Туркия: Ўзбекларни қийнаётган муаммолар, консуллик қандай ёрдам беряпти? - Ўзбекистон, мигрантлар, Turkiya

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбек муҳожирнинг болаларини Истанбулда мактабга нега олишмади? Туркия орқали Европага кетиш осонми? Ўзбекистонликлар учун икки фуқаролик мумкинми? Истанбулдаги ўзбекистонликлар консулликда ўтказилган «Очиқ эшиклар куни»да расмийларга саволлар ва таклифлар беришди.

- Икки боламни озарбайжон мактабига бергандик. «Ўтирма изни»м (Туркияда вақтинчалик яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат - таҳр.) йўқлиги учун олмади. Ҳозир Ўзбекистонга кетсам, у ерда иш ҳам, яшашга уйимиз ҳам йўқ. Бу ерда эрим билан бирга фабрикада ишлаймиз. Еб-ичаяпмиз, шукр, кунимиз ўтаяпти. Аммо болаларимизни мактаби муаммо бўлаяпти, дея йиғинда расмийларга мурожаат қилди андижонлик Шаҳноза.

Муҳожир аёлнинг сўраган ёрдамига Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консули Амирсаид Агзамхўжаев жавоб берди.

- Муҳожирларнинг Туркияга келганидан кейин биринчи қиладиган иши - консулликка келиб, йўл-йўриқ, маслаҳат олиш бўлиши керак, - тушунтирди бош консул.

Миграция қонунлари бузилиши ҳоллари муҳожирнинг консуллик вакиллари ёрдамидан фойдаланиш имконини камайтиради. Расмий шахс шунга қарамай, бу мурожаат ўрганилиб чиқилиши ва амалий ёрдам берилишини билдирди.

«Очиқ эшиклар куни»да иштирок этаётган Ўзбекистон Олий мажлиси инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова муҳожир Шаҳноза Маҳаматовага ватанда ҳам ёрдам чоралари кўрсатилишига ҳаракат қилиниши ҳақида айтиб, муҳожир шахсига оид маълумотларни қайд этиб олди.

Ўзбекистонликлар билан учрашув куни консулликда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Истанбул шаҳридаги ваколатхонаси расмий очилиши бўлиб ўтди. Агентлик вакили Абдураҳмон Муҳамедов мигрантларнинг саволлари жавоб берди, таклифларини қайд учун ёзиб олди.

- Туркия орқали Европага ишга кетиш учун Истанбулга келганмиз. Ўзбекистонда хусусий агентликлар орқали Европага ишга кетиш хизмат ҳақи баланд, аммо талаблари паст. Миграция агентлигида эса, талаблар жуда юқори, оддий халқ бу талабларни бажара олмайди. Таклифимиз, давлат томонидан хорижга ишга юборилиш талаблари имкон қадар енгиллаштирилса, - дейди Нуриддин исмли муҳожир.

«Очиқ эшиклар куни»да Истанбулдаги ўзбекистонликлар бу мамлакатда тадбиркорлик, икки фуқаролик, ҳақ-ҳуқуқлар ҳимояси, талабалик каби мавзуларни кўтаришди.

- Қабул давомида 150 дан ортиқ ватандошлар мурожаат қилдилар. Булардан онлайн равишда - 39 та, тўғридан-тўғри 90 та мурожаат қабул қилинди ҳамда уларнинг ечими юзасидан манзилли кўмак берилди, - дея маълумот берди консуллик Телеграмдаги расмий каналида.

Алоқадор мавзулар:

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.