Ўзбекистонда кимлар ўзбек тилига қарши? O‘zbekiston Dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Facebook/Shahnoza Soatova
"Реклама тўғрисидаги қонун ҳадемай кучга киради — яна тилимиз биринчи ўринда эмас(ми)?"
Адлия вазирлиги хизматчиси Шаҳноза Соатованинг ижтимоий тармоқдаги изоҳи худди шундай бошланади.
Ушбу пост, аслида, ўзбек тилини қонунга мувофиқ қўллаш зарурати борасида.
Хусусан, реклама давлат тилида берилишини шарт қилиб қўйган қонун кучга киришига бир ойдан кам вақт қолгани эслатилган.
Аммо "ҳеч бир тадбиркор идораси, дўкони ё савдо маркази пешидаги реклама лавҳаларини янгилашга ҳаракат ҳам" қилмаётгани, масъул ташкилотлар, телевидение ва радио ҳам бу борада ҳамон жимлиги эслатилган.
"Ҳеч бўлмаса, Реклама тўғрисидаги қонун ишласин. Давлат тили ўзбек тили бўлган мустақил Ўзбекистонми бу ё ҳамон мустамлака ўтмишидан қутулолмаётган юртми?" - ёзади Шаҳноза Соатова.
Алоқадор мавзулар:
Муаллиф Ўзбекистондан ҳам узунроқ муддат Россия мустамлакаси бўлган Грузияга боргани ва у ерда ҳамма лавҳ ҳамда ёзувлар аввало грузин тилида ёзилганини эслатади.
"Қачонгача шаҳарларимиз тугул ҳатто чекка қишлоқларимиз ҳам бизнинг ўзга тилга маънан қарамлигимизни шармандаларча жар солиб турувчи ташқи реклама лавҳалари билан тўлиб ётади?"
Ўзбекча керакмасми?
Аммо ўзбек тили мавқеини ошириш, тўғрироғи, давлат тилини қўллашга чақирган пост айрим одамларнинг норозилигига ҳам сабаб бўлди.
Аксар изоҳлар орасида ғазабнок ва ҳақоратомўзлари ҳам йўқ эмас.

Сурат манбаси, Facebook/Irina Matvienko
"Унда паранжи ёпинвол, нега номиллий кийингансан" - деб ёзилган рус тилидаги бир жавобда.
Бошқа бир тармоқ фойдаланувчиси ўзбек тили мавқеини кўтариш зарурати ҳақидаги постни "тор фикрлаш" деб атайди.
"Ҳар бир фуқаро қайси тилда гаплашиш, ёзиш ва реклама беришни ўзи ҳал қилади!!!!!!! - кўп ундов белгиси билан рус тилида ёзади Алевтина Александрова - "Ўз халқингизга, хусусан, вилоятлардагиларга ёрдам бериш йўлида мамлакатдаги оғриқлироқ жойлар билан шуғулланинг".
Ўзбекистонлик фаол Ирина Матвиенко эса Шаҳноза Соатовага қарши нафрат сочган одамларни танқид қилган.
"Менинг назаримда, лавҳлар ўзбек тилида бўлса, бу билан рус тилининг мавқеи пасайиб қолмайди" - деб ёзган Ирина Матвиенко.
Ўзбекча қаерда ўргатишади?

Айрим изоҳларда ўзбек тилини ўрганиш имконлари камлиги, мутахассис ва қўлланмалар етишмаслиги ҳам айтилади.
"Нега ҳалигача маҳаллалар қошида давлат тилини текин ё арзон нархда ўргатувчи курслар ташкил этилмаган?" - савол қўяди Валерия Ли.
"Яқинда ўзим учун курслар изладим ва бутун бошли шаҳарда иккитача хусусийсини топдим. Мана бу ҳақиқий муаммо. Тижоратлар эса ҳал қилиб олишар".
"Азалдан ўзбек тилининг мажбуран, қонун орқали ривожланишига қарши бўлиб келганман, кейинчалик ҳам фикрим ўзгармайди" - ёзади Музаффар У. Аббасов - "Ўзбек тилини ривожлантириш учун давлат органи қонун эмас, яроқли контент яратиши керак. Тил ўрганишни енгиллаштирадиган адабиётлардан тортиб, долзарб чиқаётган китобларгача".
"Ўзбек тилини билиш ўзимизда ҳатто ҳеч бир наф бермаса, тилнинг ривожи ҳақида қандай гапириш мумкин?" (Имло тузатилган - таҳр.)
Лавҳлар қайси тилда бўлишидан қатъий назар, хатосиз ёзиш зарурлигини таъкидлаган Нафиса Юлдашева ўзбек тилида мавжуд ҳозирги икки алифбо масаласига ҳам эътибор қаратади.
"Яна бир муаммо, бу ўзбек тилидаги лотин ва кириллча. Бошқа-бошқа икки авлод неча йилдан бери азоб чекади. Бу лотинча кимга керак эди".
Аммо аксар ўзбекзабон фойдаланувчилар ўз изоҳларида тезроқ лотин ёзувига тўлиқ ўтишни қўллаб қувватлашган.
МДҲ тажрибаси

Сурат манбаси, Courtesy
Шунингдек, давлат тилини қўллаш борасида ҳам ўзбек тилли фойдаланувчилар ўзбекча мавқеини ошириш заруратини ёқлашгани кузатилади.
"2018 йилда Бокуда бўлганимда аэропортдан бошлаб биронта русча сўз кўрмаганман" - деб ёзади Моҳира Султанова.
У Озарбайжонда паспорт текширувидан бошлабоқ, унга ўз ўзбек тилингизда гапираверинг, деб айтишганини эслайди.
"Кўргазмада турганимиздаям, кафе-ресторанлардаям фақат озари тили ёки инглизчада гаплашишяпти. Русча гапирсак, ундан кўра ўз тилингда гапир, ахир туркиймиз, тилимиз бир, деб бир неча марта танбеҳ беришди..."
Рагида Табризовна эса қонунларсиз ҳам давлат тили ҳақида қайғуриш зарурлигини таъкидлайди.
"Ахир бизда бошқа қонунлар ҳам ишламайди, ижро этилмайди ва бузилади-ку" - ёзади Максим Черников - "Бунисига ҳам кўникиш керак".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















