Ўзбекистон: “Рамкада юриш керак азгина!” – “замминистр” санъаткорларга советча “тарбиявий соат” ўтдими? Канизага бир ой синов муддати берилди

ahmedov

Сурат манбаси, Daryo.uz

Сурат тагсўзи, Аҳмедов ўтказган йиғилиш Ўзбекистонда Совет давридан мерос тотал назорат бошқарув услуби ҳамон сақланиб қолаётганини кўрсатган.

Озодбек Назарбековнинг ўринбосари Баҳодир Аҳмедов бир гуруҳ ижод аҳлини йиғиб, советча услубда "тарбиявий соат" ўтгани, дўқ урганча, айрим санъаткорларни маданиятсизликда айблагани айтилмоқда.

Daryo.uz нашри 27-февраль куни маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов "Ўзбекконцерт"да ўтказган йиғилишдан олинган видеони эълон қилган.

Видеода Аҳмедов йиғилганларга қарата тошкентча шевада ўшқириб, санъатдамаданиятсизлик, савиясизлик авж олаётганини таъкидлаётгани ҳамда вазир Назарбеков ҳақида ножўя гаплар айтмасликни талаб қилаётгани кўринади.

Шунингдек, маданият вазири ўринбосари ўтказган йиғилишда шу кунларда шов-шувга айланган хонанда Каниза билан боғлиқ ҳолатга ҳам изоҳ берилган.

Расмий хабарга кўра эса, "замминистр" санъаткорларга ўз "ижодларини ижобий томонга ўзгартиришлари учун тавсиялар берган".

Алоқадор мавзулар:

"Уже мамбетга кевотти..."

Баҳодир Аҳмедов

Сурат манбаси, daryo.uz

Daryo.uz эълон қилган видеода йиғилишнинг 30 дақиқага яқин қисмини кўриш мумкин.

Видео бошида Аҳмедов санъаткорлар орасида маданиятсизлик кучайиб бораётгани ҳақида гапирган.

"Биза фақат гапиришни биламиз. Бир пайтлар устозлар яратиб қўйган санъат бор эди. Ушлаб туролмадикку вақти келганда шу санъат пойдеворини. Одам туриб бериши керак. Ўша миллатни маданияти, санъати учун. Кўчага чиқиб, биттаси сигаретни бичокини ерга ташлавотган бўлса, ол деёлмаймиз. Лекин сиёсат оламию бошқа нарсага келган пайтда пилдир-пилдир [телефонда матн ёзишга тақлид қилади - таҳр.] ҳаммаёқ. Агар зўр бўладиган бўлса, кўчага чиқила - кўчани қараларинг, баклажкани қара", дейди "замминистр" бошини ҳам қилганча ўзини тинглаётган санъаткорларга қарата.

Сўзи давомида Аҳмедов номини алоҳида тилга олмасада, айрим санъаткорлар эркин ижод қилишда "чегарадан чиқиб кетаётгани"га урғу берган.

art

Сурат манбаси, Daryo.uz

Сурат тагсўзи, Йиғилишда Валижон Шамсиев, Жаҳонгир Позилжонов, Самандар Ҳамроқулов, Манзура каби таниқли санъаткорларни кўриш мумкин.

"Яна ақллили қивотти деманглару, уже мамбетга кевотти. Кекирдагини чўзади… Қатгача борасан? Нима қиласан? Мана телевидениенгам овотти, бошқа нарсангам овотти - рамкада юриш керак азгина", ёзғирган амалдор.

Шундан сўнг Аҳмедов дўқшанган ҳолда "менталитетга хос" ижод намуналари яратишга даъват қилган.

"Сўзини мантиғи йўқ қўшиқлар этасан, тағин ақллили қиласан. Саҳнага чиқиб, яланғоч гаплар гапирасан, яна бировни рўкач қиласан қани мамби нарса, қани бу нарса, деб. Менталитетга мос ва хос бўлган, миллатни ҳурматини жойига қўядиган, ота-оналар маза қилиб кўрадиган санъатни опчиқ! Етиб келолмаяпмизми ўшанга?".

"Вазирликни обсуждат қилишни йиғиштирила"

Баҳодир Аҳмедов санъаткорларни Умра ибодатини "кўз-кўз қилиш"да танқид қилган.

"Аллоҳни уйику! …ўзингни реклама қилишга бормисан ўтга! …ой ўтар, кун ўтар, битта-битта ўзингни тарк этади тананг. Чўккалатиб, ўтқазиб қўйиб сўрийди. Ҳар битта гапирган гапимиз, сўзлаган сўзимизга жавоб беришимиз керак", дея "огоҳлантирган" вазир ўринбосари.

Аҳмедов маданият соҳасидаги муассасаларга раҳбарлар тайинловидан норози бўлаётган санъаткорлар ҳақида ҳам гапириб, раҳбарликка номзодлар салоҳиятини шубҳа остига қўяётганларни манманликда айблаган.

ahmedov

Сурат манбаси, Daryo.uz

Сурат тагсўзи, Баҳодир Аҳмедов ижод аҳлидан вазирлик фаолиятини муҳокама қилмаслик, хусусан, вазир Озодбек Назарбеков шахсини танқидга тутмасликни ҳам талаб қилган.

"Биттаси Ёдгор ака Саъдиевни ғийбат қипти. Ҳей, кимсан сан ҳали?! Сан иккита ролни қойиллатиб ўйнаб қўй, одамни диёнатга чақириб қўй!".

Баҳодир Аҳмедов ижод аҳлидан вазирлик фаолиятини муҳокама қилмаслик, хусусан, вазир Озодбек Назарбеков шахсини танқидга тутмасликни ҳам талаб қилган.

"Вазирликни обсуждат қилишни йиғиштиринглар. Ўша вазир ҳам кўзи учиб турган жойи йўқ. Ҳозир "Халқлар дўстлиги"да 20 кун концерт қўяман, деса концерти тўлади… концертини қўйса, бемалол тирикчилиги ўтади, бемалол ҳамма нарсаси етади. Йўқ, юртбоши эттими, шу жойда ўтирасан, шу аравани тортасан, дедими… уям тинвотгани йўқ".

Йиғилиш давомида Аҳмедов тез орада маданият соҳасида тартиб-интизом ўз жойига тушишини таъкидлаган ва "Ўзбекконцерт" директори Даврон Шералиевга "ёзув-чизувдан қўрқмай", ҳаракат қилишга кўрсатма берган.

"Ёзув-чизувдан, фисқу фасоддан… Ҳали жудаям кўп бўлади, маши йиғилишдан кейин ҳам бошланади. Қўрқма, қил. Бу нарсалар қачондир жойига келиши керак, қачондир ўзгариши керак".

"Замминистр"нинг Шералиевга бераётган ўз кўрсатмаларини "цензура эмас"лигини таъкидлаганидан у "Ўзбекконцерт" раҳбарига санъаткорлар юриш-туриши устидан қаттиқроқ назорат ўрнатиш топшириғини бераётгани англашилади.

Бу кўрсатма ортидан Даврон Шералиев хонанда Канизага лицензия берилиши рад этилганини расман эълон қилган, бунга қўшиқчининг "видеороликлари тарқалгани" сабаб бўлганини қўшимча этган.

"Агар бир ой ичида ўз юриш-туриш, одоб-аҳлоқ, ижтимоий тармоқдаги расмлари, видеоклипларини тозаласа, биз албатта уни [аризани] кўриб чиқиб, қайта лицензия беришимиз мумкин", маълум қилган Шералиев.

"Иштон муҳокамаси"

kaniza

Сурат манбаси, Skrinshot/Ijtimoiy tarmoq

Сурат тагсўзи, Бундан аввал 37 яшар хонанда Каниза ўзини "ҳаёсиз кийиниш"да айблаганларга видеомурожаат билан чиқиб, ўз "иштони муҳокамаси"ни бас қилишни сўраган эди.

Ўтган ҳафтада "ахлоқсиз видеолари" туфайли хонанда Канизага лицензия бериш рад этилгани тўғрисидаги хабар Ўзбекистонда ижод эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашмоқда, деган хавотирларни юзага чиқарган.

Кўплаб тармоқ фойдаланувчилари хонандани "ахлоққа тўғри келмайдиган" сурат-видеолар тарқатишда айблаши ва "Ўзбекконцерт" қарорини олқишлашига қарамай, айрим фаоллар ижодий ва шахсий эркинлик бўғилмаслиги шартлигини таъкидлаган.

Масалан, блогер Никита Макаренко мамлакатда мавжуд санъаткорларга лицензия бериш тартибини "конституцияга қарши" дея атаган.

"Бизда цензура тақиқланган. Аммо кимларгадир иштонинг ёқмаганлиги туфайли одамни ўз касби билан шуғулланишдан шунчаки маҳрум қилиш мумкин. Нормал ҳолат, а?" дея ёзган блогер.

Айрим фикр билдирувчилар ҳукумат лицензиялаш тизими орқали санъат аҳлини "қўрқув ва назоратда ушлаб туриш"га ҳаракат қилишини билдирган.

Шунингдек, Маданият ва туризм вазирлигини "хонандалар иштонини назорат қилиш"дан воз кечиш ва жиддийроқ мавзулар билан шуғулланишга чақирганлар ҳам бўлган.

Бир қатор фойдаланувчилар марҳум Ислом Каримов даврида авж олган санъаткорларни норасмий "қора рўйхатлар"га тушириш одати қайтиб келаётганидан ташвиш билдирган.

Бундан аввал хонанда Каниза ўзини "ҳаёсиз кийиниш"да айблаганларга видеомурожаат билан чиққан эди.

"Кечадан буён менинг иштоним муҳокама бўлаётган экан. Мен тушунмадим. Мен ўзи салбий, айниқса, саводсизлар ёзган изоҳларга аҳамият беришни хоҳламасдим. Ўзбекистонда мени иштонимни муҳокама қилишдан бошқа мавзу қолмадими?", деган у ўтган ҳафтадаги мурожаатида.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002