. Масалан, ёш болани ҳожатхонага бориб келганидан кейин ҳамма ёғини ювиб, мустаҳаб, деймиз, тозалаб чиқишини нима деймиз? Гигиена деймиз. Буни билиши керак. Кейин қиз болаларни гигиенаси... Ўзини қанақа тутиш керак? Нима бўлиши керак? Бизларда ҳам, Японияда ҳам "Вагинизм" деган нарса кучли экан. Яъни аёл кишида қўрққанидан бутун умр яқинлик қилишдан қўрқиб қолиш, яқинлик қилолмаслик келиб чиқар экан. Бу катта трагедияларга олиб келади-ку. Яъни, биз бу ерда сифат тўғрисида гапирмоқчимиз. Яшаш сифати ҳақида. Яъни, сифатли яшаш мумкин. Бу нарсалар одамнинг ҳаёти сифатли бўлиши учун жуда зарур нарсалар. Бу нарсани жуда яхши билмоқлик керак. Ҳеч қачон бу нарсадан уялиб ёки бир нарса қилиб, докторга борилмаса, инсон ўзига катта-катта муаммолар олиб келади. Демак, ҳар қанақа муаммо бўлганда, ўз вақтида келиб врач билан маслаҳатлашмоқлик керак. Айниқса ҳозир - ХХI асрда. Ҳозир илмимиз юқори, сайтлар бор, компютерлар бор. Одамлар Интернетга кириб маълумот олишлари мумкин. Агар врачнинг ўзига - кўзига қараб айтолмаса, врач билан онлайн орқали мулоқот қилиши мумкин, Интернет орқали билиб олиши мумкин. Яъни, сўрамасдан, ўзига ўзи зиён қилмасдан, албатта, сўраб, тезда ўзининг саволларига жавоб олса, бу оилалар бахтли бўлиб кетади. Шунинг учун менинг фикрим, ҳар доим ота-она тарбияда ўзининг билганларини болаларига ўргатмоқлиги, агар ўзи уяладиган бўлса, мутахассиснинг ҳузурига олиб келиб, мутахассисдан керакли маслаҳатларни олиши керак.
Alisher Ali, Toshkent: Ozbekistonda siz kabi мутахассисlar kam. Shunig uchunmi ko'pchlik shifokorlar bir martalik tekshiruv uchun 300-400 $ olishadi. Bu oddiy ishchiga juda ham ogirlik qiladi. Balkim hayit yoki bayramlarda kam ta'minlanganlarni tekinga tekshiruvdan otkazsa yaxshi bomasmikan?
Дилмурод Иргашев: Жуда ҳам яхши савол. Мен уларга айтиб қўймоқчиман, бизнинг клиникамизда кам таъминланган оилалар учун чегирмалар жорий қилинган. Агар жуда кам таъминланган бўлса, маҳалласидан қоғоз олиб келадиган бўлса, биз бепул ҳам хизмат кўрсатамиз баъзи бир категориядаги одамларга. Бу биринчидан. Иккинчидан, масалан менинг ўзимнинг консультациям қилиб берадиган катта ишларимиз билан бирга 24 минг-32 минг сўм атрофида бўлади. Менимча, сиз айтаётган нарх жуда қиммат. Бунақа пулга фақат оддий эмас, масалан менинг ўзим ҳам борадиган бўлсам, дўхтир мени 300-400 долларга кўрадиган бўлса, қочиб кетиб қолардим. Биласизми, биз врачмиз, биз коммерсант эмасмиз. Биз халққа кўпроқ тўғри, яхши тиббий хизмат кўрсатиш, одамларга тиббий ёрдам бериш тарафдоримиз. Агарда битта-яримта қийналган оилалар ҳузуримизга келмоқчи бўлсалар, бемалол. Катта чегирмалардан фойдаланишлари мумкин ёки мен бепул ҳам беморларни кўриб беришга тайёрман.
Mubina: Ko'proq qaysi ishingiz uchun vaqt ajratasiz: doktorlik yoki kino?
Дилмурод Иргашев: Биласизми, бир эркакка 70 ҳунар ҳам кам. Мен докторлик, актёрликдан ҳам ташқари кўп нарсалар билан шуғулланаман - дизайн, қурилиш ва бошқа нарсаларга ҳам аралашиб юраман. Энди одамнинг ичидаги битта нарса, мен билан бирга яшайдиган нарса, фикр - вақтим камлигидан камроқ ухласам, вақтим кўпроқ бўлса-ю, кўпроқ ўзим хоҳлаган нарсаларимга бағишласам, дейман. Аслида эса ҳамма қилаётган ишларим - бир-биридан дам олдириш бўлади. Масалан, бемор кўрганда ё шифокорликнинг бошқа ишларидан чарчаган бўлсам, ундан кейин ўша куни киносъемкам бўладиган бўлса, бу чарчоқларим бутунлай эсимдан чиқиб кетиб қолади. Мен бутунлай бошқа образга кириб, бошқа одамларни ҳаётида юргандай бўламан. Ана шу ҳолатда мен дам олиб оламан. Бундан ташқари мен спорт билан шуғулланаман. Ҳар куни 1,5-2 соат сузиш билан шуғулланаман. Бу ҳар куни бўладиган нарса. Мана ҳозир озиш тўғрисида ёки тўғри овқатланиш тўғрисида китоблар ёзаяпман. Кўп маслаҳатлар бераяпман. Бу мавзуда, кейин метаболик синдром мавзусида тематик кечалар ҳам ўтказаяпман. Эркаклар қандай овқатланиши керак, деган масалада кўп жойларга бориб лекциялар ўқияпман. Ўзимни қанчалик кўп ишлатиб олсам, шунчалик ҳаётда кўпроқ нарсага улгурсам, деган фикр мени бошқаргани учун ҳамма нарсани қилишга ва ўша нарса билан машғул бўлиб иккинчисига ўтаётган пайтимда дам олгандай бўламан. Лекин уйқуни камроқ ухлаш керак. Шунда одам кўп нарсага эришади, деб биламан. Кўп савол беришади: буларга қаердан вақтингиз етади? Албатта, вақт шунақа нарсаки, у ҳеч қачон етмайди. Вақт етмагани билан ҳаракат қилиб, ҳамма нарсани қилаверасиз-қилаверасиз, ҳамма нарсага улгураверасиз.












