Ўзбекистон: Ички ишлар органи ходимлари журналистнинг тасвирларини ўчириб ташлади, вазирлик суриштирув бошлади - O'zbekiston

Ўқилиш вақти: 1 дақ

Сирдарё вилоятида Human.uz сайти мухбирлари фаолиятига Ички ишлар органи ходимлари томонидан тўсқинлик қилинди. Тасвирчи мажбуран идора олиб келиниб, тасвирлари ўчириб ташланди. Орган ходимлари ўз ҳаракатига изоҳ беришмаган.

Журналист Мавжуда Мирзаеванинг Би-би-сига айтишича, улар Сирдарё олимпия захиралари коллежида сув тошқинидан жабрланганлар билан суҳбатлашаётган бўлган.

Интервю олиш жараёнида ички ишлар органи ходимларидан бири келиб, Мавжуда Мирзаевани ташқарида Гулистон шаҳар прокурори чақираётганини айтган.

Журналист чиқиши билан, формасиз ва формали ички ишлар ходимлари операторни ушлаб ИИБга олиб кетишган.

Операторни мажбурлаб машинага ўтиргизаётганда камеранинг чироғи тушиб кетган. Мирзаева чироқ дарз кетган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Ички ишлар бўлимида операторнинг барча тасвирларини ўчириб ташлашган.

"Тасвирчимнинг айтишича, у ерда техникани тушунадиган ходимлар ўтирибди ва улар камера хотирасини форматлашни талаб қилишган. Тасвирларни тиклаб бўлмайди", дейди Мавжуда Мирзаева.

Ўша ерда турган масъуллардан бири журналистга тасвирларни ўчириб ташлаш буйруғи ҳокимнинг топшириғи билан бўлганини айтган. Бироқ ушбу маълумотни тасдиқлатишнинг имкони бўлмади.

Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги текширув ўтказиб, ходимларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилинди.

Ижтимоий тармоқларда карантин вақтида фуқаролар ва журналистларга орган ходимлари томонидан босимлар кўпайгани ҳақида ёзишмоқда.

Олдинроқ human.uz мухбири Хуршид Далиев Тошкент туманида журналистик фаолият олиб бораётган вақти орган ходимлари томонидан тўсқинликка учрагани ҳақида хабар берилган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek