You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон. #Фикр_полицияси: Блогер Олимжон Ҳайдаровнинг жаримага тортилиши нега хавотирланарли? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar
Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаровнинг 21 миллион сўм жаримага тортилиши айрим матбуот вакиллари ва жамоатчилик фаолларининг хавотирига сабаб бўлди. Улар ушбу ҳолат мамлакатда сўз ва фуқаровий эркинликларни тизгинлаш ҳаракатига дебоча бўлиши эҳтимолидан чўчимоқдалар.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Газ узилгани боис одамлар ишсиз қолдилар
- 15 суткага қамалган блогер: Фаолиятимизни тўхтатиш учун қамашди, лекин тўхтамоқчи эмасман
- Қўқон ИИБда жони узилган 15 яшар Равшанбек - фожиа қандай содир бўлган эди?
- Ўзбекистон: Депутатлар Ички ишлар вазири истеъфоси ва умуман вазирликни тугатишни сўраяпти - нима ўзгаради?
Фарғоналик таниқли блогер, Таҳлил24 интернет нашри раҳбари Олимжон Ҳайдаров газ таъминотидан узилган завод ишчилари норозилиги тасвирланган видеони эълон қилиши ортидан 21 миллион сўм жаримага тортилган.
Суд блогерни митинглар ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганлик, ёлғон ахборот тарқатганликда айбдор, деб топган.
Эътиборлиси, суд Ҳайдаров томонидан бузилган, дея топган тартиб ҳали қонунда баён этилмаган ва айнан шу ҳол аҳолидаги норози кайфиятни ёритган матбуот вакиллари, эндиликда, осонгина жазога тортилиши мумкин, деган хавотирлар юзага чиқишига сабаб бўлган.
Би-би-си Ҳайдаров билан юз берган ҳолат тафсилотлари, расмий баёнотлардаги тафовутлар, фаоллар ва адвокатларнинг фикрларига назар ташлади.
Заводдаги норозилик
6 декабрь куни Олимжон Ҳайдаров ўзининг ижтимоий тармоқ саҳифасида Ўзбекистон туманидаги "Шўрсув" кичик саноат зонасида жойлашган "Albus Cement Group" МчЖга қарашли гипс ишлаб чиқариш заводи ишчиларининг норозилиги акс этган видеони эълон қилган.
Видеода заводнинг ўттиз чоғлик ишчиси газ узиб қўйилгани туфайли ишсиз ва маошсиз қолиб кетганликлари, оилалари ҳам қийин аҳволда яшаётганини асабий тарзда таъкидлаётгани кўринади.
9 декабрь куни Фарғона вилояти ИИБ республика бўйлаб ҳаво ҳароратининг пасайиши ва энергия тақчиллиги келиб чиққани сабабли саноат корхоналарига газ етказиб бериш "қатъиян чеклангани"ни билдириб, видеода ўз норозилигини изҳор этган 7 нафар инсон "жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, шунингдек намойишлар ўтказиш тартибини бузганлик"да айблангани ва 5 суткадан 10 суткага қадар қамалганини маълум қилган.
ИИБ ўз баёнотида 6 декабрь куни гипс заводи олдида "олдиндан қилинган режа ва таклиф қилинган учинчи шахслар иштирокида намойиш ташкиллаштирилгани"ни таъкидлаган.
Олимжон Ҳайдаров айни 6 декабрь куни кечга томон ўзининг YouTube'даги каналида мазкур саноат зонасида ишлайдиган инсонлар билан суҳбатни эълон қилган.
Куннинг биринчи ярмида тарқалган видеодан фарқли ўлароқ ушбу суҳбатда ишчилар мавжуд вазиятни нисбатан босиқ тарзда тасвирлагани кўзга ташланади.
Видео давомида бериб ўтган изоҳида блогер саноат зонаси буткул газдан узиб қўйилгани, бу ерда 10 мингдан ортиқ одам ишлаши, хусусан, гипс заводларида 2,5 мингдан ортиқ инсон меҳнат қилишини тилга олиб ўтган.
Кейинроқ расмийлар газ узилиши натижасида "ўн мингдан ортиқ одам ишсиз қолгани" борасидаги блогер илгари сурган даъво ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилганлар.
Блогернинг йўқолиши
13 декабрь куни ижтимоий тармоқда Олимжон Ҳайдаров қўнғироқларга жавоб бермаётгани, уни ички ишлар ходимлари олиб кетган бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар тарқалган.
Шу куни кечқурун блогернинг ўзи 21 миллион сўм миқдорида жаримага тортилганини ёзган.
Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди Ҳайдаровни МЖтКнинг 201-моддаси (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) 1-қисми ва 202 прим 2-моддаси (Ёлғон ахборот тарқатиш) 2-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этган, деб топгани маълум бўлган.
Шу куни Фарғона вилояти ИИБ тарқатган баёнотда Олимжон Ҳайдаров ишчиларга "тўпланиб, норозилик намойиши уюштириб, бу ҳақда видео мурожаат қилишлари, шундагина завод қайтиб газ тармоғига уланиши мумкинлигини ва бу борада у ёрдам бера олишини билдиргани" таъкидланади.
"Бундан ташқари, иш материалларидан маълум бўлдики, О.Ҳайдаров намойишни қай тарзда видеога олишни ўргатганлигини, айрим иштирокчилар томонидан етарли даражада яхши гапира олмаганлиги, шунинг учун бошқалар гапириши кераклигини айтиб, намойиш қилганларни агрессив гапиришга ундаган, қайта дубллар орқали ушбу намойишни олдиндан режалаштиришда иштирок этган", дейилади расмий баёнотда.
Би-би-си ихтиёридаги жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди қарорида эса 6 декабрь куни "…блогер Олимжон Ҳайдаров завод жойлашган ҳудудга келиб, ишчиларни йиғиб, улар билан суҳбат ўтказиб, табиий газ ва электр таъминоти яхши эмаслигини айтиб, митинглар ўтказиш тартибини бузиб, намойиш уюштиргани" ҳақида сўз боради.
Икки видео - турлича талқин
Би-би-си суд ҳукми ва Фарғона вилояти ИИБ баёноти ортидан ўртага чиққан айрим саволлар билан блогернинг ўзига юзланди.
Олимжон Ҳайдаров ўзини айбли, деб ҳисобламаслигини айтиб, завод ишчилари норозилик ўтказган вақт у ерда бўлмагани ва тарқалган видеони тасвирга олмаганини даъво қилди.
"Ўзи, аслида, 28 ноябрдан ишчилар газ узилганини айтиб, менга чиқа бошлашди. Мен вилоят ҳудудгазга чиқиб, одамлар норози экани, газ талаб қилаётганини айтдим. Бир неча бор мурожаат қилдим, лекин натижа бўлмагандан сўнг 4 декабрь куни ўзим у ерга бордим. Маданиятли одамлардек бақир-чақирсиз гаплашдик ўша куни. Ҳеч қандай жанжал бўлмади", деди блогер.
Ҳайдаров 4 декабрь куни тасвирга олинган суҳбатни вақти бўлмагани учун 6 декабрь кунига қадар эълон қилмаганини айтди.
"6 декабрь куни пешинда ўша 3 минут 55 секундлик тўполон видео келди. Шуни қўйиб беришимни сўрашди. Бу ерда жуда қаттиқ гапирибсизлар, десам, ака, қўяверинг, биз газ йўқлигидан зерикдик, дейишди ва видеони эълон қилдим. Орқасидан икки кун аввал ёзиб олинган суҳбатни қўйдим. Энди ички ишлар менга 6 декабрь куни ўзинг келиб, ўргатиб, [видео] олгансан, деган айб қўйяпти. Ваҳоланки, 6-куни мени у ерга бормаганимни тасдиқлайдиган етарлича гувоҳим бор", таъкидлади блогер Би-би-си билан суҳбатда.
Тилга олингандек, 13 декабрь куни чиқарилган жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди қарорида Олимжон Ҳайдаров 6 декабрь куни "завод жойлашган ҳудудга келиб, ишчиларни йиғиб… намойиш уюштиргани" тилга олинган.
Бироқ айни ҳолат Фарғона вилояти ИИБ баёнотида бошқача ифода этилган - расмий хабарда блогернинг "намойишни олдиндан режалаштиришда иштирок этган"и айтилган бўлса-да, у 6 декабрь куни тасвирга олиш ишларида "бевосита" қатнашмагани билдирилган.
"Жорий йилнинг 6 декабрь куни эса бевосита ўзи иштирок этмаса-да, намойишни тасвирга олиш бўйича мутахассис билан гаплашиб, унинг ишларини ташкиллаштирган ҳамда тайёр видеоматериалларни ўзининг канали орқали тарқатган", дейилади вилоят ИИБ баёнотида.
Амалда йўқ тартиб
Бир қатор матбуот вакиллари, жамоатчи фаоллар блогернинг жаримага тортилиши, унинг ишига доир расмий ҳужжатлардаги тафовутлар ва, айниқса, Ҳайдаровнинг қонунда мавжуд бўлмаган тартибни бузганликда айбланишига эътибор қаратганлар.
Таъкидлаш жоизки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганлик" учун жавобгарлик белгиланган бўлсада, қонунчиликда мазкур тартиб ҳали қайд этилмаган.
Собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов 2021 йилда митинглар ўтказиш тартиби тизимли равишда тартибга солинмаганини тан олган эди.
ИИВ 2020 йил августида "Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғриси"даги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйган, лекин у ҳали қонун сифатида қабул қилинмаган.
15 декабрь куни ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов мазкур қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқилиб, тез кунларда яна жамоатчилик эътиборига тақдим этилишини айтган.
Депутат Расул Кушербаевнинг фикрича, "амалда йўқ тартиб учун жазо бериш — ноқонуний".
"Чунки, амалда ушбу тартибнинг ўзи бўлмагач, уни бузиб бўлмайди. Бузиб бўлмагач, жазо бериш ҳам мумкинмас. Жазо берилган тақдирда ҳам бу ноқонуний бўлиб, суд томонидан адолатсиз қарор қабул қилиш ҳисобланади", дея ёзган у.
Депутат ишни кўрган судья "нафақат қонунни бузиб, фуқаронинг ҳуқуқи поймол бўлишига йўл қўйган"ини таъкидлаган.
Адвокат Абдумалик Абдуллаев ҳам Телеграмдаги ўз каналида ўхшаш фикрни илгари сурган:
"Мазкур модда бланкет диспозицияли ҳисобланади, сабаби "йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартиби"ни бузиш белгилари моддада тўғридан тўғри белгиланмаган. Ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик белгиларини билиш учун албатта бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мурожаат қилиниши керак бўлади. Ўз навбатида, "йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартиби"ни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат (қонун)ни юридик базалардан шахсан мен топа олмадим".
Яна бир таниқли адвокат Бобир Муқадамов Ҳайдаровга нисбатан чиқарилган суд қарорини "адолатсиз" деб ҳисоблашини билдирган.
"Журналистларнинг овозини ўчиришга ҳаракатга ўхшаяпти, афсус! Об-ҳаво маълумотларини (фақат) ўқийдиган бўлиб қоламиз бунақада. Агар ҳақиқий ҳолат умуман бошқача (амримаҳол) бўлса, ҳаммасини очиқ-ойдин чиқариши керак суд-ҳуқуқ органлари", дея ёзган Муқадамов ўз Facebook саҳифасида.
Блогер билан юз берган ҳолат ҳукумат мисли кўрилмаган энергетика бўҳронига дуч келаётган бир пайтда аҳолининг норози кайфиятини ёритган матбуот вакилини жазолашдан ўзга нарса эмас қабилидаги қараш бошқа кўплаб тармоқ фойдаланувчилари томонидан илгари сурилган.
"Бир ёқда "мулла"ларимиз бир оғиздан: "Ҳақларингни талаб қилманглар, чексиз сабр қилинглар, совуқдан ўлиб қолсаларинг ҳам чиданглар, шукр қилинглар..." дейишяпти. Иккинчи ёқда кучишлатар идораларимиз халқнинг дардини кўтариб чиққанларни битта-битта ушлаб олиб кириб кетишяпти — оғизларига қопқоқ уришяпти. Тушунмай қолдим: булар мабодо келишиб олишмаганми? Муаммони гапирганларга осилмай, муаммони ҳал этишса оқилона иш бўлмайдими?" фикр билдирган таниқли жамоатчи фаол Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.
Айрим фойдаланувчилар Конституциянинг 33-моддасига биноан ўзбекистонликлар ўз норозилигини митинг ва намойишлар ўтказиш орқали ифодалаш ҳуқуқига эга экани ҳамда намойиш қилган фуқаролар ва бу ҳолатни ёритган матбуот вакилларини қонунчиликда ҳали белгилаб қўйилмаган тартибни бузганлик важи билан жазолаш мумкин эмаслиги ҳақида ёзганлар.
Уларнинг фикрича, блогер Ҳайдаров билан юз берган ҳолат фуқаровий ҳуқуқ ва эркинликлар ҳамда матбуот эркинлигига дахл қилиши билан хавотирлидир.
"Мени ҳам ўтган йили ўша модда билан огоҳлантиришган эди. Менинг постларимни ҳамма ўқиб боради. Ҳеч қанақа митингларга чорламайман. Яна жарима ҳам отнинг калласидек. Мақсадлари нима экани ҳам маълум бўлиб турибди. Бунақа кетишда пост қўйишнинг ўзи хавфли бўлиб қолади", дея ёзган қорақалоғистонлик блогер Зафар Атаханов.
Баъзи тармоқ фаоллари эса блогерга қўлланган жаримани тўлаб бериш учун хайрия акцияси ўтказиш таклифини ўртага ташлаганлар.
14 декабрь куни блогер ўзининг Facebookсаҳифасида кўрсаткич бармоғини лабига қўйган ҳолда тушган суратини эълон қилган.
"Ташқарида -5 (водийда шундай, Бухоро, Нукус томонларда -20 дейишмоқда) даража совуқ, хонадонларда на газ, на электр бор, борларига ҳам тайинли берилмайди, метан газ заправкаларда газ йўқ, Пропан ва бензин заправкаларда эрталабдан кмлаб навбатлар. Кўпчилик одамлар қиш кирганига эндигина 15 кун бўлган бўлса-да, аллақачон қиш учун ғамлаган захирасини ярмидан кўпини ишлатиб бўлишди.
Лекин бу ҳақда бирор жойда гапириб юрманглар. Атроф тўла "фикр полицияси" ходимлари юришибди. Ё жарима қилишади, ё қамашади", дея ёзган блогер ушбу сурат остида.
Олимжон Ҳайдаровни қўллаб-қувватлаган кўплаб инсонлар #фикр_полицияси ҳештеги остида айни услубдаги суратларини эълон қилганлар.
Би-би-си мамлакатда ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга масъул ҳамда кўплаб вазифалари қаторига журналистларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш кирувчи Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига блогер Олимжон Ҳайдаров билан юз берган ҳолат агентликни қанчалик хавотирга солганини сўраб, мурожаат йўллади.
АОКА мазкур масала бўйича тез вақт ичида расмий изоҳ эълон қилишини билдирди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek