Ўзбекистон. Янгиликлар: Мигрантлар урушга олинмайди, ноҳақ сазойи ва ноқонуний жарима, Ўзбекистоннинг суд тизимини АҚШ ислоҳ этадими? O‘zbekiston Rossiya Dunyo Yangiliklar

  • Элчихона баёнот билан чиқди;
  • Ўзбекистонда нархлар 9 ойда 12 фоиз ошган;
  • Ўзбекистон судини Америка ташкилоти ислоҳ қиладими?
  • Инсофсиз ижрочилар рўйхати тузилади;
  • Ўқувчилар рақсини кимлар қоралади?
  • Ноқонуний жарима ва ноҳақ сазойи;

Мигрантлар урушга мажбурланмайди

Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси меҳнат муҳожирларининг ҳарбий хизматга мажбурланиши борасидаги хабарларни рад этди.

"Интернетда чет эл фуқаролари, жумладан, Марказий Осиё давлатларидан келган меҳнат муҳожирларининг Россия Федерациясида ҳарбий хизматга мажбурий чақирилиши ҳақидаги миш-мишлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Россия ИИВнинг сохта буйруғига таяниб, Россияда вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари қисман сафарбар қилиниши ҳақидаги сохта хабарларни тарқатмоқда. Гўёки агар улар шартнома тузишдан бош тортса, ишлашга рухсатномалари бекор қилинади ва депортация қилинади. Биз Россияда бўлган Ўзбекистон фуқароларини турли провокацияларга берилмасликка ва фақат расмий маълумотларга эътибор қаратишга чақирамиз", дейилади расмий баёнотда.

Ижтимоий тармоқларда Россия Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларини кўнгилли равишда ҳарбий хизматга таклиф этилаётгани ва бунинг учун яхши ҳақ, уй ва турли имтиёзлар ваъда қилинаётгани ҳақида хабарлар кенг берилмоқда.

Москва мэри Сергей Собянин "Сахарова"да жойлашган Кўптармоқли миграция марказида мигрантлар учун ҳарбий комиссариат ташкил этилишини расман маълум қилган.

Марказий осиёликларни Россияда шартнома асосида ҳарбий хизматга жалб этилиши мақсадидаги турли ташвиқот варақаларининг тасвирлари ҳам ижтимоий тармоқларда берилмоқда.

Алоқадор мавзулар:

9 ойда 12 фоиз

Ўтган 9 ой давомида Ўзбекистонда нархлар 12,2 фоизга қимматлаган. Бу ҳақда Давлат Статистика қўмитаси маълум қилди.

- Ўзбекистонда сентябрь ойига келиб, истеъмол нархлари индексининг ўсиш даражаси 12,2 фоизга етди. 2022 йилнинг сентябрь ойида нархлар ва тарифлар ўсишида етакчи ўринларни озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллаб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 1,4 фоизга ошди, - дейилади қўмита хабарида.

Маълумотга кўра, сентябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 1 % га ошган. Шу билан бирга ноозиқ-овқат товарлари нархлари 0,7 % га қимматлаган.

Давлат статистика қўмитаси ўтган ойда аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш ҳам 0,8 фоизга ошганини билдиради.

Суд тизимининг 3 йиллик ислоҳоти

Америка нодавлат нотижорат ташкилоти Ўзбекистонда суд тизимини ислоҳ қилмоқчи.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Американинг East-West Management Institute нодавлат нотижорат ташкилотига Ўзбекистонда ишлашга рухсат берди, деб ёзади "Подробно.уз" нашри.

Хабарга кўра, мазкур ташкилотнинг асосий мақсади судьяларнинг касбий тайёргарлиги ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жараёнига халқаро стандартларни жорий этиш, судьялар фаолиятини баҳолаш соҳасида илғор илмий тажрибаларни ўрганишга кўмаклашишдан иборат. Бундан ташқари, ташкилот судьялар ва соҳа ходимлари учун малака ошириш дастурларини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилади.

- "Шарқ-Ғарб бошқарув институти Ўзбекистон Олий суди ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда Ўзбекистонда адолатли одил судловни амалга ошириш, судьяларнинг касбий маҳоратини ва аҳолининг суд тизимига ишончини ошириш мақсадида суд ҳокимиятини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини амалга оширмоқда", - дейилади хабарда.

Шунингдек, Америка ННТ Ўзбекистонда 2025 йил 31 декабргача ишлашни режалаштиргани маълум қилинган.

Инсофсиз ижрочилар рўйхати

Ўзбекистонда "Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри" юритилади. Бу ҳақда "Халқ сўзи" нашри хабар бермоқда.

Нашрга кўра, давлат харидлари бўйича ўтказиладиган электрон савдо ва тендерларда тенг рақобат муҳитини яратиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида давлат солиқ қўмитаси солиқ хавфи юқори деб баҳоланган солиқ тўловчилар рўйхатини ўз расмий веб-сайтида жойлаштиради.

Шунингдек, Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган солиқ тўловчилар давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган томонидан "Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри"га киритилади.

Ўқувчилар рақсини кимлар қоралади?

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сигментида вояга етмаган ўқувчи қизларнинг рақсга тушгани видеоси тарқалганди. Маълум бўлишича, ўқувчиларнинг рақси тарқалган видеотасвир Навоий вилояти Кармана тумани касб-ҳунар мактабининг фаоллар залида байрамга тайёргарлик жараёнида олинган.

Мазкур ҳолатга Навоий вилояти оила ва хотин-қизлар бошқармаси муносабат билдириб, "ўзбек миллатига муносиб бўлмаган, ўзбекона урф-одатларимизга тўғри келмайдиган рақс", дея баҳолаган.

"Ушбу ҳолатлар мутасадди раҳбарлар ҳамда вояга етмаган ўқувчи қизларнинг ота-оналари иштирокида муҳокама қилиниб, уларнинг таълим-тарбиясига оид қатъий чора-тадбирлар белгилаб олинди", — дейилади бошқарманинг Telegram каналида.

Шу билан бирга, вояга етмаган ўқувчи қизларнинг ота-оналарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-модда 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги аниқланиб, белгиланган тартибда жаримага тортилгани маълум қилинган.

Ноқонуний жарима ва ноҳақ сазойи

Навоийлик ўқувчи қизларнинг рақси ортидан сазойи қилиниши, ота-оналарининг жаримага тортилиши масаласига Ўзбекистон Адлия бошқармаси тезда муносабат билдирди.

Навоий вилоят Адлия бошқармаси Кармана туманидаги фарзандларининг рақси учун ота-оналарига нисбатан қўлланилган жаримани ноқонуний, деб топди ва бекор қилди.

- Ушбу ҳолат ҳам адлия органлари томонидан ўрганилганда мактабнинг ҳеч бир ходими билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаганлиги маълум бўлди, - деб ёзади вилоят адлия бошқармаси расмий каналида.

Шунингдек, адлия бошқармаси ОАВ ва жамоатчиликка "Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида" қонуннинг мавзуга тегишли бандларини келтириб ўтган.

- "Шу ўринда адлия органлари тарбия ва ахлоқ, маънавий қадриятларга мос равишда келажак авлодни тарбиялаш, шубҳасиз, жамиятнинг муҳим бўғини эканлигини тўлиқ эътироф этади. Шу билан бирга, ахлоқий масалаларни ҳал этишда ҳуқуқ нормаларининг асоссиз қўлланилиши ва бу орқали шахсларнинг Конституция ва қонунлар билан кафолатланган ҳуқуқ ва манфаатларига дахл этиш мумкин эмаслигини эслатиб ўтади", - дейилади хабарда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek