Янгиликлар: Лондонда ҳалол сармоя ҳақидаги китоб тақдимоти O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, .
Лондонда "Бошловчилар учун ҳалол сармоялаш" (Halal Investing for Beginners) китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Китоб муаллифлари "Исломий молия олими" деб эркин таржима қилиш мумкин бўлган Islamic Finance Guru - IFG- IFG веб-сайтининг асосчилари Иброҳим Хон ва Муҳсин Пател.
Муаллифларнинг ҳам IFG cайтида, ва ҳам ўзларининг янги нашр этилган китобида таъкидлашларича, кўзлаган мақсадлари - дунё бўйлаб мусулмонларнинг молиявий бақувват бўлишларига кўмаклашиш.
Алоқадор мавзулар:
Ёш ташаббускор ва тадбиркорлар бу йўлда маърифий ёндашувни биринчи ўринга қўядилар.
"Аксар мусулмон сармоядорлар бозордаги "ахлоқий" ёки "ESG"(Атроф-муҳит, Ижтимоий, Бошқарув) деб ёрлиқ қўйиладиган кўплаб анъанавий инвестицион маҳсулотларнинг ҳалол инвестиция деб таснифланмаслигидан бохабар эмаслар", дейилади "Бошловчилар учун ҳалол сармоялаш: Ўз ҳалол инвестиция портфолионгизни қандай қилиб бошлаш, ўстириш ва кенгайтириш йўли" деб номланган китобда.
"Кўплаб сармоядорлар дуч келадиган мушкуллик шундаки, қайси сармояга исломий қонунлар рухсат берадию, қайси сармоя тақиқланган - аниқ-тиниқ ажратиб олишда. Шунинг учун ҳам мусулмон инвесторларга осон йўл-йўриқ кўрсатадиган йўл харитасига эҳтиёж бор", дейилади китоб тақдимномасида.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Китоб тўрт қисмдан иборат.
Биринчи қисм "Сармоя киритиш ва шахсий молия асослари" деб номланади.
Иккинчи қисмга "Ўз инвестиция стратегиянгизни қандай қилиб ривожлантириш мумкин?" деб ном берилган.
"Сармоя ва оммабоп инвестиция категорияларини танлаётганда шариатни инобатга олиш" деб аталади китобнинг учинчи қисми.
Тўртинчи қисмнинг номи "Қандай қилиб мустаҳкам портфолиони барпо этиш".
Исломий молиянинг глобал молия дунёсидаги улуши ҳамон кичик бўлса-да, у энг тез ўсиб бораётган соҳа ҳисобланади.
Ўзбекистонда ҳам Исломий молияни ривожлантириш мамлакат иқтисодиёти учун муҳимлиги кўп марта таъкидланган, бироқ бугунгача бу йўналишдаги ишлар асосан Исломий молия нима эканлигини тушунтириш мақсадидаги маърифий фаолият билан чекланиб турибди.
Бундай фаолиятни юритаётганлар ҳам ўз ташаббуси билан мамлакатда исломий молияси ривожига ҳисса қўшишни истаётган инсонлардир.
Айрим Исломий молия хизматларини йўлга қўйиш уринишлари бошланган.
Ўзбекистондаги тадқиқотлар инсонларнинг исломий банк хизматларига қизиқиш юқори эканини кўрсатади, аммо шу вақтгача исломий молия учун зарур қонунчилик асоси барпо этилмаган.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002

















