Ўзбекистон, дунё: Бухоро амири тақинчоқлари, 1311 ёшдаги сўғд чопони – VI Халқаро Конгресс қандай ўтди? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Самарқанд шаҳрида "Ўзбекистон маданий мероси - янги Ренессанс пойдевори" VI Халқаро конгресси

Сурат манбаси, BBC O'zbek

22-24 июль кунлари Самарқанд шаҳрида "Ўзбекистон маданий мероси - янги Ренессанс пойдевори" VI Халқаро конгресси бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан халқаро ва миллий ташкилотлар кўмагида ташкил этилди.

Алоқадор мавзулар:

Конгрессда 30 дан ортиқ давлатдан 350 дан зиёд таниқли шарқшунос олимлар, халқаро ташкилотлар ва музейлар раҳбарлари, академиклар, профессорлар иштирок этди.

Конгресс ташкилотчиси бўлмиш йиллардан буён Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва оммалаштириш йўлида меҳнат қилиб келаётган Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов ушбу тадбирни ўтказишдан мақсадларни Би-би-сига сўзлаб берди.

"Бу, аввало, ўзимиз учун"

Фирдавс Абдухолиқов билан интервью.

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Жамиятимизнинг асосий вазифаси Ўзбекистон маданий тарихига оид нодир қўлёзмалар, буюмларни аниқлаш ва уларнинг каталогларини яратиш, дейди Фирдавс Абдухолиқов.

Конгресс давомида турли давлатлардан келган олимлар, маданият жонкуярларининг 100 дан зиёд илмий маърузалари тингланди.

Олимлар Ўзбекистон маданий тарихига оид ўнлаб оламшумул янгиликларни тилга олдилар.

Булар орасида Малайзияда сақланаётган, ёши 1311 йилга тенг дея ҳисобланган Сўғд даврига тегишли чопон, Италияда сақланаётган Бухоро амирининг тилла тақинчоқлар коллекцияси, Эрмитажда сақланаётган ўзбек хонларининг рус императорларига йўллаган дипломатик совғалари алоҳида тилга олинди.

Жамият тузган каталоглари

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Конгресснинг асосий воқеаси "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумидаги 10 та янги китоб-альбомнинг тақдимоти бўлди.

"Айтиш керакки, бизнинг мақсадимиз нафақат ўзбек маданий меросини тарғиб қилиш, балки ушбу лойиҳа, биринчи ўринда, ўзимиз - ўзбек халқи учун керак.

Сабаби Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Ёшлар ўзининг маданияти, тарихини билиши керак", сўзлайди Абдухолиқов.

Фирдавс Абдухолиқовнинг билдиришича, Бутунжаҳон жамиятининг бугунги кундаги вазифаси дунё музейлари, коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистон маданий тарихига оид нодир қўлёзмалар, буюмларни аниқлаш ва уларнинг каталогларини яратишдир.

"Шу каталоглар асосида чиройли китоб-альбомлар тайёрлаб, маданий меросимизни Ўзбекистонга қайтаряпмиз", давом этади Абдухолиқов.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган конгресс

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Конгресснинг асосий воқеаси эса "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумидаги 10 та янги китоб-альбомларнинг тақдимоти бўлди.

Шу тариқа, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан сўнгги олти йил давомида туркум доирасида ишланган китоб-альбомлар 60 томга етган.

"Бу китобларни биз эмас, чет эл олимлари ёзяпти. Улар бугун конгрессга ташриф буюриб, китобларни тақдим этяпти", дея Ўзбекистон маданий меросига халқаро эътибор юқори эканини қайд этади Абдухолиқов.

Ўзбекистонда маданий меросни сақлаш ишларига юқори баҳо берган Конгресс иштирокчилари мамлакатнинг қадим тарихини янада чуқурроқ ўрганиш, бой маданий меросини кенгроқ тарғиб этиш зарурлигини қайд этганлар.

Самарқанд шаҳрида "Ўзбекистон маданий мероси - янги Ренессанс пойдевори" VI Халқаро конгресси

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Фирдавс Абдухолиқов халқаро ҳамкорларга Ўзбекистон маданий мероси фақат мамлакатнинг ўзига тегишли эмаслиги тушунтирилаётгани ҳамда уни асраб-авайлаш, тарғиб этишдан дунё манфаатдор эканини таъкидлайди.

"Лекин бу ҳудудда қанча салтанатлар, давлатлар ўтган бўлмасин, ушбу маданий тарих марказида Ўзбекистон туришини ҳамма олимлар тан олмоқда", қўшимча қилади конгресс ташкилотчиси.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek