You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Конституцияни ким ва нега ўзгартирмоқчи? Мирзиёв нима истайди? Video O'zbekiston, konstitutsiya, yangilik
16 май куни Ўзбекистон Либерал демократик партияси Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнини бошлаш ташаббуси билан чиқди.
Миллий тикланиш демократик партияси эса ушбу таклифни қўллаб қувватлади.
Бироқ ташаббускорлар ўзгаришлар нимадан иборат бўлиши ҳозирда аниқ эмаслиги, шунга қарамай, "Янги Ўзбекистон" учун янгиланган Конституция зарурлигини таъкидламоқдалар.
Уларнинг ваъда беришича, Конституция ислоҳоти жамоатчилик иштирокида кенг ва очиқ муҳокама қилинади.
Тўсатдан ташаббус?
"Миллий тикланиш" ва ЎзЛиДеП фракциялари конституцион ўзгаришларни ташкил этиш ташаббуси билан Олий Мажлис палаталарининг кенгашларига юзланганини маълум қилган.
Бироқ ташаббускорларнинг маҳаллий матбуотга берган изоҳларида ҳозирда Конституцияни ўзгартириш йўлида туғилган эҳтиёжлар аниқ очиқланмагани кўринади.
Алоқадор мавзулар:
Ташаббускорлардан бири бўлмиш депутат Алишер Қодиров журналистлар билан суҳбатда ўзгаришлар борасида аниқ лойиҳа йўқлигини тан ола туриб, "Ўзбекистоннинг бугунги ривожланиш босқичи янги Конституцияни тақозо қилаётгани"ни таъкидлаган.
Кузатувчилар эса депутатлар Конституцияни ўзгартириш ташаббуси билан тўсатдан чиқмагани ҳақида фикр билдириб, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил охирида илгари сурган бу борадаги таклифини ёдга олганлар.
Ўзининг иккинчи ва Бош Қомус бўйича сўнгги президентлик муддатига киришган Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг декабрь ойида Конституцияни такомиллаштириш заруриятини тилга олган эди.
Президент таклиф этган ўзгартиришларда асосан ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва экологик хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳақида сўз боради.
Шунга қарамай, кузатувчилар ўшанда ушбу ислоҳот ортидан, аслида, амалдаги президентнинг яна ҳокимиятда қолишига замин яратилиши эҳтимолидан хавотир билдирган эдилар.
Ҳозирча, Ўзбекистон Бош қомуси юз тутажак ўзгаришлар аниқ эмас экан, Конституция ислоҳоти ўзи нима ва асосий қонун қандай шароитларда ўзгартирилади, деган савол туғилади.
Конституцияни тез-тез ислоҳ қилиб туриш бобида Собиқ Иттифоқ давлатлари ва Африкадаги бир қатор авторитар режимлар пешқадам саналади.
Ушбу ислоҳотларга умумий чизгилар бериш мумкин - бу минтақаларда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш амалдаги президентнинг қонуний муддати ўз якунига етаётганда ёки ҳокимият алмашганда ёда мамлакатдаги сиёсий муҳит кескинлашганда амалга оширилади.
Бу жараёнлар эса деярли ҳамма вақт жамият талаби асосида кечгани таъкидланади.
Қирғизистон
Марказий Осиёда энг сўнгги Конституция ислоҳоти ўтган йилнинг апрель ойида Қирғизистонда бўлиб ўтган.
2020 йил октябрь ойидаги оммавий намойиш ва тартибсизликлар ортидан қамоқдан озод этилиб, пировардида, ҳокимиятни эгаллаган Садир Жапаров мамлакат барқарорлиги учун янги Конституция зарурлигини таъкидлаган.
2021 йил 11 апрель куни ўтган умумхалқ референдумининг якуни бўйича Қирғизистон расман парламент республикасидан президентлик республикасига айланган.
Амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаровнинг ваколатлари кескин кенгайган, мамлакатда қатъий вертикал бошқарув тизими ўрнатилган, парламентнинг кучи эса анчайин заифлашган, Жокоргу Кенеш депутатлари сони қисқартирилган.
Ўшанда, қирғизистонлик фаоллар Президент Жапаровни ўз ҳокимиятини кучайтиришда айблаб, ислоҳотни "ханституция" дея атаган эдилар.
Туркманистон
2020 йилда Туркманистон Конституциясига киритилган ўзгартиришлар мамлакатнинг навбатдаги раҳбари ким бўлиши борасида аллақачон қарор қабул қилинганидан дарак берган эди.
Бу ўзгартиришларда, асосан, собиқ давлат раҳбарининг мамлакат ҳаётида тутажак ролига аниқлик киритилганди.
Мазкур ўзгартириш ортидан экспертлар Гурбангули Бердимуҳаммедов тез орада ҳокимиятни, катта эҳтимол билан, ўғли Сердар Бердимуҳаммедовга топшириш ниятида экани юзасидан фаразларни илгари суришганди.
Орадан икки йил ўтиб - 2022 йилнинг мартида Туркманистонни 15 йил бошқарган Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ўғли Сердар президентга айланган.
Катта Бердимуҳаммедовнинг ўзи эса Конституция ислоҳоти орқали яратилган замин асосида парламент юқори палатаси раиси лавозимига киришган.
Тожикистон
2016 йилнинг май ойида Тожикистонда ўтказилган Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича халқ референдумини кузатган экспертлар ҳам президент Эмомали Раҳмон ҳокимиятни ўғли Рустам Эмомалига бериш учун тайёрлаётганини тахмин қилган эди.
Амалдаги Конституцияга киритилган ўзгартиришлар президент Эмомали Раҳмонга чексиз муддатга сайланиш ҳуқуқини берган, шунингдек, президентликка номзодлар ёши 35 дан 30 га туширилган.
Рустам Эмомали эса бир йилдан сўнг - 2017 йилда 30 ёшга тўлар эди.
Аммо, ҳозирча, экспертларнинг тахмини ҳаётда ўз аксини топмади.
Эмомали Раҳмон ҳамон Тожикистонни бошқармоқда, президент ўғли эса парламент юқори палатаси раиси ва пойтахт Душанбе мери лавозимларида ишламоқда.
Қозоғистон
Ўзбекистон билан бир вақтда Қозоғистонда ҳам Конституция ислоҳоти жараёнига старт берилган.
5 июнь куни қозоғистонликлар асосий қонунга ўзгартиришлар киритиш бўйича умумхалқ референдумида иштирок этадилар.
Президент Қосим Жўмарт-Тўқаев ислоҳотнинг асосий мақсади давлат бошқарувининг суперпрезидентлик кўринишидан салобати ошган парламент ва масъулияти кучайган ҳукумат бошқарувига ўтиш эканини таъкидламоқда.
Унинг сўзларига кўра, янги Конституция Қозоғистонда "иккинчи республика" даврини бошлаб беради.
Қозоғистонда Конституцияни ислоҳ қилиш зарурияти ҳақида январь ойидаги оммавий норозилик намойишлари ортидан гапирила бошланган эди.
Ўзбекистон қўшнисининг Конституцияси қандай ўзгаришларга юз тутиши деярли аниқ - ўзгартиришлар 33 та моддага дахл қилади, жумладан, президентнинг бирор сиёсий партия аъзо бўлишини тақиқлаш, унинг қариндошлари эса юқори сиёсий лавозимларни эгаллашини ман этиш, парламент таркиби ва фаолиятини ўзгартириш, ўлим жазосини тақиқлаш, ерга эгалик ҳуқуқини мустаҳкамлаш кабилар таклиф этилмоқда.
Россия
Марказий Осиё минтақасига таъсири кучли Россия ҳам "эҳтиёж туғилганда" Конституция ислоҳоти ўтказиб туриши билан танилган.
2020 йилнинг июнь ойи сўнггида россияликлар Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича умумхалқ овоз беришида қатнашган эди.
Мазкур ислоҳотнинг энг муҳим қисми ўша йилда россияликлар орасида анчайин танилган "обнуление" ёки "нолга тенглаштириш" атамаси бўлди.
Конституцияга киритилган ўзгартиришлар амалдаги ҳокимиятда оз эмас, кўп эмас 20 йилдан бери ўтирган Владимир Путиннинг аввалги тўрт президентлик муддатини нолга тенглаштириш ва унга 2036 йилга қадар ҳокимиятда қолиш имкониятини берганди.
Ўзбекистон
Таклиф этилаётган Конституция ислоҳоти мамлакат Бош қомусининг илк бор ўзгартирилиши эмас.
Шу вақтга қадар Ўзбекистон Бош қомусига 14 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган, уларнинг 13 таси қонун асосида амалга оширилган ва биттаси мамлакат ҳаётида муҳимлиги жиҳатидан тарихда қолган.
2002 йил январь ойида бўлиб ўтган умумхалқ референдуми натижалари асосида ислоҳ қилинган асосий қонунда президентлик муддати беш йилдан етти йилга узайтирилган.
Бу эса аллақачон конституциявий муддати тугаб бўлган марҳум Ислом Каримовга ўлимига қадар мамлакатни бошқариш имконини берган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek