You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Озодлик суриштируви: Ўзбекистон гази сувдан ҳам арзон сотилганми? Янгиликлар, Дунё
Озодлик радиоси Ўзбекистон халқининг қишда газсиз ўтиришига сабаб бўлгани айтилган ҳукуматнинг махфий ҳужжатлари ва махсус ҳисоботни эълон қилди.
Озодлик суриштирувидаги рақамлар, асосан, ДХХ сўрови асосида Президент Мирзиёев фармони билан газ-нефт соҳасини таҳлил қилиш мақсадида ташкил қилинган ишчи гуруҳ хулосаларига асослангани ишонилади.
Хусусан, Ўзбекистондаги газ ва нефт соҳасидаги турли идоралар ходимларидан ташкил топган 20 нафарга яқин мутахассис Ўзбекистоннинг газ, нефт ва кимё соҳасида бошланган ва бошланиши кутилаётган умумий қиймати қарийб 33,5 миллиард долларлик лойиҳаларни таҳлил қилгани таъкидланади.
Озодликнинг урғулашича, "мутахассислардан иборат гуруҳ ушбу лойиҳаларнинг кўпчилиги давлатга зиён етказиши, газ ва нефтни кўпайтириш ўрнига камайтириши, мамлакат энергетик хавфсизлигига таҳдид солиши ҳақида хулоса беради".
- Газ қаерда? Унга ким эгалик қилади? Нега инқироз такрорланаверади? Ўзбекистон энергетика вазири билан суҳбат - Видео
- Ўзбекистон газ транспорт тизимини Россияга бериб қўядими? Вазирлик жавоб берди
- Ўзбекистон: Газ кескин камаяди, завод, фабрикалар газ ва токдан узилади, ҳокимлик норозиликка тайёргарлик кўряпти, Тожикистон светни узлуксиз беради
100 саҳифадан иборат, бироқ Ўзбекистон Президенти администрациясига 2020 йилнинг бошида топширилган ҳисобот Президент ўқиши учун 29 саҳифага қисқартирилгани айтилмоқда.
Озодлик ўз ихтиёридаги махфий ва ички ҳужжатларга таяниб, 2016 йил сентябридан сўнг Ўзбекистонда бошланган 11 лойиҳадан 10 таси ëки 23 миллиард доллардан кўпроғи 7 ширкатга берилганини аниқлаганини қайд этмоқда.
Нашр мақолада Natural Gas-Stream, Jizzakh Petroleum¸ Surhan Investment ва Gazli Gas Storage қўшма корхоналари¸ шунингдек¸ C.E. Civil Engines, Altmax Holding Ltd, Belvor Holdings Limited номларини келтирган. Бу пуллар ушбу ширкатлар ўзига пудратчи қилиб танлаган Eriell Group ва Enter Engineeringга берилгани ёзилган.
Ўзбекнинг гази сувдан ҳам арзонми?
Озодлик ушбу суриштирув учун махсус очган Телеграм гуруҳига жойлаган ишчи гуруҳ ҳисоботида айтилишича, Natural Gas-Stream қўшма корхонасига минг куб метр газ 2017 йили 9 доллардан сотилган. Ўз навбатида корхона уни 180 доллардан экспорт қилгани ва ўша пайтда ички бозор учун газ нархи минг куб метрига 31,5 долларни ташкил қилгани ҳам урғуланади.
Natural Gas-Stream Ўзбекнефтгаз Газпром шўъбаси билан Мирзиеёв қарори асосида ташкил қилинган.
Озодлик ўз вақтидаги сув ва газ нархларини қиёслаб, Ўзбек гази қўшма корхонага совуқ сувдан ҳам 6 баробар арзон сотилганини таъкидлайди.
"Ишчи гуруҳ газни кўпайтириш дастурининг биринчи босқичи доирасида Eriell ва Enter Engineering билан тузилган келишувларда давлатга камида ярим миллиард доллар зарар етганини фош қилади", дейилади Озодлик материалида.
Ҳисоботда ёзилишича, Natural Gas-Stream оширилган нархлардаги хизмат ва товарлар учун Eriellнинг Дубайдаги ҳисобига бир миллиард доллардан кўпроқ пул тўлаган. Eriell эса бурғулаш ва таъмирлаш ишлари учун Ўзбекнефтгаз таркибидаги корхоналарни 6 баробар арзонга субпудратчи қилиб ëллаган.
"Хусусан¸ ҳисоботда ëзилишича¸ Eriell лойиҳа доирасида 283 та қудуқни бурғулаш учун 1,16 млрд доллар олган ва битта қудуқ нархи ўртача 4.1 (аниқ рақам 4 098 939.9) миллион долларга тушган. Ўзбурнефтгаз АЖ 11 та айнан шундай қудуқни 28,2 млн долларга қазиган ва битта қудуқ нархи ўртача 2 563 636 долларга тушган. Орадаги қарийб икки баравар фарқ¸ аниқроғи ярим миллиард доллар яна давлат ғазнасидан Eriell ҳисобига ўтган", дейилади нашр мақоласида.
Бироқ Озодликнинг таъкидлашича, мутахассислар таҳлилига қарамасдан Мирзиёев ушбу лойиҳалар давлатга зарар келтираётган бўлса-да, уларни тўхтатмаган.
Аксинча, "2017-2021 йилларда углеводород хомашëси қазиб чиқаришни кўпайтириш дастури"нинг иккинчи босқичи тасдиқланади.
"Eriellга яна бир миллиард доллардан ошиқ пул тўланади. Бу маблағнинг каттагина қисми яна давлат кафолати билан қарзга олинади", дейилади мақолада.
Озодликнинг билдиришича, ишчи гуруҳи ушбу оқибатларни таҳлил қилиб, 2022 йилнинг декабр ойида ҳам Президент Шавкат Мирзёевга ҳисобот тайёрлайди.
Озодликнинг ҳисоботда келтирилган фактлардан хулоса қилишича, ҳукумат имтиëзлар билан 2¸5 миллиард долларнинг деярли ҳаммасини газ қазишни кўпайтириш Дастури оператори Natural Gas-Stream орқали бош пудратчи Eriellга тўлаган. Eriell Ўзбекнефтгаз конларидан газ олишни кўпайтириш ўрнига¸ йиллик миқдорни 13¸3 миллиард куб метргача камайтирган.
Ишчи гуруҳи Ўзбекистон президентига қиймати қарийб 6 миллиард долларлик Сурхондарëда улкан газ-кимë комплекси қуриш бўйича "Мустақилликнинг 25 йиллиги" лойиҳаси борасида ҳам таҳлил ёзган, деб қайд этилади.
"Лойиҳа оператори - Surhan Gas Chemical Operating Company таъсисчиси Ҳонгконгда рўйхатдан ўтган Surhan Investments Limited оффшор ширкатидир. Ўзбек томони улуши ҳам айни шу компанияга расмийлаштирилган ва бу шаффоф молиявий фаолият юритиш ҳамда хорижий таъсисчилар улушини баҳолашга имкон бермайди. Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим доирасида ўзбек томони фақат 10 йилдан кейингина даромаднинг 10 фоизини олиши мумкин. Ташқи инфраструктуранинг давлатга фойда келтирадиган (10%) маҳсулот ҳисобидан қурилиши инобатга олинса¸ лойиҳадан давлат учун бирор фойда келиш эҳтимоли йўқ ҳисоби. Бундан ташқари¸конлардан олинадиган заҳира тасдиқланмай туриб¸ биринчи навбатда газни қайта ишлаш заводи қуриш режаланмоқда", дея Озодлик ҳисоботга иқтибосан ёзганини билдиради.
Озодликка кўра, ҳисоботдан сўнг Surhan Gas Chemical Operating Company ўз фаолиятини яна кенгайтирган ва Ўзбекистон ҳукуматидан янада каттароқ имтиëзлар олишда давом этган.
Суриштирувда, шунингдек, Jizzakh Petroleum ширкатининг имтиёзлар ва ҳукумат қўллаб-қуввотлови билан қандай йирик ширкатга айланиб кетгани ҳақида ҳам сўз боради.
Унда, хусусан, Тошкент халқаро аэропортига қўнадиган самолётларни ëқилғи билан таъминлаш ваколати Jizzakh Petroleum қўшма корхонасига бошқа таклифларни инобатга олмасдан бериб юборилгани айтилган.
Озодликнинг таъкидлашича, 2019 йилнинг 2 январида Дубай амирлигига қарашли ENOC компанияси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига расмий хат юбориб, Тошкент аэропортига йирик халқаро авиакомпанияларни жалб қилиш учун авиаëқилғи нархини икки бараварга арзонлатиш таклифини берган.
Бундан ташқари Lukoil¸ шунингдек, Швейцариянинг Vitol ва Mercuria компанияларидан ҳам Ўзбекистон аэропортларидаги ëқилғи қуйишни бошқариш учун сармоя киритиш таклифлари келгани айтилмоқда.
Бироқ 2019 йил 25 январида Энергетика вазири Алишер Султоновнинг Абдулла Ариповга ëзган биргина мактуби билан самолётларни ëқилғи билан таъминлаш ваколати Jizzakh Petroleum қўшма корхонасига берилади, деб урғулайди Озодлик.
Би-би-си Озодликнинг ушбу суриштирувидан келиб чиққан саволларга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон Президенти ва Бош вазири матбуот котибларига ҳамда Президент девонига мурожаат қилди. Бу борада янги маълумотлар юзага чиқиши билан айни мавзуга ҳаракат қиламиз.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.