Ўзбекистон океанга йўл очдими?

Юк поезди

Сурат манбаси, Mintrans.uz

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Эроннинг Бандар Аббос портидан юк ортилган поезд яна синов тариқасида Ўзбекистонга етиб келди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабар берди.

Бу Ўзбекистон юк ташувлари учун янги йўналиш очилганини англатади.

Алоқадор мавзулар:

Хабар қилинишича, "O'ztemiryo'lkonteyner" акционерлик жамиятининг 20 та контейнер ортилган поезди синов тариқасида Ҳиндистондан Тошкентгача етиб борган.

Юклар Ҳиндистоннинг Мундра, Нҳава-Шева ва Ченнаи бандаргоҳларигача поездда олиб борилган, сўнг кемада Ҳинд океани ва Араб денгизидан олиб ўтилиб Эроннинг Бандар Аббос портига етказилган.

Ҳиндистондан Ўзбекистонга океан орқали етказилган юк йўналиши

Сурат манбаси, Telegram/"O’ztemiryo’lkonteyner"

Сурат тагсўзи, Ҳиндистондан Ўзбекистонга океан орқали етказилган юк йўналиши

Жами масофа 2673 километрни ташкил этган.

Бу юклар 20 кунда манзилга етказилган, "O'ztemiryo'lkonteyner" АЖ келажакда бу муддатни 15 кунгача қисқартиришни мўлжалламоқда.

Июн ойида "O'ztemiryo'lkonteyner" 39 контейнерга юкланган Хитой маиший техника товарлари Бандар Аббос орқали Ўзбекистонга олиб келинганини хабар қилган эди.

Бандар Аббосга чиқиш, Афғонистонда йўл очиш

Афғонистон Ҳайратонига кириб келган Ўзбекистон локомотиви

Сурат манбаси, AFP

Ўзбекистон жаҳон океанига чиқиш йўли тўрт томонидан ҳам бекилиб қолган мамлакат.

Бу Ўзбекистон экспорти ва импорти баҳолари қимматлашишига олиб келадиган омил.

Шу сабабдан ҳам Ўзбекистон жаҳон океанига чиқишни осонлаштирадиган йўлларни излайди, Каспий денгизи соҳили, Покистон ва Эрон қирғоқларида терминал барпо этишни истайди.

Икки йил олдин Эрон ўз соҳилида Ўзбекистонга порт терминали қуришга рухсат бериши ҳақида хабар қилинган, бу лойиҳа 200-250 миллион долларга баҳоланади.

Аммо бунинг учун Эрон "Зоҳидон-Чобаҳор" темир йўлини қуриб битказиши, Эрон ва собиқ совет республикалари релсидаги фарқ туфайли Эрон-Туркман чегарасида "Тежен-Серахс" вагон ғилдиракларини алмаштирадиган терминал қуриш зарурлиги ҳам айтилади.

Айни вақтда Ўзбекистон Афғонистондан темир йўл орқали юк ташиш ҳам истайди.

Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистонни ўзаро боғлайдиган 700 километрлик Транс-Афғон темир йўлини барпо этиш лойиҳаси зарурлигининг айтилганига анча вақт бўлди, бугунга келиб ушбу лойиҳани уч мамлакат маъқуллаган ва ишчи гуруҳ тузилган.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

8 август куни Ўзбек-Афғон чегарасидаги Ҳайратон станциясидан Афғонистон шимолидаги энг йирик шаҳар Мозори Шарифга тортилган 75 километрлик темир йўлни "Ўзбекистон Темир йўллари" ширкати қайта таъмирлаб ишга туширди.

Афғонистон орқали қурилиши бошланган иккинчи лойиҳа - узунлиги 200 километрдан зиёд Афғонистоннинг Эронга чегарадош Ҳирот шаҳрини улайдиган темир йўл.

Толибон расмийларига кўра, Россия ва Туркия билан биргаликда 47 километрлик темир йўл 53 миллион АҚШ долларига баҳоланаяпти ва уни икки йилда қуриб битказишмоқчи.

Лекин бутун Афғонистон бўйлаб Покистонгача тортиб бориладиган темир йўлни қуриш вақт талаб этади, дейди Кобулдаги миллий темир йўл ширкати вакили Абдулсамий Дурроний.

"Бизнинг хомчўтларимизга кўра, қурилишга уч йилдан беш йилгача вақт кетади. $4-5 миллиард долларини ташкил этиши мумкин. Биз молия масаласини бир неча мамлакат ва молиявий институтлар билан муҳокама қилаяпмиз", деди жаноб Дурроний.

Хитойнинг "Бир қутб, бир йўл", "Бир белбоғ, бир йўл" ёки "Бир макон, бир йўл" деб номланаётган улкан инфраструктура ташаббуси доирасида Хитойни Ўзбекистонга боғлайдиган темир йўл қурилишига ҳам киришилган.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой ўртасида қурилиш бўйича қўшма корхона тузишга келишилди.

Хитой Қашғаридан Ўзбекистон Андижонигача 450 километрлик темир йўл қуриш керак, унинг 280 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтади.

Ушбу лойиҳа 7-8 АҚШ миллиард долларини ташкил этиши мумкин, Хитой товарларини Европага етказиш йўлини қисқартиради, Ўзбекистон имкониятларини янада кенгайтиради деб кўрилаяпти.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002