Горбачёв Ўзбекистон мустақиллиги асосчилариданмиди ёки у СССРни сақлаб қололмадими? Дунё, янгиликлар

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар собиқ СССРнинг илк ва сўнгги Президенти Михаил Горбачёвнинг вафоти муносабати билан унинг шахсига назар ташлади. Фикр билдирганларнинг кўпчилиги уни Ўзбекистоннинг мустақилл бўлишига сабабчи бўлган давлат арбоби, деб таърифлаган бўлса, айримлар уни СССРни сақлаб қолишни истаган, аммо уддасидан чиқолмаган шахс сифатида эслаган.

Сиёсатчи ва Ўзбекистон парламенти собиқ депутати Жаҳонгир Муҳаммад эркинлик ва ошкораликни Горбачёвдан ўрганганини ёзди.

"Буюк сиёсатчи оламдан ўтди. Унга ўхшаганлар 100 йилда бир марта келади. Эркинлик, ошкоралик нима эканлигини ундан англадик. Уни кимлардир қаҳрамон деса, кимлардир аксини айтиб келди. Зиддиятли фикрларни ҳам кўтариб, олдинга қараб юрди. 92 ёшида тўхтади. Энди унинг фикрлари юришни бошлайди. Худойим, Горбачёвнинг гуноҳларини кечир!"

Тарихчи ва фаол Анвар Назир Горбачёв туфайли Ўзбекистондаги муаммоларни гапириш имконияти пайдо бўлганини айтган.

Алоқадор мавзулар:

"Михаил Горбачёв вафот этди. Aйнан Михаил Горбачёвнинг ошкоралик ва қайта қуриш сиёсати Ўзбекистонга ўзбек тили, пахта монокултураси, Орол денгизи муаммолари ҳақида гапириш имкониятини очди. Горбачёвнинг қайта қуриши ва шахсан Горбачёв имзолаган фармон КГБ, Коммунистик партия Марказий Қўмитаси архивларини очди ва биз Сталин қатағонлари ҳақида билиб олдик ва кейинчалик бу бизга минглаб ва минглаб одамларни реабилитация қилишни бошлаш имкониятини очди. Совет тузуми томонидан ўлдирилган ўзбекистонликларни оқлашга йўл очиб берди", дейди у.

Отабек Тошев Горбачёвни қон тўкмасдан қизил империяни тарқатиб юборган шахс сифатида эътироф этган.

"СССРнинг биринчи ва охирги президенти-Михаил Горбачёв барча собиқ совет республикаларнинг мустақилликка эришишига сабабчи бўлган, қон тўкмасдан қизил империяни тарқатиб юборган шахсдир. Аслида мустақил бўлишимизга шу М. Горбачёв сабабчи бўлган. И. А. Каримов мустақиллик учун қизил иперияга қарши курашгани йўқ".

Рустам Ашуров эса Горбачёвни мустақиллик асосчиси деган.

"Мустақиллигимиз асосчиси Михаил Горбачёв вафот этибди".

@AkromAvezov давлат арбоби ҳақида бир-бирига зид фикрлар юритилишига эътибор қаратган.

"Горбачёв ҳақида гап кетганда, фикр юритувчининг позицияга қараб СССР тугашида у ёки айбланади ёки мақталади. Аммо, муҳимроқ масала СССР қандай тугаганлигида. Улкан репрессив тизим минимал қурбонлар ва можаролар билан якунланди. Солиштириш учун Югославияга қаралсин.

Бунда эса Горбачёвнинг ҳиссаси жуда катта. Берлин деворини бузишдан тортиб, республикалар тарқалишига қарши ҳарбий куч эмас, референдумлар ва бошқа юмшоқ методлардан фойдаланишга ҳаракат қилганлиги учун ҳам Горбачёв тарихий шахс ва ҳурматга лойиқ", дейди у.

Bek Saidazimov Горбачёв мустақиликка эришида муҳим роль ўйнагани учун мамлакатда бир кунлик мотам эълон қилиниши кераклигини урғулаган.

"Бугун мустақиллигимизга асосий сабабчи бўлган инсон Горбачёв ўлибди. Бу инсон бўлмаганда эди хали ҳам СССР остида яшаб юрар эдик. Рахмат сенга, гуноҳларингни Худо кечирсин. Собиқ иттифоқ давлатларининг ҳаммаси сендан миннатдор деб ўйлайман. Шунинг учун таклиф қиламан, давлатимиз байроғлари тушурилиб ҳеч бўлмаса 1 кун мотам куни деб эълон қилинсин"

Журналист Улуғбек Орипов Горбачёвнинг мураккаб шахс бўлганлигини ёзди.

"91 ёшни қарши олган кекса Михаил Горбачёв вафот этди. Бизга ўхшаган ёш авлод катталарнинг ҳикоялари ва тарих сабоқлари орқали бу одамнинг даври ҳақидаги гапларни билади. Фактларга қарайдиган бўлсак, Михаил Сергеевич мураккаб шахс бўлган. Бир томондан жамиятни эркинлаштиришни илгари сурган, бошқа томондан СССРни сақлаб қолишга уринган (бунга чил дилдан ҳаракат қилганми, ёлғиз ўзига аён).

Бундан ташқари Путиннинг кўп ҳаракатлари (масалан Қрим аннекцияси)ни оқлаган ва қўллаган. "Агар Путиннинг ўрнида бўлганимда менам Қримни қўшиб олардим. Афсуски, СССР тарқалиб кетди. У мавжуд бўлганда бугунги ҳудудий муаммолар вужудга келмасди" деган у.

Кўпчилик Ғарб давлатлари раҳбарлари Горбачёвни илиқ сўзлар билан хотирлашмоқда. Албатта, ўзларининг улкан рақибларини тиз чўктиришга катта ҳис қўшган, муросасозлик қилган одамни мақташларига асос бор. Албатта бу шахсий фикрим".

Facebook фаоли Суярқул Останақул Горбачёв СССРни сотмаганлигини айтган.

"Горбачёв СССР ни сотган эмас эди, балки қайта қуриш сиёсатидаги катта хатолар: ичкиликбозликка қарши кураш, хусусий кооперативларга рухсат бериш, иқтисодни ичидан емиргач, сиёсий ўзгаришлар қилишга мажбур бўлиб қолди, ваҳоланки режали бошқараладиган иқтисодда кооперативлар фаолиятига йўл қўйиш, ўзини ўзи яксон қилиш эди. Иқтисод оғир аҳволда қолгач ғарбга чўқинишдан бошқа иложи қолмаганди, бечорани".

Таҳлилчи Камолиддин Раббимов Горбачёвнинг дафн маросими давлат даражасида ўтказилмаганлиги Путин унга салбий қараганини билдиришини ёзди:

"Собиқ СССР Президенти Михаил Горбачёвнинг дафн маросими, Россияда давлат даражасида ўтказилмас экан. Путин номидан таъзия билдирилган, лекин Горбачёвни дафн қилиш борасида, давлат ўзини тортган. Шу холат ҳам Путиннинг СССРга ва уни тарқалишида маълум рол ўйнаган Горбачёвга салбий қарашини кўрсатади.

Горбачёвнинг Путинга муносабати ҳам зиддиятли эди. Баъзан Путинни танқид қиларди, баъзан мақтарди. Горбачёв Россиянинг Грузияга қарши урушини, ҳамда Қримни аннекция қилиниши маъқуллаган эди. Лекин, шу йилги Украинага бостириб киришини жиддий танқид қилганди.

Ельцин ҳокимиятдан кетгач, бир неча марта бўлаётган ишларга, жумладан, Россиядаги демократияни демонтаж қилинишига қарши фикр билдиришга ҳаракат қилганди. Ҳатто бир-икки марта Путин сиёсатига қаршироқ интервью ҳам берди. Лекин, шундан кейин Ельцин атрофини кучлироқ қуршовга олишди, ва 2007 йилда у вафот этганди. Горбачёв бўлса, ҳаётини охиригача тўсиқларга қарамади, ўрнатилган ўйин қоидаларига ҳам кўпинча риоя қилмади. У Ельцинни ҳам, Путинни ҳам танқид қилиб турди.

Ҳозир постсовет ҳудудида собиқ СССРдан қолган жароҳатлар, ҳиссиётлар кучли. Шунинг учун, СССРга тарих сифатида эмас, кечаги зулм машинаси ва истиқболдаги эҳтимолий лойиҳа сифатида қараш мавжуд. Вақти келиб, СССР тўлиқ тарихга айланади. У билан боғлиқ эҳтирослар тинади. Ана ўша пайтда, Ўзбекистонда ҳам "СССР тарихи музейи" ташкил қилиш, ва келажак авлодларга бу давлат инсоният тарихидаги энг катта сиёсий экспериментлардан бири бўлганлигини кўрсатиш лозим бўлади. СССРда дахшатли жиноятлар ҳам, катта ижтимоий ютуқлар ҳам бор эди.

СССР тарихи ва уни парчаланиши ҳақида гап кетганда, Горбачёв ва Ельцинлар ҳам алоҳида тилга олиниши лозим бўлади. СССР давлати ҳақида фикрлашдаги энг асосий савол, назаримда, "нима учун Бухоро Амирлиги, Қўқон ва Хива Хонликлари, Туркистон/Марказий Осий давлатлари ва халқлари, шу қадар рақобатдошликни йўқотиб, Европанинг энг қолоқ империяларидан бири бўлмиш Чор Россиясига, сўнгра қизил империяга тўлиқ ўз мустақиллигини бериб қўйди?" бўлиши керак.

Тарихни билишнинг асосий вазифаси - хатоларни яшириш эмас, кўрсатиш ва уларни билгач, бу хатоларни олдини олиш устида ишлаш бўлади. Кимки, ниятидан қатьий назар, тарихни кичик бир қисмини бўлса ҳам яширишни еки айланиб ўтишни таклиф қилар экан, ўша даврдаги хатоларни билиш ва тузатишга тўсиқ яратаётган бўлади. Ўзбекистонда эса, тарих - хонликлар даврида ҳам, совет даврида ҳам, ҳозир ҳам, мафкуравий қобиқда қолаяпти…

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.