You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон Алишер Усмонов учун "қалқон" бўлмоқчими? Пастроқ рейтингдаги паспортга 1 млн доллар? Янгиликлар
Германия «Дилбар» яхтасида беш миллион евролик суратлар мусодара қилган. Баҳорда 67-ўринга кўтарилган ўзбек паспорти кучи кузда 72-қаторга тушган. Ўзбекистон Усмонов ва синглиси учун Европа Иттифоқидан санкцияларни бекор қилишни сўраган. Инвесторлар 1 млн долларга Ўзбекистон паспортини оладими? Уруш ҳавфи бор ҳудуддаги ўзбекистонлик талабаларнинг ўқиши Ўзбекистонга кўчирилади. Куннинг муҳим тафсилотлари.
- Алишер Усмоновга Германиянинг қандай даъволари бор?
- Ўзбекистоннинг Усмонов ва синглиси учун Европа Иттифоқидан илтимоси
- Кучли паспортлар рейтингида Ўзбекистон 72-ўринга тушди
- Ўзбекистон фуқароликни 1 млн долларга сота оладими?
- Қримдаги талабаларнинг ҳам ўқиши Ўзбекистонга кўчирилади
Яхтадаги беш миллион евролик суратлар
Германия ҳукумати миллиардер Алишер Усмоновга тегишли эканлиги тахмин қилинаётган рассом Марк Чагаллнинг 30 та расмини мусодара қилди, деб ёзади Sueddeutsche Zeitung нашри.
Хабарда ёзилишича, қиймати беш миллион евро бўлган асл санъат асарлари Усмонов билан боғлиқ бўлган 156 метрлик «Дилбар» яхтасида бўлган. 2021 йилда яхта Гамбургда таъмирланган ва шундан сўнг расмлар Hamburger Spedition омборига кўчирилган.
Германия ҳукумати 600 миллион долларлик «Дилбар» яхтасини 2022 йил мартида Усмоновга Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан санкция қўйганидан кейин ҳибсга олган эди. Германия қонунчилигига кўра, Усмонов немис расмийларини мамлакатдаги барча мулклар, жумладан, расмлари ҳақида ҳам хабардор қилиши керак эди, деб ёзади Sueddeutsche Zeitung.
Германия расмийлари Усмоновни 500 миллион евродан ортиқ солиқ тўламаганликда гумон қилмоқда. Немис терговчилари Усмоновга алоқадор бўлган Тегернзее кўли бўйидаги виллани тинтув қилишган ва тадбиркорнинг сўнгги йилларда Германияда яшаганини, яъни у солиқ тўлаши кераклигини аниқлаган.
Der Spiegel Германия Бош прокуратураси вакилига таяниб, Усмонов иши бўйича Швейсариянинг энг йирик UBS банкининг Франкфурт-на-Майн ва Мюнхендаги филиалларида тинтувлар ўтказилгани ҳақида хабар берди.
Алишер Усмонов мусодара қилинган расмлар, яхта ва виллага алоқаси борлигини рад этади. Бу мулкнинг барчаси у назорат қилмайдиган фондларга тегишли, дейди миллиардернинг вакили.
Алоқадор мавзулар:
- HRW: Ўзбекистон оммага қарши граната қўллаш сиёсатини қайта кўриб чиқсин!
- Ўзбекистон: Салкам 16 миллиард сўмга машина сотиб олган Маданият вазирлиги ва 100 миллион сўм билан қўлга тушган ҳоким
- Янгиликлар. Россия ва Ўзбекистон: Энди Россияга бориш, ишлаш қийинлашадими - Россия яна миграция сиёсатини ўзгартирмоқчи. Видео
- Янгиликлар. Ўзбекистон ва Дунё: Ўзбекистон Россия телеканаллари таъсиридан қутулмоқчими? 20 эркакка ОИТС юқтирган аёл ким?
Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқига илтимоси
Financial Times Ўзбекистон Европа Иттифоқидан Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилишни сўради ва чекловлар миллиардернинг мамлакат иқтисодиётига сармоя киритишига тўсқинлик қилаётганини таъкидлади, деб ёзди.
Нашрнинг ёзишича, Тошкент Брюссел билан бўлиши мумкин бўлган суд жараёнида тадбиркорга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга ҳам тайёр.
Ўзбекистон асли ўзбек бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов ва унинг синглиси Гулбаҳор Исмоиловага нисбатан санкцияларни бекор қилиш учун Европа Иттифоқига лоббичилик қилмоқда. Бу ҳақда Financial Times нашри муҳокамалардан хабардор манбаларга таяниб хабар берди.
Тадбиркор феврал ойида Россиянинг Украинага ҳарбий босқинидан кейинги кунларда Европа Иттифоқи санкцияларига дучор бўлган 26 россияликдан бири эди.
Санкциялар рўйхатида Алишер Усмонов гўёки Қримнинг аннексия қилиниши ва Украинадаги беқарорлик учун жавобгар бўлган Россия расмийларини қўллаб-қувватлагани қайд этилган.
Нашр суҳбатдошларига кўра, Ўзбекистон расмийлари Европа Иттифоқи вакиллари билан учрашувларда Усмоновга қарши санкциялардан хавотир билдирган. Тошкент бизнесменга қарши санкциялар, жумладан, активларини музлатиш ва саёҳатни тақиқлаш миллиардернинг бойлигининг бир қисмини Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш имкониятини чеклаб қўйганини даъво қилмоқда, деб ёзади FT.
Шунингдек, Тошкент Европа Иттифоқи санксияларни бекор қилишдан бош тортса, Брюсселга қарши эҳтимолий суд жараёнида Алишер Усмоновга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга тайёр, деб ёзади газета.
Financial Times Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги FTнинг изоҳ сўровларига жавоб бермаганини билдирган. Усмоновнинг матбуот котиби газетага берган интервюсида Ўзбекистон ҳукуматининг ҳаракатларига изоҳ бера олмаслигини айтди, бироқ санкциялар "ҳақиқатан ҳам сармоявий ва хайрия лойиҳаларига халақит бераётганини" тан олди.
Ўзбекистон паспорти 1 млн долларга сотилади
Ўзбекистонга камида 1 млн доллар инвестиция киритган хорижликларга соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон фуқаролигини олишлари мумкин бўлади. Фақат хорижлик инвесторларгина эмас, балки таниқли олимлар, спортчилар, маданият ва санъат арбобларига ҳам Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлиш имконияти берилади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисидаги қонунга қўшимчалар ишлаб чиқиб, уни жамоатчилик муҳокамасига қўйган.
Қонун лойиҳасига кўра, мамлакатдаги инвестиция лойиҳаларига камида 1 миллион доллар эквивалентида маблағ киритган хорижий фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар учун Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда. Бундай имконият нафақат инвесторларга, балки бошқа мамлакатларнинг таниқли олим, спортчи, маданият ва санъат арбобига нисбатан ҳам тадбиқ этилади.
Қонун лойиҳаси президент Администрациясининг 2022 йил 10 мартдаги топшириғи ва ҳукуматнинг «Вужудга келаётган халқаро инқироз шароитида туризм тармоғи имкониятларидан фойдаланиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисидаги «йўл харита»си»га асосан ишлаб чиқилгани маълум қилинган.
Ҳужжатда таклиф этилаётган янги норма давлатнинг инвестициявий жозибадорлиги оширишга, республика инвестиция муҳитида бўлаётган ижобий ўзгаришларга халқаро ишбилармонлар ҳамжамиятининг эътиборини жалб қилишга ва халқаро майдонда мамлакат нуфузини оширишга хизмат қилади.
Лойиҳа муҳокамаси 23 ноябрга қадар давом этади.
Туркия паспорти 400 минг доллар
Фуқароликни сотиш - ўнлаб давлатларда тарқалган амалиёт. Сармоя учун мамлакат паспортини бериш 1984 йилдан буён қўлланиб келинмоқда. Кариб оролидаги Сент-Китс ва Невис давлати бошлаган бу амалиёт бугунги даврга келиб Туркия, Черногория, Кипр ва Малтада анчайин машҳур.
Масалан, Туркия ватандошликни 400 000 долларлик инвестиция эвазига таклиф қилади. Туркия паспорти дунёдаги кучли паспортлар рейтингида 41-ўринни эгаллаган.
Ўзбекистон паспорти эса мазкур рўйхатнинг 72-қаторидан жой олган.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон паспорти етакчи бўлиб, 58-ўринда, энг охирида 81-ўрин билан Туркманистон турибди.
МДҲ давлатлари орасида Украина паспортининг қадри (22-ўрин) Россияникидан (40-ўрин)анча баланд. Қўшни Қирғизистон Ўзбекистон билан бир қаторда (72-ўрин) бўлса, Тожикистон паспорти сал пастда (75-ўрин) жойлашган.
Дунёдаги энг кучли паспортлар рейтингининг 1-ўрни Бирлашган Араб Амирлиги паспортида бўлса, сўнгги қаторини неча йилларки, Сурия (97-ўрин) ва. Афғонистон (98-ўрин) эгаллаб келмоқда.
Қримдаги талабаларнинг ҳам ўқиши Ўзбекистонга кўчирилади
Ижтимоий тармоқларда Қримда таҳсил олаётган ўзбекистонлик бир гуруҳ талабалар президент Шавкат Мирзиёевга йўллаган видеомурожаати и тарқалган эди. Россия-Украина уруши ортидан хавфли вазиятда қолаётганини айтган ўзбекистонликлар В.И.Вернадский номидаги Қрим федерал университетининг учинчи курс талабалари экани маълум бўлди.
Видеомурожаатдан сўнг Ўзбекистон президенти топшириғига кўра Қрим ва Севастопол ҳудудларидаги ОТМларда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларга ўқишини Ўзбекистондаги ОТМларга истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилди. Бу борада давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кабул килиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича Давлат комиссиясининг тегишли баёни қабул қилинди.
Аввалроқ, 1 ноябрь куни Россия Федерациясининг (Украина билан чегарадош) Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги ОТМларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek