You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
АҚШ Афғон самолётларини Ўзбекистонга бермоқчи Afg'oniston Tolibon O'zbekiston, янгиликлар
АҚШ Ўзбекистон ва Тожикистон билан Афғон ҳарбий самолёт ва вертолётлари бўйича савдолашаяпти, деб ёзди Politico рўзномаси.
Сайтга бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлигидаги ўз номини ошкор этишни истамаган юқори лавозимдаги мулозим айтган.
Пентагон вакили сўзларига кўра, Америка қарийб 50 учоқ ва тикучарни Ўзбекистон ва Тожикистонга ўз чегараларини қўриқлаш ва Афғонистондаги терроризмга қарши курашдаги ёрдами учун бериш ҳақида бош қотираяпти.
Пентагон мулозими сўзларига кўра, АҚШнинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан бу борадаги келишувида бу икки давлатда бор Афғонистондаги террорчилик тармоқлари ҳақидаги жосуслик маълумотларини Америка билан бўлашиш ҳам кўзда тутилган бўлади.
Пентагон вакили айтишича, ҳозирги пайтда Марказий Осиёда АҚШ ҳарбий базасини жойлаштириш масаласи муҳокама қилинаётгани йўқ.
Пентагон сўзчиси Роберт Лодевикнинг Politico га айтишича, "Мудофаа вазирлиги ҳозирги пайтда Марказий Осиёда қандайдир базага эга бўлиш ёки қандайдир мақсад билан АҚШ қуролли кучларининг доимий ҳозирлигига интилаётгани йўқ".
Politico рўзномаси ёзишича, гап 46 ҳарбий техника ҳақида бораяпти.
Ўтган йили августида Толибон пойтахт Кобулни қўлга киритганидан кейин Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари самолёт ва вертолётларни Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудига парвоз қилиб олиб ўтгандилар.
Politico рўзномаси ёзишича, 46 техника орасида C-208 ва A-29 Super Tucano самолётлари, Ми-17, Ми-25, UH-60 Black Hawk вертолётлари бор.
Толибон бир неча марта Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбариятига мурожаат қилиб, "бу самолёт ва вертолётлар Афғонистоннинг мулки, уларни бизга қайтариб беринг", деб сўраган.
Бироқ, Politico ёзишича, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий техника воситалари АҚШ мулки деб, уларни Толибонга қайтармаган.
Пентагон вакилининг сўзларига кўра, ушбу учоқ ва тикучарлар ўзларида қолишидан Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам "шубҳасиз, манфаатдордир".
2021 йил сентябрда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғон учувчилари ва уларнинг оилалари аъзоларига Ўзбекистон вақтинча бошпана берганини ва барча Афғон ҳарбийлари мамлакатни тарк этганини хабар қилди.
Август ойида Ўзбекистон Бош Прокуратураси ўзининг Телеграм каналида 14- ва 15-август кунлари 22 Афғон ҳарбий самолёти ва 24 вертолёти Ўзбекистонга ўтгани ҳақидаги хабарни эълон қилган ва кейинроқ ўчириб ташлаган.
Сентябрь ойида Толибон Термиздаги ҳарбий самолёт ва вертолётларни ва уларни Ўзбекистонга олиб қочган Афғон учувчиларини қайтариш борасида Ўзбекистонга босим ўтказаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Рейтер ахборот агентлиги Ўзбекистоннинг Афғонистонга чегарадош Термиз шаҳри яқинидаги чодир шаҳарчада ушлаб турилган Афғон ҳарбийлари, Ўзбекистон расмийлари, АҚШдаги сиёсатчилар ва Толибон билан суҳбатлашиб, ушбу мавзуда батафсил мақола эълон қилди.
Рейтер мақоласини инглиз, рус ва ўзбек тилларида қатор нашрлар қайта чоп этдилар.
Ўзбекистондаги Газета.уз чодир шаҳарчада 100 киши, Термиз яқинидаги Ковид марказига 650 афғонистонлик жойлаштирилгани ҳақида хабар қилган.
Рейтер агентлиги сунъий йўлдошдан олинган фотосуратларни ҳам эълон қилган.
Бундан олдин Би-би-си ҳам Ўзбекистон ҳудудида кўринган Афғон ҳукумат кучларига тегишли ҳарбий техника фотосуратларини эълон қилган эди.
Толибоннинг юқори мартабали етакчиси Кобул қулаганидан кейин берган интервьюсида ўз кучлари дронлар ва вертолётларни қўлга киритгани, лекин Ўзбекистонга олиб ўтилган самолётлар қайтарилишини исташини айтган.
"Иншооллоҳ, қолган самолётларимизни оламиз, улар Афғонистонда эмас", деган у.
АҚШда нашр этиладиган The Wall Street Journal хабар қилишича, Афғон ҳарбий учувчилари ва уларнинг оила аъзоларидан иборат жами 585 кишининг Ўзбекистондан Америка ҳарбий базасига кўчирилишига Ўзбекистон рухсат берган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek