You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Камбағалларга пул тарқатилади ва Хитойга газ экспорти икки баробар ошди – янгиликлар, O'zbekiston, yangilik
- Хитойга газ экспорти икки баробарга ошди;
- Жамшид Қўчқоров камбағалликни қисқартириш шартлари ҳақида гапирди;
- Конституцияни ўзгартириш юзасидан фуқаролардан таклифлар қабул қилиш бошланди;
- Аҳоли қатламларига бир марталик ёрдам тарқатилади;
2 бараварга ошган экспорт
Январь-апрель ойларида Ўзбекистон Хитойга қувурлар орқали газ етказиб бераётган давлатлар бешталигидан жой олган.
Бу борада Neftegaz.ru портали тарқатган маълумотларга Gazeta.uz эътибор қаратган.
Маълум бўлишича, йил бошидан бери Ўзбекистоннинг Хитойга газ экспорти 2 бараварга ёки $132,8 миллионга қадар ўсган.
Бироқ Хитой божхона бошқармасидан олинган ушбу маълумотда экспорт қилинган газ ҳажми кўрсатилмаган.
Ўтган тўрт ой давомида қувурлар орқали Хитойга газ етказиб бераётган давлатлар орасида Туркманистон биринчи ўринни эгаллаган — $2,87 миллиард.
Кейинги ўринларда Россия, Мянма ва Қозоғистон экани кўрсатилган.
Март ойида Bloomberg нашри Ўзбекистон расмийларига таяниб, мамлакат 2030 йилга қадар табиий газ қазиб олишни 20 фоиздан кўпроққа оширмоқчи экани, аммо экспортни кескин қисқартириб, газнинг асосий қисмини ички эҳтиёжга йўналтиришни режалаштираётгани ҳақида ёзган эди.
Бироқ Давлат статистика қўмитасининг январь-апрель ойи бўйича ташқи савдо айланмаси тўғрисидаги ҳисоботида йил бошидан бери газ экспорти 2,7 бараварга ошиб, $229,5 миллионга етгани билдирилган.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Чегарадаги махфий туннель ва январдаги блэкоут туфайли истеъмолчиларга 5,7 миллиард сўм қайтарилди – янгиликлар
- Ўзбекистон: Конституцияни ким ва нега ўзгартирмоқчи? Мирзиёв нима истайди? Видео
- Ўзбекистон: Конституция ислоҳотига Акмал Саидов бошчилик қилади ва Толибон нега электрдан қарзини тўлолмаяпти? – янгиликлар
- Ўзбекистон: ИИВ эркакларнинг соқолини олишни қачон тўхтатади, соқолли британиялик нима қилган бўларди?
Камбағалликни қисқартириш шартлари
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров 2026 йилга қадар мамлакатда камбағаллик даражасини икки бараварга қисқартириш учун нималар қилиниши лозимлиги ҳақида гапирган.
Вазир бу шартларни 26 май куни Бухоро шаҳрида бошланган Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш халқаро форумидаги нутқида тилга олди, дея хабар бермоқда Daryo.uz нашри.
Вазирнинг сўзларига кўра, 2026 йилга қадар камбағаллик даражасини икки бараварга камайтириш учун қуйидаги ишлар қилиниши зарур:
- хусусий секторни, жумладан, кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланиши учун зарур шароитларни таъминлаш ва шу орқали барқарор иш жойларини яратиш;
- инсон капиталини ривожлантириш ва меҳнат унумдорлигини ошириш;
- энергия ресурслари нархларини либераллаштириш ва самарасиз субсидиялар ҳажмини камайтириш ҳисобига ижтимоий лойиҳаларга йўналтириладиган давлат ресурслари миқдорини кўпайтириш;
- мазкур жараёнда, асосий эътиборни, кам таъминланган оилаларни ҳимоя қилишга қаратиш;
- давлат корхоналарини трансформация қилиш ҳамда хусусийлаштиришни жадаллаштириш ва мазкур жараёнда рақобат ва бизнес муҳитини яхшилаб бориш;
- қишлоқ хўжалигида унумдорликни ошириш, бунда энг аввало ер ислоҳотларини чуқурлаштириш;
- яшил ва рақамли иқтисодиётга ўтиш жараёнларини тезлаштиришга қаратилган ислоҳотлар давом эттириш.
"Менинг конституциям"
Ўзбекистонда Конституцияни ўзгартириш бўйича фуқаролардан таклифлар йиғиш бошланди ва таклифларни қабул қилувчи махсус платформа - meningkonstitutsiyam.uz портали ишга туширилди.
Билдирилишича, мамлакатнинг 18 ёшга тўлган фуқаролари, яшаш жойидан қатъий назар,
Конституцияни ўзгартириш бўйича ўз таклифларини портал орқали юборишлари мумкин.
Таклифлар модератор маъқулловидан сўнг порталда эълон қилинади.
Шунингдек, порталнинг Telegram ботига ҳам таклифларни йўллаш мумкин.
Май ойининг ўртасида Ўзбекистон Бош қомусига ўзгартиришлар киритиш жараёни бошланган эди.
Ушбу жараённи мувофиқлаштириб борувчи Конституциявий комиссияга эса Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Акмал Саидов раис этиб тайинланган.
Бир марталик ёрдам пули
Аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламига 400 минг сўмга қадар бир марталик ёрдам кўрсатилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 26 май куни бу борада тегишли қарорга имзо чеккан.
Қарорга кўра, ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчилар, болаликдан ногиронлик нафақаси ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзоси ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчилар ушбу ёрдамни олиши мумкин.
Мазкур тоифаларга кирувчи инсонларга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 300 минг сўмдан, Тошкент шаҳрида эса 400 минг сўмдан бир марталик ёрдам пули тўлаб берилади.
Шунингдек, кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига 200 минг сўмдан ёрдам берилади.
Қарорда бир нечта тоифа бўйича бир марталик моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бир марталик моддий ёрдам ҳар бир тоифа бўйича тўлаб берилиши белгилаб қўйилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek