Ўзбекистон баёнот берди: Расмий Тошкент Россияни қўлладими ёки Украинани? Янгиликлар O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Расмий Тошкент аннексия келишувлари имзоланиши, Путиннинг бу хусусда катта чиқиш қилиши кутилаётган бир кунда баёнот берди. Ўзбекистон Қозоғистондан кейин Украина атрофидаги вазият ва россияликлар хусусида расман ўзининг мавқеини очиқлаган иккинчи Марказий Осиё давлати бўлди. Қозоғистон тан олмаслигини айтган. Ўзбекистоннинг расмий баёноти нега бирдан таҳлилчилар эътиборига тушди - bbcuzbek.com дайжести.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистон қандай позицияда?

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Украина атрофидаги вазият бўйича баёнот берди.

- Ўзбекистон Республикаси ўзининг ташқи сиёсатини амалга оширишда миллий манфаатларга, асосий тамойиллар саналувчи, жумладан, очиқлик, тенг ҳуқуқлилик, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик каби устуворликларга доимо содиқдир, - дейилади вазирлик ахборотида.

ТИВ Ўзбекистон мавжуд вазиятни халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш учун шартларни имкон қадар тезроқ ишлаб чиқиш тарафдори эканлигини маълум қилган.

Шунингдек, вазирлик Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келаётган Россия Федерацияси фуқаролари сонининг кўпайиши мавзусига ҳам ойдинлик киритган.

- Уларнинг (россияликларнинг - таҳр.) мамлакатимизда бўлиш масаласи, шунингдек, эҳтимолий экстрадиция қилиниши Ўзбекистон қонунчилиги, икки томонлама ва кўп томонлама ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинишини қайд этамиз, - дейилади ТИВ баёнотида.

Ва шу билан бирга, ҳуқуқбузарлик содир қилмаган хорижий давлат фуқаролари мажбурий депортация қилиб юборилмаслигини таъкидлаган.

Ўзбекистон Украина атрофидаги вазият бўйича баёнот билан чиққан минтақадаги иккинчи давлатдир.

ТИВ баёнотида Украина ҳудудларини қўшиб олиш референдуми борасида эслатмаган.

Фарғоналик фаол нега қамалди?

Ўзбекистонда ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Азиз Юсуповнинг ҳибсга олинган. Фарғоналик фаолнинг 25 сентябр куни ИИБ га чақиртирилиб, қамоққа олингани ҳақида Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари хабар бермоқда.

Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (МОИҲА)га кўра, Азиз Юсупов ҳуқуқ ҳимоячиси, мустақил журналист ва собиқ сиёсий маҳкум ҳисобланади. У ЕХҲТнинг Варшавада бўлиб ўтадиган инсон ҳуқуқлари бўйича конференцияга таклиф этилган эди.

«Бундан мақсад унинг олий даражадаги конференцияда иштирокига йўл қўймаслик бўлгандек таассурот қолдиради», дейилади МОИҲА баёнотида.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Азиз Юсупов барча айбловларни рад этган ва қамоққа олиниши унинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти билан боғлиқ деб ҳисоблайди.

«Азиз Юсуповнинг ҳибсга олиниши Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатда инсон ҳуқуқлари борасида муваффақиятли ислоҳотлар олиб бораётганига шубҳа уйғотади», дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти (IPHR) директори Брижит Дюфур.

Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси баёнотида Юсупов Варшавадаги конференцияда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги аҳвол ҳақида мустақил маълумот тақдим этиш мақсадида бўлган.

Шунингдек, ташкилот Азиз Юсупов сўнгги пайтларда Ўзбекистондаги маҳбуслар, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар ва болалар қатламинининг аҳволини ўрганиш, уларга ёрдам кўрсатиш билан шуғулланиб келганини маълум қилган. Шу билан бирга сиёсий сабабларга кўра жазо ўтаётганлар ва қийноққа учраганлар билан туркум суҳбатлар уюштиргани айтилади.

Маълумотларга кўра, «Азиз Юсупов жорий йилнинг 23 сентябр куни Польша элчихонасига конференцияда қатнашиш учун юборилган таклифномани кўрсатиб виза учун ариза топширган. 25 сентябрда ҳибсга олинган, 27 сентябрда унга нисбатан Жиноят кодексининг 276 моддаси 1 банди- гиёҳванд моддаларни сақлаш айблови қўйилиб, уч ой муддатга эҳтиёт чораси сифатида қамоққа ҳукм қилинган»

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу айбловни шубҳа остига олишган.

«Юсупов иши Ўзбекистон ҳукумати ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан сохта айбловлар қўллаш амалиётини яна бошлаганини кўрсатади. Биз яна бир бор инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари обрўсизлантирилиб, уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида жиноий ишларда айбланаётганига гувоҳ бўляпмиз», — деб айтган Норвегия Хельсинки қўмитаси (NHC) бош котиби Берит Линдеман

Ўзбекистон расмийлари томонидан Азиз Юсуповнинг ҳибсга олиниши ҳолати борасида ҳозирча изоҳ берилгани йўқ.

Мигрантлар алдаб шартномага имзо чектирилаяптими?

Россиядаги асли ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари мигрантларнинг патент расмийлаштириш учун миграция марказига боришганида ҳарбий шартномага алдаб, қўл қўйдириб олинаётгани ҳақида ёзишмоқда.

Юристларга кўра, Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига патент учун зарур ҳужжатлар орасида ҳарбий хизматга ёлланиш шартномаси ҳам тақдим этилмоқда. Рус тилини билмайдиган ёки расмий ибораларда ёзиладиган ҳужжатларга эътиборсиз муҳожирлар ўзлари билмаган ҳолда, шартномага имзо чекаётган ҳоллари бўлмоқда.

Мигрантлар учун бепул юрист Валентина Чупик унга келиб тушаётган мурожаатларга асосан шартномага имзо чеккан мигрантлар патентга ҳужжат топиширилганини билдирувчи маълумотда белги қўйиш билан ажратилаётганини айтади.

Юрист Зарнигор Омониллаева ихтиёрига қарши шартномага имзо чеккан мигрантларга тавсиялар берди.

- «Агар ҳарбий шартномага билиб-билмай қўл қўйиб қўйган бўлсангиз, олдингизда учта йўл турибди. Чақирув келганида (телефон қилишганида) айтилган жойга бормай, ишлаб юриш, Россиядан зудлик билан чиқиб кетиш ва судлашиш», дейди ҳуқуқшунос.

Юристга кўра, мигрантлар учун бундай вазиятда Россиядан чиқиб кетиш варианти энг маъқулидир.

- Айниқса, сизга телефон қилиб, шартнома бўйича хизматга чақиргунларича чиқиб кетишга улгурсангиз умуман хавфсиз. Фақат билетларнинг нархини кўриб турибсиз, поезд ёки машинада эса навбатлар борлигини ҳисобга олинг, - дейди Зарнигор Омониллаева.

Шунингдек, юрист мигрантларнинг Россияда ҳар бир имзо чекадиган ҳужжатига диққатли бўлишга чақиради.

Боғча болалари нимадан заҳарланди?

Тошкент вилоятида 40 нафарга яқин боқча ёшидаги болалар заҳарланган.

«Xabar.uz» нашри Қуйи Чирчиқ тумани 8-мактабгача таълим муассасасининг 40 нафарга яқин тарбияланувчилари тумандаги юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилгани айтилаётганини билдирган.

- Таҳририятига келиб тушган мурожаатга кўра, ота-оналар фарзандларини боғчада овқатдан заҳарланган деб ҳисоблашмоқда. Мурожаатда болаларнинг ич кетиши ва иситмаси чиқаётганлиги таъкидланади, - деб ёзади «Xabar.uz»

Мазкур хабарни Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати тасдиқлаган ҳамда нашрга воқеа жойида ишчи гуруҳи фаолият бошлаганини маълум қилган.

- Расмийларга кўра, шифохонада қолаётган болалар сони 20 нафарни ташкил этади. Айтилишича, болаларда касаллик белгилари турлича. Шифокор мутахассислар болалар боғчасидаги озиқ-овқат намуналари ва шифохонадаги таҳлиллар натижаси ўрганилаётганини қайд этишди, - дейилади «Xabar.uz» сайтида.

Шунингдек, таҳлиллар натижаларига кўра боқча болаларининг касалланиши борасида аниқ хулоса айтилиши таъкидланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek