Британияда ўқиш: Эронга ишқи тушган, Ўзбекистон орзусидаги Мики O'zbekiston Ta'lim Dunyo Yangiliklar

Сейнт Эндрюс университети

Сурат манбаси, BBC Uzbek

    • Author, Комрон Эргашев
    • Role, Буюк Британия

Ўзбекистон ҳукумати олий таълимни дунёнинг илғор университетлари тартибларига мослаяпти, тобора кўп сондаги Ўзбек ёшлари жаҳоннинг энг олди олий ўқув муассасалари имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, нуфузли университетларда таълим олиш имкониятини қўлга киритаяптилар.

Британия университетларида ўқиш имкониятларини излаётганлар ҳам бор, шунинг учун ҳам биз Британия университетлари ва талабалари ҳақида мақолалар тайёрлашга қарор қилдик.

Дастлабки мақоламиз Сент-Эндрюс университети ва талабаси Мики О'Коннол ҳақида.

Сент-Эндрюс университети

Сейнт Эндрюс университети биноси

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Бу йил Буюк Британияда нашр этиладиган нашрлар - The Times and Sunday Times ҳамда Guardian рейтингларида Сент-Эндрюс мамлакатнинг энг яхши университети деб топилди, йиллик рейтинглар ташкил этилганидан буён биринчи, иккинчи ўринларни мунтазам алмашиб келадиган Оксфорд ва Кембриж университетларини ортда қолдирди.

2021 йилги рейтингда ҳам Сент-Эндрюс биринчи ўринни эгаллаган эди.

Университет бу йилги QS World University Rankings халқаро рейтингида ҳам дунёнинг энг илғор 100 университети рўйхатига кирди.

Микидан иқтибос

Сурат манбаси, .

Ҳам қадимий ҳам замонавий даргоҳ

Шотландиянинг Шимолий денгизга туташ шарқий соҳилида жойлашган Сент-Эндрюс шаҳарчасининг дорилфунуни дунёнинг энг қадимги университетларидан бири ҳисобланади.

У 1413 йили ташкил этилган.

Миллий рейтингларда асосий эътибор таълим сифати ва талабаларнинг олаётган таълимидан қанчалар қониқиши каби мезонларга қаратилса, халқаро рейтингларда университет бюджети ва олиб бораётган илмий тадқиқотларига қараб ўрин берилади.

Шунинг учун ҳам бошқа университетларга солиштирганда бюджети бир неча баробар кам Сент-Эндрюс халқаро рейтингларда энг юқори ўринларни эгаллай олмайди.

Аммо жаҳонда университетнинг обрўси баланд ҳисобланади, талабаларининг қарийб ярмини чет элликлар ташкил этади, ҳар олти талабадан бири АҚШ ёки канадалик.

Университет тўрт коллежга эга бўлиб, уларнинг 18 академик мактабида таҳсил берилади.

Сейнт Эндрюс университети биноси

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сент-Эндрюс университети битирувчиларидан олти нафари Нобел мукофоти билан тақдирланган.

Университетни Британия валиаҳд шаҳзодаси Уэлс герцоги Уилям ва рафиқаси Уэлс герцогиняси Кэтрин битирганлар.

Сент-Эндрюс шаҳри голф ўйинининг ватани ҳисобланади.

Сент-Эндрюс университети талабаси Мики О'Коннол билан суҳбат

Савол: Сиз қаерликсиз?

Мики О'Коннол: Менинг отам Янги Зеландиядан, онам Японияда туғилган. Япония ва Янги Зеландия аждодларим ватани, менинг ўзлигим таркибий қисми эканига қарамасдан, мен ўзимнинг уйим деб Дубайни биламан. Чунки мен Дубайда ўсиб вояга етганман.

Университетда нима ўрганаяпсиз ва нега?

Мики О Коннел ва опаси болалигида Эронда тушган сурати

Сурат манбаси, Miki O’Connell shaxsiy arxividan

Сурат тагсўзи, Болалигимизда Эронга кўп саёҳатга борганмиз, дейди Мики

Мики О'Коннол: Мен университетда Форс ва Араб тиллари ҳамда халқаро муносабатларни ўрганаяпман. Бу уч фан орасида менинг энг яхши кўрганим - Форс тили. Эронга қизиқишим болалигимда у ерга қилган саёҳатларимиз туфайли пайдо бўлган. Мен ҳам ота-онамга ўхшаб саёҳат қилишни яхши кўраман. Биз болалигимда Эронга, Бирлашган Араб амирликларига қўшни мамлакатларга кўплаб маротаба сафарга борганмиз. Лекин Эронга, бу мамлакат тилига қизиқишим ортишига эронлик қизни севиб қолганим сабаб бўлган. 17 ёшимда унда ҳамда унинг ота-онасида яхши таассурот қолдириш мақсадида ўзим Форс тилини ўрганишни бошлаганман. Ўша йили Форс тилимни мукаммаллаштириш, Эроннинг ўзида ўрганган тилимни амалда қўллаб кўриш мақсадида ўзим ёлғиз Эронга саёҳат қилдим. Бугунга келиб, у қиз билан бирга бўлмасам-да, Эрон ва Форс тилига иштиёқим ҳамон кучли. Мен Сент-Эндрюс университетини танлаганим сабаби шуки, у дунёдаги Форс тилини ўрганиш имкониятини берадиган кам сонли университетлардан бири ҳисобланади.

Яна бир тил сифатида мен Араб тилини ўрганаяпман. Араб тилини озроқ ўрганганман. БААда ўсиб улғайганимга қарамасдан, Араб тилида мукаммал сўзлашишни ўрганганим йўқ. Келажакда Араб тилида сўзлашадиган мамлакатларга сафар қилганимда бу тилни билишим менга асқотади.

Шунингдек, халқаро алоқаларни ўрганишимга менинг Яқин Шарқ сиёсати, хусусан, Левант ва Эронга қизиқишим сабаб бўлган.

Мики О Коннел Эронда тушган сурат

Сурат манбаси, Miki O’Connell shaxsiy arxividan

Савол: Келажакда нималарни режа қилаяпсиз?

Мики О'Коннол: Мен дипломим учун уч соҳани танлаганим сабаби, келажакда улар менинг ўзимнинг кўнглимга ёққан ишни топишда ёрдам беради, деган фикрдаман. Мен ҳаётимни ўзгалар турмушини яхшилашга, қуруқ гапдан фойдалироқ кўпроқ иш қилишга сарфлашни ният қилганман. Умид қиламанки, хорижий тилларни билишим билан мен Левант ва Эрон минтақаларида яшайдиган одамларга инсон ҳуқуқлари борасида ёрдам кўрсатоламан. Сент-Эндрюсни тугатгандан кейин ҳуқуқшуносликни ўрганиш ҳақида ўйлаб турибман, ҳуқуқшунослик инсон ҳуқуқлари фаолиятимда менга янада асқотиши мумкин.

Савол: Талабаликдаги молиявий харажатларингизни қандай қоплаяпсиз?

Мики О'Коннол: Мен ўзига тўқ оиланинг фарзандиман, ота-онам ўқиш тўловим ва ойлик харажатларимни тўлаб туришади. Мен талабалик пайтим унча кўп пул сарфлаётганим йўқ, чунки Сент-Эндрюс кичкина шаҳар ва бу ерда кўп харажат талаб қилинмайди.

Мики Қатарда футбол бўйича жаҳон чемпионатида тушган сурат

Сурат манбаси, Miki O’Connell shaxsiy arxividan

Бу ерда кайфиятим кўтаринки. Кўчага чиққанимда қуёш, қушлар ва дарахтлар мени қарши оладилар. Дам олиш пайтларимда кўпинча соҳилга бориб ўтириб денгизни томоша қиламан. Бу тинчлик-осойишталик ҳордиқ чиқаради.

Савол: Талабаликни бошлагандан кейин уйни соғинаяпсизми?

Мики О'Коннол: Ҳа. Мен серқуёш Дубайда катта бўлганман. Сент-Эндрюс об-ҳавоси эса кўпинча булутли, ёмғирли. Мен кўчага чиққанда эгнингга кўп кийим талаб қилинмайдиган ҳавони соғинаман. Мени энг ҳайратлантиргани бу ерда қуёшнинг жуда эрта ботиши бўлди. Мен дарсларимни тугатган соат 3 ларда аллақачон қош қорая бошлаган бўлади, бу эса одамни чарчатади. Шунинг учун уйимдаги узун қуёшли кунлар соғинтиради.

Мен ота-онам ва опамни соғинаман, улар ҳақида кўп ўйлайман. Улар билим олишимда мени жуда қўллаб-қувватлашган, шунинг учун уларнинг мен билан фахрланишларини хоҳлайман. Мен яқинларим билан мунтазам видеолашиб гаплашиб тураман. Мен Сент-Эндрюс университетига ўқишга кирганимга хурсандман. Бу ерда мен янги дўстлар орттирдим, ўқишим ўзимга жуда ёқаяпти.

Савол: Шотландия ҳақида таассуротларингиз қандай?

Мики О'Коннол: Мен университетга киришдан олдин Шотландия ҳақида кўп нарса билмасдим. Лекин бу ерга келиб Шотландияни севиб қолдим. Бу ерда табиат гўзал. Инсонларининг муносабати меҳрибон, дўстона. Мен дунёда янада кўпроқ одамларнинг Шотландия ҳақида билишларини истайман.

Мики коллежини тугатганида олган фото сурати

Сурат манбаси, Miki O’Connell shaxsiy arxividan

Савол: Келажакдан сизни энг хавотирга соладиган нарса нима?

Мики О'Коннол: Хайриятки, мен ватаним деб биладиган мамлакатларда тинчлик. Лекин мен бошқа мамлакатларда инсонларга зуғум ўтказилаётгани, урушлардан азият чекаётганларидан ташвишдаман. Шахсан ўзим ҳақида гапирадиган бўлсам, дипломимни қўлга олганимдан кейин иш тополаманми деган хавотир бор. Олган билимим, тарбиям билан бошқаларга наф етказоламанми, дунёни янада яхши томонга ўзгартиришга ҳисса қўшоламанми, деб ўйланаман.

Савол: Ўзбекистон ҳақида сиз нималарни биласиз?

Мики О'Коннол: Ассалому алайкум азиз ўзбекистонликлар. Менинг Ўзбекистондан икки яқин дўстим бор. Мен бошқа мамлакатлар маданиятларига жуда қизиқаман, шунинг учун дўстларимга мамлакатингиз ҳақида тез-тез саволлар бериб тураман. Ўйлайманки, Ўзбекистон ҳақида баъзи маълумотларга эгаман. Ал-Хоразмий, Ибн Сино ва Бобур бугун Ўзбекистон деб аталадиган юртда туғилганлар. Самарқанд ва Бухоро гўзал тарихий маконларга эга шаҳарлар ва мен исломий меъморчиликнинг ашаддий мухлисиман. Бир замонлар Ўзбекистоннинг улкан денгизи бўлган, бироқ афсуски бугунга келиб у қуриб қолган. Ош - Ўзбекистоннинг миллий таоми. Лекин мен ҳали асл Ўзбек паловини татиб кўрганим йўқ. Таъми ўшанга яқин тановул қилганим - Афғон палови. Ўзбекистон тобора кўп сайёҳларни ўзига жалб этаётган мамлакатга айланаяпти, хусусан, Дубайдан ҳам Ўзбекистонни бориб кўришни хоҳлаётганлар кўпаймоқда. Анъанавий Ўзбек миллий кийимларининг ранг-баранглиги мени ҳайратлантиради, айниқса, Ўзбек дўппилари ёқади. Ўзбекистон мени Форс тилини ўрганаётган талаба сифатида ҳам қизиқтиради. Эрон ва Ўзбекистон умумий тарихий алоқаларга эга, чунки улар тарихда кўп империяларнинг таркибида бирга бўлганлар. Шунингдек, Ўзбекистонда салмоқли сонда Тожик аҳолиси бор, мен бир кун келиб Ўзбекистонни бориб кўришни, улар билан Форс тилида сўзлашишни орзу қиламан.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002