You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон ва Дунё: Рамзан Қодиров уч ўғлини жангга юбордими? Энг кўп пул барибир Россиядан. Президентнинг Европа сафари ва Чирчиқда портлаш. Янгиликлар
- Рамзан Қодировнинг уч ўғли фронтга юбориладими ёки ўқув машғулотига?
- Шавкат Мирзиёевнинг Европага сафари, таҳлилчилар нима дейди?
- Чирчиқ заводининг портлаши, жароҳатланганлар бор.
- Мигрантларнинг янги рекорди: Пул ўтказмалари 2 ярим баробар кўп
"Жангга ва олдинги сафга"
Рамзан Қодиров ўғилларини фронтга жўнатмоқчи.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг айтишича, унинг вояга етмаган фарзандлари Аҳмат, Эли ва Адам тез орада Украинадаги ҳарбий амалиётда қатнашишини эълон қилди.
"Аҳмат, Эли ва Адам СВО ҳудудида ўз маҳоратларини ишлатишга тайёр. Мен ҳазиллашаётганим йўқ. Ҳақиқий жангда ўзларини кўрсатиш вақти келди", деб ёзди Рамзан Қодиров ўзининг Телеграм-каналида.
Чеченистон президенти ўғилларининг жангда иштирокини "олдинги сафда, тўқнашув чизиғининг энг қийин участкаларида бўлади", деди ва унинг яқинлари жангларда қатнашмаётгани борасидаги гап-сўзларни бу ҳаракат инкор қилишини билдирди.
Шунингдек, Рамзан Қодиров ўғилларининг ҳарбий тайёргарлиги кичик ёшдалигидан бошланганини ёзган.
Россия мустақил нашрлари Қодировнинг ўғиллари фронтга олд сафга эмас, хавфсиз жойлардаги ўқув машғулотларда иштирок этиши мумкинлигини ёзишмоқда.
Алоқадор мавзулар:
- Украина. Янгиликлар: Путин энди ортга қайтмайдими? Видео
- Ўзбекистон. Янгиликлар: Мигрантлар урушга олинмайди, ноҳақ сазойи ва ноқонуний жарима, Ўзбекистоннинг суд тизимини АҚШ ислоҳ этадими?
- Россия Европага газ етказувчи қувурини ўзи портлатяптими? Норд Стрим 1 ва 2да янги ёриқлар
- Ўзбекистон баёнот берди: Расмий Тошкент Россияни қўлладими ёки Украинани? Янгиликлар
Президент Европада
Айни пайтда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга расмий ташриф билан Будапештда бўлиб турибди.
- "Будапешт шаҳрида Венгрия Парламентининг биноси рўпарасидаги Лайош Кошут номидаги майдонда расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Майдонда олий мартабали меҳмон шарафига пиёда ва отлиқ аскарлардан иборат фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр икки мамлакат давлат мадҳияларини ижро этди. Президент Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Президенти Каталин Новак расмий делегациялар аъзоларини қутладилар. Маросим якунида фахрий қоровул тантанали равишда саф тортиб ўтди", маълум қилди Президент матбуот хизмати.
Хабарга кўра, саммит доирасида Венгрия Президенти Каталина Новак билан учрашув режалаштирилган. Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан тор доирада ва кенгайтирилган таркибда учрашув ўтказадилар. Якунда икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланиши кутилмоқда
- "Президентимизнинг ташрифи доирасида Венгриянинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан ҳам учрашиш кўзда тутилган", - дейилади хабарномада.
Венгрия - кузатувчи
Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистоннинг Венгрия билан яқинлашуви замирида, кўпроқ иқтисодий ва геоиқтисодий лойиҳалар туради, геосиёсат ва геомафкура эмас.
"Венгрия аҳолиси 10 миллионга яқин. Иқтисодиёти анча тез ўсмоқда", - деб ёзади, жумладан, Камолиддин Раббимов мазкур ташриф ҳақида.
Шавкат Мирзиёев шу соатларда Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистонда фақат Венгрия компаниялари учун мўлжалланган алоҳида саноат зонасини яратиш ва уни барча зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш таклиф этилгани айтилди.
Сиёсатшунос Ўзбекистон президентининг Венгрияга ташрифи икки йилларча олдин режалаштирилгани, Венгрия - Турк давлатлар ташкилоти кузатувчиси эканлигини билдиради.
"Бу ташкилотга Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон аъзо, Туркманистон ва Венгрия - кузатувчи. Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Европа Иттифоқидаги репутацияси анча зиддиятли", - деб ёзади таҳлилчи.
Шу йил ноябрь ойида эса, Самарқандда ташкилот саммити ҳам режаланган.
Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга икки кунлик расмий ташрифи худди ана шу олиймақом йиғин арафасига тўғри келаётгани билан ҳам кўпчиликнинг диққатини ўзига тортган.
Таҳлилчи эса, ўз постида Туркий давлатлар ташкилотида Виктор Орбаннинг муттасил иштирок этиб келишини таъкидлаган.
Ўзбекистон ва Жаҳон Банки стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқчи
Бу ҳақда Жаҳон Банки вице-президенти Анна Бьерденинг Ўзбекистонга ташрифи мобайнида эълон қилинди.
Жаҳон Банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Бьерде Ўзбекистонда 29 сентябрдан 2 октябргача бўлган, Президент Шавкат Мирзиёев, Бош вазир ўринбосари - Иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, Бош вазир ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев, Молия вазири Тимур Ишметов, Марказий Банк раиси Мамаризо Нурмуродов, Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директори Шуҳрат Вафаев билан музокаралар ўтказган.
"Давом этаётган глобал нотинчлик ва инқирозларга қарамай, фуқаролар фаровонлигини ошириш мақсадида инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётини барпо этиш бўйича ислоҳотлар Ўзбекистон ҳукуматининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Биз расмийларнинг бу борадаги изчил саъй - ҳаракатларини олқишлаймиз", - деди Бьерде хоним.
Жаҳон Банкидан маълум қилишларича, банкнинг Ўзбекистондаги дастури унинг Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик учта операцияларидан бири ҳисобланади. 1 октябрь ҳолатига кўра, Жаҳон банкининг молиявий ёрдами билан Ўзбекистонда 27 лойиҳа амалга оширилаяпти, уларнинг умумий қиймати 4, 76 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Ўзбекистонга сафари олдидан Бьерде хоним Ўзбекистон ҳукуматининг 2020 йилги Ковид вазиятига қарамасдан, иқтисодий ўсишнинг уддасидан чиққанини юқори баҳолаган, қашшоқликни камайтириш йўлида янги иш ўринларини барпо этиш муҳимлигини урғулаган.
Чирчиқда портлаш
4 октябрь тонгида Чирчиқ шаҳридаги шаҳридаги "Максам Чирчиқ" АЖ қарашли 5-заводда ёнғин чиқиб, оқибатда ишлаб чиқариш объектида портлаш юз берган.
Хабарларга кўра, ҳолатни ФВВ ва ҳуқуқ-тартибот идоралари дарҳол назоратга олган. Ёнғин бир неча соатлар ичида ўчирилган.
Ёнғин оқибатида заводнинг 2 нафар ходими жароҳатланган, улар Чирчиқ шифохонасига ётқизилган.
- Ҳодисанинг сабаб ва оқибатларини атрофлича баҳолаш мутахассислар томонидан алоҳида текширувни талаб қилиши туфайли, кейинроқ батафсил ахборот берилади, деб ёзади Тошкент вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, "Максам Чирчиқ" АЖ Ўзбекистонда кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи асосий корхоналардан бири бўлиб, мамлакатдаги биринчи азот заводи базасида ташкил этилган.
Корхона Ўзбекистонда 80 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида минерал ўғитлар ва бошқа кимё маҳсулотларини йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.
Мигрантларнинг янги рекорди
2022 йилнинг олти ойлик даври мобайнида Ўзбекистонга 6,5 миллиард долларлик трансчегаравий ўтказмалар амалга оширилдган, унинг 5,3 миллиард доллари Россиядан жўнатилган.
Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан пул ўтказмалари ҳажми 2,4 бараваргага ошиб, 2,24 миллиард долларга етган.
Трансчегаравий ўтказмалар борасида 2-ўрин Қозоғистон (327 миллион доллар), 3-ўрин АҚШ (237 миллион доллар), 4-ўрин Корея Республикаси (138 миллион доллар) га тегишли.
Маълумотларга кўра, мамлакатга юборилган пул ўтказмаларининг умумий ҳажми 6,53 миллиард долларгача, яъни 1,96 баробарга ошган.
"Коммерсант.ру" нашри Visa и Master Card тўлов тизимлари Россияда ўз фаолиятини тўхтатганидан сўнг, россияликлар бошқа мамлакатлардаги банк карталарини фаол равишда расмийлаштира бошлаганликларини ёзмоқда.
Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, йил бошидан буён хорижликларнинг мамлакатда ҳисоб рақамларини очиши 15-20 фоизга ошган. Ҳисоб рақамларини очган хорижликларнинг аксарияти - россияликлардир.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek