Ўзбекистон ва Дунё. Кун саволи: Ҳаж қилиш қийинлашиб бормоқда – ким ҳожи бўла олади? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Салли Набил
- Role, ББС Араб хизмати, Қоҳира
Бу йил миллионлаб мусулмонлар Ҳаж зиёратини адо этиши кутилмоқда, бироқ қурби етганларгина бу зиёратга боради.
Алоқадор мавзулар:
Мисрда Ҳаж қилиш 6000 АҚШ долларига тушмоқда. Ҳаж зиёрати кўпчилик учун "орзуга" айланган.
Йиллик Ҳаж зиёрати якшанба куни Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида бошланди ва миллионлаб мусулмонлар бу амални адо этиши кутилмоқда.
Аммо нархларнинг глобал ўсиши туфайли бу зиёрат ҳам бутун дунё бўйлаб кўплаб мусулмонлар учун борган сари қийинлашиб бормоқда.
"Бу йил банд қилувчилар сони сезиларли даражада камайди. Кўпчилик учун бу жуда қиммат", - дейди Қоҳирадаги хусусий туроператорнинг ҳаж зиёратини ташкил этиш билан шуғулланувчи вакили.
У мамлакатдаги иқтисодий вазият ҳақидаги танқиди учун зарар кўришидан қўрқиб, исми сир қолишни сўради.
Мисрдан Саудия Арабистонига давлат ҳомийлигидаги энг арзон сафар ҳозирда тахминан 6000 долларга тушади, бу ўтган йилгидан икки баравар кўпдир.
Аҳолиси энг кўп араб давлати бўлмиш Мисрда кўплаб мусулмонлар муқаддас Макка шаҳрига йўл ҳақини тўлашга қийналмоқда.
Ҳаж исломнинг бешта асосий рукнидан биридир. Бу йил у Григорий тақвими бўйича 2023 йилнинг 26 июнидан 1 июлигача давом этади.
Мусулмонлар, агар жисмоний ва молиявий имкониятга эга бўлса, умрларида камида бир марта ҳаж қилишлари шарт.

Сурат манбаси, .
Ҳаж менинг орзуим
Мисрда нархларнинг ошишига маҳаллий валютанинг кескин девальвацияси сабаб бўлмоқда.
2022 йил март ойидан бери Миср жунайҳи долларга нисбатан 50 фоиздан ортиқ қийматини йўқотди.
Оқибатда яшаш нархи кескин ошди, Миср аҳолисининг қарийб 30 фоизи топганини егуликка аранг етказади.
Мисрлик нафақадаги давлат хизматчиси Фарида Маккага бориш учун беш йил пул тўплади: "Тўплаганларим йўл ҳақига етмайди. Нархлар рўйхатини кўриб, ёқа ушладим, - дейди у.
Фарида (исми ўзгартирилган) бева ва беш фарзанднинг онаси. У шунингдек, яшаш нархи ошишини очиқ танқид қилишни истамагани учун аноним қолишни хоҳлади.
Нега Ҳаж зиёратини адо этмоқчи эканлигини сўраганимизда, у шундай жавоб берди: "Бу менинг орзуим. Ҳаж руҳни поклайди".
Болаларининг ҳаммасининг ўз турмуши бор. "Ижтимоий ва молиявий масъулият елкамдан соқит бўлди, - дейди у. - Ҳажга бориш вақти келди".
Фарида йилнинг исталган вақтида амалга оширилиши мумкин бўлган умра зиёратига илгари тўрт марта борган.
"Ҳаж визаси ўрнига мен уч ойлик туристик виза олдим ва ҳаж мавсуми бошланишига бир ой қолганда Маккага етиб келдим", дейди у.
Фарида тизимдаги бўшлиқдан фойдаланган: "Бу мендаги ягона имконият", дейди у.
Унинг бу йўл билан Маккага қилган сафари Ҳажнинг ҳозирги нархидан 80 фоизга арзонроқ эди".
Ҳаж субсидиялари

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳаж дунёдаги энг йирик диний йиғинлардан бири бўлиб, ҳар йили Саудия Арабистонининг муқаддас қадамжоларига бир ярим миллиондан икки миллионгача зиёратчи келади.
Фақат 2020 йилда Ковид-19 пандемияси туфайли чекловлар қўйилган эди.
Саудия Арабистони ҳар бир давлат учун квота ажратади.
Энг катта квота 270 миллиондан ортиқ аҳолига эга Индонезияга ажратилган, дунёдаги энг кўп мусулмон яшайди бу ерда. Жакарта учун квота 220 000 дан ортиқ.
Ўтган йили Ҳаж зиёрати нархини тахминан 60 фоизга субсидия қилган Индонезия ҳукумати бу йил бу ставкани 50 фоиздан пастга туширишга қарор қилди. Энди ҳар бир зиёратчи тахминан 3000 доллар сарфлашга мажбур.
Яманлик зиёратчилар

Сурат манбаси, Getty Images
Муқаддас сафарнинг молиявий харажати бутун дунё бўйлаб кўпчилик учун тўсиқ бўлса ҳам, Саудия Арабистонининг урушдан вайрон бўлган қашшоқ қўшниси Ямандаги мусулмонлар учун ишлар янада қийинроқ.
2015 йилдан бери Саудия Арабистони Эрон томонидан қўллаб-қувватланган Ямандаги ҳусий жангари гуруҳига қарши ҳарбий коалицияга раҳбарлик қилмоқда. Бу уруш дунёдаги энг йирик гуманитар фалокатлардан бирига олиб келди.
Икки томон ўртасида уруш бошланганидан бери яманлик зиёратчилар ҳаж зиёратини адо этиш учун биринчи марта тўғридан-тўғри Саудия Арабистонига учди.
Давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар туфайли тижорат рейслари мавжуд эмас. Пойтахт Сано 2014 йил сентябридан бери ҳусийлар назоратида.
Бугунги кунда Яманда Ҳажнинг ўртача нархи 3000 долларни ташкил қилади.
"2016 йилда мен бу нархнинг ярмидан камроғига Ҳаж қилганман, ҳозир бу мен учун ҳам жуда қиммат", дейди яманлик журналист.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

















