Ўзбекистон: Салкам 16 миллиард сўмга машина сотиб олган Маданият вазирлиги ва 100 миллион сўм билан қўлга тушган ҳоким Yangiliklar O'zbekiston

Маданият вазирлиги икки машина учун қарийб 16 миллиард сўм сарфлаган;

Тахиатош ҳокими қамоққа олинди;

ДХХ террорчиликда гумонланган шахсни Ўзбекистонга қайтарди;

9 ойда 11 та янги масжид қурилгани маълум қилинди;

16 миллиард сўмга икки машина.

Тармоқда Маданият вазирлиги салкам 16 миллиард сўмга иккита махсус автомобиль харид қилгани тўғрисидаги хабар муҳокамаларга сабаб бўлган.

Давлат харидлари электрон тизими маълумотларида вазирлик "Маданият карвони" учун мўлжалланган, тегишли мусиқа техникаси ва саҳнага эга 2 дона "Man" русумли махсус автофургон хариди учун 7 октябрь куни юридик шахс билан 15 миллиард 514 миллион 900 минг сўмлик шартнома имзолагани кўринади.

Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг автофургонларни харид қилишга розилик сўраб, 26 сентябрь куни Бош вазир Абдулла Ариповга йўллаган хатига 7 октябрь куни ижобий жавоб берилган.

"Қисқа муддатларда махсус автотранспорт воситаларини тўғридан тўғри шартномалар асосида экспертизадан ўтказмасдан харид қилиниши таъминлансин", дейилади Бош вазирнинг розилик хатида.

Тармоқ фойдаланувчилари Маданият вазирлигининг автомашиналарнинг ҳар бири учун салкам 7,8 миллиард ёки қарийб $700 минг сарфлаши қанчалик асосли эканини савол остига олганлар.

Маданият вазирлиги автомашиналар хариди учун асос қилиб келтирган президент қарорида эса янада каттароқ сумма тўғрисида сўз боради.

Президентнинг 2 февралдаги "Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида "Маданият карвони" шаклида ҳудудларда ўтказиладиган концерт-томоша тадбирлари учун 1 июнга қадар тегишли мусиқа техникаси ва саҳнага эга икки дона махсус автотранспорт воситаси харид қилишга кўрсатма берилган ҳамда молия вазири Тимур Ишметовга автомашиналар хариди учун давлат бюджетидан қўшимча 20 миллиард сўмни Маданият вазирлигига ажратиш вазифаси юкланган.

Маданият вазирлигининг ушбу қиммат хариди жамоатчилик назарига тушишидан атиги бир неча кун аввал молия вазири Тимур Ишметов Ўзбекистон иқтисодиёти жуда қийин босқичда экани ҳамда барча давлат харажатларини камайтириш зарурияти ҳақида гапирган эди.

Қамоққа олинган Тахиатош ҳокими

Тахиатош тумани ҳокими Илҳом Маткаримов фирибгарлик йўли билан 100 миллион сўм пул олгани ортидан қамоққа олинган.

Хабар қилинишича, ҳоким фермер хўжалиги раҳбаридан пул олишда айбланмоқда.

Қорақалпоғистон прокуратураси ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини олиб бораётганини маълум қилган.

Прокуратура ҳокимнинг 1 ноябрь куни қўлга олинганини билдирган бўлсада, расмий хабар орадан бир неча кун ўтгач - 5 ноябрь кечга томон эълон қилинган.

Шу тариқа, Маткаримов сўнгги вақт ичида терговга тортилган Термиз шаҳри, Қарши шаҳри, Музработ тумани собиқ ҳокимларидан сўнг амалдаги лавозимида қўлга олинган илк ҳокимга айланган.

Маткаримов Тахиатош туманини 2020 йил июнь ойидан буён бошқариб келаётган эди.

Ўзбекистонга қайтарилган фуқаро

ДХХ Суриядаги жанговар ҳаракатларда қатнашган фуқаро Ўзбекистонга олиб келинганини хабар қилган.

Маълум қилинишича, 1995 йилда Фарғона вилоятида туғилган Х.М. хорижда мавсумий ишлаган даврида интернет орқали халқаро террористик ташкилотлар аъзолари билан доимий алоқада бўлган.

"Уларнинг таъсирида 2019 йилда Сурияга бориб, "Тавҳид ва жиҳод катибаси" террористик ташкилоти сафига қўшилган ҳамда жанговар ҳаракатларда қатнашган", дейилади хабарда.

ДХХ 27 ёшли шахс қайси давлатда қўлга олинганига аниқлик киритмаган.

9 ойда 11 та янги масжид

Ўзбекистонда январь-сентябрь ойларида 11 та янги масжид давлат рўйхатидан ўтказилган ва уларнинг сони 2 112 тага етган.

Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

"Ўз навбатида, 2022 йилнинг 9 ойи давомида 49 та масжид қайта қурилиб, 35 таси қайта таъмирланган. Бундан ташқари, ҳозирги кунда республикада 325 та масжидда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда", дейилади хабарда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek