You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Янгиликлар. Ўзбекистон: ДХХ Human.uz дагиларнинг қаердалиги ва уларга нима бўлганини айтди Video O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar
Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизмати мустақил сайтдагилар тақдирига ойдинлик киритди. Шу соатларда расмий билдиришнома билан чиқди.
Хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, Хуршид Далиев ва бошқаларга жиноят иши қўзғатилган.
Улар Telegram мессенжеридаги Kompromat.uzb ва бошқа каналларга алоқадорликда кўрилишмоқда.
"Шу сабабли уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми "в" банди билан жиноят иши қўзғатилган", - дейилади улар тарқатган расмий маълумотда.
Маълум қилинишича, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Улар тарқатган расмий маълумотдан буларнинг барчасига эса, фуқаро И.А. дан келиб тушган мурожаат сабаб бўлгани ойдинлашган.
Аммо бу шахснинг ким экани ва мурожаати мазмуни очиқланмаган.
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати тергов давомида процесс иштирокчилари адвокат билан таъминланганини билдирган.
Тергов жараёнларини олиб боришда уларнинг қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши кафолатланишини ҳам маълум қилган.
ДХХнинг илова қилишича, ушбу жараён билан боғлиқ маълумотлар доимий равишда эълон қилиниб борилади.
Шу соатларда АОКА - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам ўзининг Telegram даги каналида Давлат хавфсизлик хизмати тарқатган расмий маълумотни қайта чоп этган.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди эса, ҳали кун аввалида Human.uz интернет нашри журналистларининг қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятдан хавотирда эканлигини расман маълум қилган.
Фонд ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушбу масала бўйича изоҳ берилишини кутиб қолишларини айтган.
Шунингдек, журналистлар хавфсизлиги ва уларнинг профессионал фаолиятига қонуний муносабатда бўлиниши таъминланишини ҳам сўраганди.
Шу соатларга келиб, Human.uz сайти ҳам ишлаб кетган.
Янгиланмоқда. Ўзбекистон: Human.uz журналистлари олиб кетилган, сайт блокланиб, офиси муҳрланган
Бунақаси Ўзбекистонда бу яқин йилларда кузатилмаган. Би-би-сининг Тошкентдаги мухбири ҳодиса жойига борди. Хабарни сатҳнинг ўзида ўрганди.
Алоқадор мавзулар:
Воқеаларнинг сўнгги ривожи ҳақида дастлаб Human.uz нашрининг ўзи Telegram каналида тезкор хабар тарқатган.
Хабарда айтилишича, нашр директори Хуршид Далиев, Бош муҳаррири Муслим Мирзажoнов ва бошқа ходимлари ўзини "орган ходимлари", деб таништирган шахслар томонидан қўлга олинган.
Маълум бўлишича, ҳодиса бугун, 27 январь маҳаллий вақт билан соат эрталабки 10:00 лар атрофида нашрнинг Тошкент давлат Аграр университети ҳудудида жойлашган офисида содир бўлган.
Аммо нашр ўзининг тезкор хабарида аниқ қанча сондаги одамнинг не сабаб қўлга олингани ва қаерга олиб кетилгани тафсилотларига ойдинлик киритмаган.
Би-би-сининг сатҳдаги мухбири Аваз Тоҳиров шу соатларда бу рақамларга аниқлик киритишга муваффақ бўлган.
Унинг айтишича, жами 7 киши қўлга олинган.
Сайт, шунингдек, "орган ходимлари" томонидан офисдаги эшиклар бузиб кирилгани ва барча маълумотлар, қурилмалар тинтув қилинаётганини ҳам маълум қилган.
Тушдан сўнг сайт ўзлари офис учун ижарага олган бино эшиги муҳрланганини айтиб, буни акс эттирувчи суратларни ҳам эълон қилган.
Ўзини университет коменданти, деб таништирган шахс эса, эшикдаги муҳрни беркитиб, мухбиримизга уни тасвирга олиш мумкин эмаслигини айтган.
Ким бунга рухсат бермаганига эса, аниқлик киритмаган.
Ўзига ректоратдан шундай топшириқ берилганлигини билдириш билан кифояланган, холос.
Human.uz сайти таҳририяти тўсатдан ва огоҳлантиришларсиз олиб кетилган барча инсонлар саломатлиги ва ҳолатидан қаттиқ қайғуда эканини билдирган.
Уларнинг ҳеч бирига алоқага чиқишнинг иложи бўлмаётганини ҳам маълум қилган.
Шунингдек, таҳририят ушбу ҳолатни Ўзбекистон Республикаси Президенти сиёсатига мутлақо зид ва сўз эркинлигига таҳдид деб ҳисоблашини баён қилган.
Human.uz сайти барча ОАВ нашрлари, блогерлар ва ҳуқуқ фаолларини ушбу тезкор хабарни ёритишда кўмак беришларини ҳам сўраб қолган.
Ҳуқуқни мухофаза қилиш органларидан эса вазиятга ойдинлик киритиб, расмий муносабат билдиришларини сўраган.
Акс-садолар
Юз берган сўнгги ҳодисадан мамлакатдаги кўплаб журналистлар ва блогерлар ўз хавотирларини билдириб чиқишган.
Мақола ёзилаётган соатларда ҳам бунга расмийлар ва масъулларнинг бирор бир муносабатлари кўзга ташланмаган.
Би-би-си Ўзбек хизмати мазкур ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига мурожаат қилди.
Сайт директори, Бош муҳаррири ва ходимларининг нега қўлга олингани ва айнан қаерга олиб кетилишгани тафсилотларига ойдинлик киритмоқчи бўлди.
Лекин ҳалича ўзининг сўровига бирор бир жавоб олмади.
Мухбиримиз Аваз Тоҳировнинг айтишича, сайт мухбирлари билан суҳбати чоғида ўзини "орган ходимлари", деб таништирган шахсларнинг қўлларида ҳибс ва тинтув учун ордер бўлгани-бўлмагани масаласига ойдинлик кирита олмаган.
Маълум бўлишича, уларга қўлга олиш ва тинтув хусусида ҳам "бирор бир тушунтириш берилмаган".
Мухбиримиз, шунингдек, ўз суриштирувлари жараёнида нега айнан 7 киши қўлга олингани сабабига ҳам аниқлик кирита олмаган.
Сайт мухбирлари бу шахсларнинг фуқаровий кийимда бўлишгани ва келган машиналари ҳам оддий бўлганини айтишган.
Human.uz Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий мавзуларни ёритиши билан танилган сайтлардан бири бўлади.
Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Бош директори ўринбосари, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг шу соатларда ўз манбаларига таяниб ёзишича, Human.uz маъмурияти сайт ходимлари сифатида эмас, Kompromatuzb Telegram канали админстраторлари сифатида қўлга олинган. Аммо у ўзининг манбаларини очиқламаган.
Хабар янгиланмоқда.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.