You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Янгиланди, Ўзбекистон: Омбудсман Бўкадаги ИИБ қурбони бўйича муносабат берди, қийноқлар давом этаётганини айтди - Видео
Бўка фожиасига муносабат билдирган Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) расмийларни куч ишлатган ходимларни "қатъий жазолаш"га чақирган, тизимдаги "зўравонлар ва сусткашлардан" воз кечиш кераклигини таъкидлаган.
Инсон ҳуқуқлари топталишига оид сўнгги кунлардаги мудҳиш хабарларга тезкорлик билан муносабат билдирмаган Омбудсманнинг 7 июнь куни эълон қилинган баёнотида бу ҳолатлар "назоратга олиниб ўрганилаётгани" маълум қилинган.
"Лекин, куни кеча Бўкада содир бўлган ҳолат суд-тергов жараёнларида қийноқ деб аталмиш иллатга ҳали ҳануз йўл қўйилаётганлигини тасдиқлайди", дейилади расмий муносабатда.
Қийноқ "кўплаб ривожланган давлатларнинг ҳам глобал муаммоларидан бири" эканини таъкидлаган Омбудсман тизимда ҳануз муштумзўр ходимлар мавжудлигини "ачинарли" дея атаган.
Баёнотда расмийлар тизимдаги ходимлар малакаси ва фаолиятини бирма-бир таҳлил қилиши зарурлиги тилга олиниб, хизмат фаолиятида руҳий ва жисмоний қийноққа йўл қўяётган ходимлар фуқароларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга нисбатан ишончсизликни юзага келтириши ҳақида сўз боради.
Бундан аввал Бўка туман ИИБ биносидаги аёвсиз калтаклардан вафот этган эркакнинг туғишган укаси ҳам қийноқларга тутилганини даъво қилган, бир вақтнинг ўзида, Би-би-сига мазкур воқеани ёритишга ҳаракат қилган қатор интернет нашрлари ва телеканаллар босимга учраётгани тўғрисида хабарлар келиб тушган эди.
Би-би-сига маълум бўлишича, мавзуни ёритган қатор маҳаллий матбуот вакиллари 6 июнь кечга томон "идора"га чақиртирилган.
Маҳаллий фаоллар, одатда, "идора" деганда ДХХни назарда тутади.
Айни куни Бўка воқеаси ёритилган Daryo.uz материали нашрнинг веб-сайти ва YouTube каналидан ўчириб ташланган.
Бир вақтнинг ўзида, сешанба куни Би-би-си билан гаплашган Бўкадаги ИИБ қурбонининг туғишган укаси ўзи ҳам жиддий қийноқларга тутилганини даъво қилди.
Шу билан бирга, марҳумнинг яқинлари ҳолат бўйича янги тафсилотларни ўртага чиқарди.
ИИВ ахбороти
5 июнь куни Ички ишлар вазирлиги кўп кузатилмайдиган ҳолда тизимга мансуб бинода тергов қилинган фуқаро қийноқлар туфайли оламдан ўтганини хабар қилди.
Расмий хабарда воқеа 3 июнь куни Бўка туман ички ишлар биносида содир бўлгани айтилади.
Шу куни "бир неча ўғирликда гумонланган" 36 яшар фуқаро тезкор қидирув ходимлари томонидан тергов қилинган, ярим тунга яқин унинг соғлиги ёмонлашган ва эркак касалхонада вафот этган.
Вазирлик, шунингдек, ҳолатга алоқадор икки ходим тизимдан ҳайдалгани, экспертиза хулосаларига қараб, уларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилишини қўшимча қилган.
Терговнинг холис ўтишини таъминлаш мақсадида Бўка туман ички ишлар бўлимининг раҳбар ходимлари лавозимидан озод қилингани билдирилган.
Бу воқеа Чилонзор туман ички ишлар бўлимида тергов қилинган 21 яшар Ҳафизуллоҳ Турғунбоевнинг ўлими муҳокамаси ҳали совимасдан туриб содир бўлгани сабаб жамоатчилик эътиборини тортди.
Аввалига, ҳолатга оид бир қатор норасмий хабарлар тарқалган.
Бундай хабарларда айтилишича, лўли миллатига мансуб эркакнинг ўлимидан сўнг унинг "юзлаб" яқинлари туман ИИБ биносига бостириб кирган, ичкаридаги нарсаларни уриб синдирган.
Хабарларда айнан яқинларининг бундай кескин норозилиги туфайли ҳам Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти эркакнинг ўлими бўйича ходимларга жазо чоралари кўришга мажбур бўлгани айтилган.
Кейинчалик тарқалган видеода марҳумнинг яқинлари ҳақиқатан ИИБ биноси олдига тўплангани, аммо уларнинг сони анчайин кам бўлгани ва жиддий тартиббузарлик содир этилмагани кўринади.
Алоқадор мавзулар:
"Қийноққа солинган" ука
ИИВ хабарида марҳумнинг шахси очиқланмаган, фақат у Юқори Чирчиқ туманида яшагани тилга олинган.
Би-би-си марҳумнинг оиласида бўлиб, яқинлари билан суҳбатлашди.
Қариндошлар мудҳиш ҳолатнинг жамоатчиликка номаълум тафсилотларини сўзлаб берди.
Маълум бўлишича, марҳумнинг исми Усмон Салимбоев.
Лўли миллатига мансуб Салимбоев, асосан, темир-терсак, баклажка териш билан рўзғор тебратган.
Яқинлари 1987 йилда туғилган, 4 фарзанднинг отаси Усмон Салимбоев, ҳақиқатан, Бўка туманида икки бош мол ўғирлагани ва терговдан яширинганини айтади.
Иддао қилинишича, эркакни излаб топа олмаган ички ишлар ходимлари май ойининг ўртасида унинг ўғирликка алоқаси йўқ 26 яшар укаси Аслиддин Салимбоевни олиб кетганлар ва яқинларига тўнғич Салимбоев терговга келмагунча укасини қўйиб юбормасликларини айтганлар.
"Ўша куни уйда усталар ишлаб ётувди. [ИИБ ходимлари] усталарни рўйхатга қўйиш керак деб алдаб машинам билан олиб кетди. МФЙга бордик. У ерда база ишламаяпти, деб ўзимизнинг [Юқори Чирчиқ] РОВДга олиб борди. У ерда қўлимга кишан солиб мени урди. "Аканг билан шериксан, мол ўғрисисан, лўлисан", деган туҳматлар билан қийнади. Ўша ердан кейин машинага солиб, Бўка туманига олиб кетди", сўзлайди кенжа Салимбоев.
Аслиддин Салимбоев қийноқлар Бўка туман ИИБда ҳам давом этганини таъкидлайди.
"Ўша ерда ҳам "акангга шериксан", деб бошимга целлофан кийдириб қийнади".
Кенжа Салимбоев Бўка туман ИИБда ўтган икки кун давомида қийноққа солинганини даъво қилади.
Оила аъзолари тезкор қидирув ходимлари улардан Усмон Салимбоевни бўлимга етказиб олиб келишни сўрагани ҳамда ўзига нисбатан бирор жиддий гумон илгари сурилмаган кенжа Салимбоевни қўйиб юбориш эвазига пул талаб қилгани ҳақида гапиради.
"Аввалига 50 миллион сўм сўрашди. Бизда бунча пул йўқлигини айтдик. Қанча бероласанлар, дейишди. Охири 10 миллионга кўнишди. Жиянимни қутқариб олиб келиш учун ҳам айтганларини Бўкага олиб бориб бердим. Ўша ердаги бир кафеда пулни бердим", дейди ака-укаларнинг яқин қариндоши.
Яқинлар ҳозирда ушбу қариндошга нисбатан ЖКнинг 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши очилгани ва айни иш орқали ИИБ ходимлари оилага босим ўтказиб, муроса қилишга мажбурлаётганини иддао қилади.
Уларнинг иддаосича, орган ходимларининг талабларидан бири - бу фожиа тўғрисида жамоатчиликка гапирмаслик.
Би-би-си мухбири 6 июнь куни давомида ИИБ ходимлари оила аъзоларига бир неча бор қўнғироқ қилиб, улардан журналистларни тезроқ ҳовлидан чиқариб юборишни талаб қилганига гувоҳ бўлди.
ИИБдаги ўлим
"Икки кундан кейин қўйворишди. РОВДдагилар нима бўлганини кимгадир айтсанг, топиб келиб, қамаб қўямиз, деб қўрқитди. Калтакланганимни ҳеч кимга айтмадим, лекин кечалари аҳволим ёмонлашаверганидан кейин уйдагиларга бўлган воқеани гапириб бердим. Орада бироз даволаниб чиқдим", давом этади Аслиддин Салимбоев.
Би-би-сига тақдим этилган видеода унинг танасида қийноқдан қолган изларга ўхшаш тасвирларни кўриш мумкин.
"Бу орада акамни РОВДга боришга кўндирдим. Молларни жойига қайтарди ва 3 июнь адвокат билан бирга бордик. Акам айбига иқрор бўлди, икковимизни алоҳида сўроқ қилди. Адвокатни мажбурлаб чиқарворди. Мени аканг билан кўриштирамиз деб ярим тунгача ушлаб турди. Лекин кўрсатмади - билсам ўша вақтда акам ўлган экан".
Оила Усмон Салимбоев айбига иқрор бўлган бўлса-да, нега қийноққа солингани сабабини билмаслиги, аммо Бўка туманида содир этилган бошқа мол ўғирлаш жиноятларини ҳам унинг бўйнига қўйишга уринишгани ҳақида эшитганини билдиради.
Би-би-си ихтиёридаги видеода марҳум танасининг қўл, бош, бел қисмларида тан жароҳатлар борлиги кўринади.
Шу билан бирга оила Салимбоевнинг ўлими тўғрисида расмийлардан ўз вақтида бирор хабар келмаганини таъкидлайди.
"Эрталаб адвокатимиз билан бордик. Ичкарида суд бўляпти, деган баҳоналар билан бизни киргазишмади. Бу орада ўзимизнинг тумандаги моргда ишлайдиган танишимиз Усмоннинг мурдаси шу ерга олиб келинганини хабар қилиб қолди. Тонг саҳарда кўчадан топиб олдик, деб ташлаб кетишган экан. Буни эшитгач, жаҳл билан 30-40 киши бўлиб Бўкага бордик, маълумот беришларини талаб қилдик", дейди қариндошлардан бири.
Ҳозирда, Би-би-си марҳум Усмон Салимбоевнинг яқинлари юқорида келтирган иддаоларни мустақил текшириш имконига эга эмас ва бу борада расмийларнинг муносабатига очиқлигини яна бир бор эслатиб ўтади.
Расмийлар изоҳи
Бунга қадар ИИБ бинолари билан боғлиқ инсонлар ўлими шов-шувга айлангандан сўнггина расмий баёнот бериб келган ИИВ Бўка воқеасида тезкорлик билан ахборот эълон қилди, фожиада ўз ходимлари қўли борлигини тан олди.
Би-би-си билан суҳбатда Тошкент вилоят ИИББ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов мазкур тезкорлик сабабини "очиқлик сари интилиш" дея атади.
Шунингдек, у қариндошларининг норозилиги ортидангина тизим ҳолат бўйича чора кўриш тараддудига тушгани тўғрисидаги хабарларни рад этди.
"Аввало яқинларга таъзиямизни изҳор қиламиз. Тезкор ходимларнинг ҳатти-ҳаракатида ноқонунийлик бўлганини тан олдик. Бу ерда энди вақт масаласига қарасангиз, мавҳум савол пайдо бўлади. Ишни ёпди-ёпди қилишмоқчи бўлган, дейиляпти. Лекин бунга етарли вақтнинг ўзи бўлмаганда. Воқеа кечқурун содир бўлган, эрталаб келган яқинларига бу ҳақида баёнот берилган".
Би-би-си Аслиддин Салимбоевнинг ҳам қийноққа солингани ва бу борада иш очилмагани тўғрисидаги иддаолари бўйича Ички Иишлар вазирлигига мурожаат қилди.
"Ҳолат тўлиқ (шу жумладан А.Салимбоевнинг шикояти) прокуратура органлари томонидан ўрганилиб, вазиятга ҳуқуқий баҳо берилади. Хозирда ҳамма экспертизалар тайинланган. Тергов олиб бориляпти. Иш очилмаган дейиш нотўғри", дея жавоб қайтарди вазирлик матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов.
6 июнь куни Kun.uz нашри ўзининг ички ишлар органларидаги манбасига таяниб, Тошкент вилоят ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ортиқ Худойбергеновнинг "бевосита ва билвосита қўллови ортидан вилоятдаги жиноят қидируви хизмати ходимларининг кўплаб ғайриқонуний ишларига кўз юмилаётгани" ҳақида ёзган эди.
"Тошкент вилояти ИИБнинг жиноят қидируви йўналишига 5 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган Ортиқ Худайбергенов - Ўзбекистон президентининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергеновнинг ўғли ҳисобланади", эслатади Кун.уз ўз мақоласида.
Ғиёсов мазкур фожиани ёритган журналист-блогерлар ИИВ ёрдамида ДХХ томонидан босимга учраётгани тўғрисида пайдо бўлган хабарлар ва Ортиқ Худайбергенов вазирлик номидан босимларга "бош-қош" бўлаётганига оид маълумотни "нохолис ахборот" дея атади.
"ИИВ холисликни таъминлаш ва маълумотларни бузиб талқин қилишларнинг олдини олиш мақсадида воқеа билан боғлиқ барча маълумотларни биринчи бўлиб жамоатчиликка тақдим этди. Жазоланганлар бўйича ҳам баёнот берди. Қолган масалалар тергов якунига кўра ошкор бўлади".
"Унга босим қилинаётганини блогер ёки журналист ёритса, ходим жазоланади", қўшимча қилди у.
Шунингдек, ИИВ матбуот котиби ўтган йил кузида Қўқондаги тизим биносидан мурдаси чиққан 15 яшар ўсмир ва май ойида Чилонзор туман ИИБ биносида тергов қилинган 21 яшар йигитнинг ўлими юзасидан ахборот ўз вақтида берилмаганини тан олди.
"Қўқонда бўлган ҳолат ва куни кеча Чилонзорда бўлган ҳолатларда, биз ўз вақтида жамоатчиликка етарлича ахборот бермаганимиз ортидан турли миш-мишларни келиб чиқишини гувоҳи бўлдик. Тезкор ва ишончли маълумот тарқатишдан биз ўзимиз манфаатдормиз".
7 июль куни Тошкент вилояти прокуратураси Бўкадаги фожиага алоқадор икки нафар тезкор ходим қамоққа олинганини хабар қилган.
"Мазкур ҳолат вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган бўлиб, терговни чалғитувчи, миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз маълумотларга ишонмасликларингизни ҳамда расмий манбалар орқали берилаётган маълумотларга таянишингизни сўраб қоламиз", жамоатчиликка мурожаат қилди вилоят прокуратураси.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.