Ўзбекистон-Қирғизистон: Садир Жапаров фармон имзолади – Бишкек яқинида ўзбек автомобиллари ишлаб чиқарилади O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
20 апрель куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўзбек-қирғиз автозаводига оид фармонга имзо чеккан. Заводда 19 русумдаги автомашиналар ишлаб чиқарилади, енгил автомобилларнинг нархи $13 мингдан бошланади.
Пайшанба куни президент Жапаров Ўзбекистон билан бирга автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга оид қонунни ратификация қилган.
Бу ҳақда мамлакат президенти администрацияси хабар берган.
Қирғиз парламенти 15-март куни мазкур қонунни қабул қилган эди.
Қирғизистон матбуотининг хабар беришича, завод Бишкекдан унча узоқ бўлмаган Сокулук туманида қурилади, илк автомобиль эса конвейердан июль ойида чиқиши кутилмоқда.
Chevrolet, Daewoo, Isuzu
Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги маълумотига кўра, лойиҳага киритилаётган умумий инвестиция миқдори $50 миллионни ташкил этади.
Алоқадор мавзулар:
Заводда Chevrolet, Daewoo ва Isuzu маркаларининг жами 19 русумдаги енгил ва юк автомобилларини йиғиш режалаштирилган.
Лойиҳа уч босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда 10 минг донага яқин автомашина ишлаб чиқарилиши ва линиядан биринчи чиқадиган машина Cobalt бўлиши хабар қилинган.
Маълумотларга кўра, биринчи босқичда автомашиналарни йиғишда зарур қисмлар ташқаридан олиб келинади, иккинчи босқичда эса заводнинг ўзида бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Иккинчи босқичда 20 минг, ишлаб чиқаришнинг олтинчи йили - учинчи босқичда эса 30 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилиши кўзланган.
Лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон томондан "Ўзавтосаноат", Қирғизистон томондан эса "ДТ" "Техник" ва "Нур" компаниялари иштирок этади.
"ДТ" "Техник" компанияси бошқарув раиси Фарҳод Досматов ишлаб чиқарилажак енгил автомобиллар нархи $13 минг, юк машиналариники эса $28 мингдан бошланишини билдирган.
Қирғизистон иқтисодиёт вазири ўринбосари Айнура Усенбекованинг сўзларига кўра, ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи компанияларга ҚҚС ва бож тўловидан озод этиш, автокредитларни молиялаштиришга маблағ ажратиш каби имтиёзлар берилади.
"Нимадир қилишимиз керакку!"
Шавкат Мирзиёевнинг январь ойида қўшни давлатга ташрифи чоғида икки томон биргаликда автомобиль ва тижорий техника ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилиш бўйича келишув имзолаган эди.

Сурат манбаси, Gov.kg
Айрим қирғиз расмийлари мамлакат саноатини турғунликдан қутқариш учун ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик кучайтирилаётгани, қўшни мамлакат тажрибаси ўрганилаётгани ҳақида гапирган.
Март ойи ўртасида маҳаллий радиога интервью берган Ўзбек-қирғиз тараққиёт фонди бошқарув раиси Азиз Аалиев агар Ўзбекистон билан ҳамкорликка эътибор қаратилмаса, Қирғизистон саноати янада ортда қолиб кетиши мумкинлиги ҳақида гапирган.
"[Биринчи босқичда] йирик узелли йиғиш (заводга бутловчи қисмларни тўлиғича ташқаридан олиб келиш - таҳр.) бўлади. Ахир нимадандир бошлашимиз керак-ку. Йўқса, яна ўттиз йил заводларсиз ўтирамиз. Ўзбекистонга борганимизда, улар ҳам бошида зарурий қисмларни ташқаридан олиб келишганидан хабар топдик".
Аалиев Ўзбекистон тажрибасидан фойдаланган ҳолда Қирғизистон тўлақонли автосаноатни йўлга қўйишни режалаштирилаётганини ҳам қўшимча қилган.
"Ўзбекистонда автосаноат атрофида 30 та саноат сектори шаклланган. Бу автошиналар, фаралар, тери маҳсулотларини ишлаб чиқаришдир. Бу янги иш ўринлари, иқтисодиёт ўсиши дегани. Ишчиларимиз, муҳандисларимиз, конструкторларимиз етарли тажрибага эга бўлиши учун ҳам шу йўналишда ҳаракат қилмоғимиз зарур", таъкидлаган қирғиз расмийси.
Март ойи бошида Асакада бўлиб, UzAuto Motors фаолияти билан танишган Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров заводни "инвестиция жалб қилиш ва ишлаб чиқариш жараёнини самарали ташкил этишнинг ёрқин намунаси" дея атаган эди.
Маълумот ўрнида, 2021 йилнинг кузида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида ҳам биргаликда автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича меморандум имзолангани хабар қилинган эди.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













