You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Қирғизистон чегарасида яна отишма ва Мирзиёевнинг олтин тангаси чиқдими? – O'zbekiston, yangiliklar
- Ўзбекистон чегарачилари уч қирғизистонликка ўқ узгани хабар қилинди;
- Тармоқда президентнинг олтин тангаси сурати тарқалди;
- Узунда 230 дан зиёд инсон кучли сел ортидан эвакуация қилинди;
- Ўзбекистонда 9 майни сиёсийлаштирмаслик чақириғи янгради;
Чегарадаги отишма
5 май куни Ўзбекистон чегарачилари уч нафар қирғизистонликка нисбатан қурол ишлатиши оқибатида яраланган инсонларнинг бари касалхонада ҳалок бўлган.
Қирғизистон нашрлари ҳодиса Жалолобод вилоятининг Ола Буқа туманида содир бўлгани ҳақида ёзган.
Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари чегарадаги вазият бўйича баёнот бериб, ҳалок бўлган шахслар ноқонуний равишда кўп миқдордаги товарни олиб ўтишга уринганини билдирган.
Маълум қилинишича, бу шахслар Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Оқтом қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтмоқчи бўлганлар.
Алоқадор мавзулар:
- BBC News O'zbek архивидан: Георгий лентасими ва ё Ўзбекистон байроғи?
- Дунёда яна қаерда ўқувчига бир-икки шапалоқ мумкин?
- Алишер Усмонов бу гал нима учун судлашмоқчи? Ўзбекистонда саёҳат ҳам мажбурий бўладими? Россия носвойни гиёҳванд моддаларга қўшадими? Дайжест
- Ўзбек - Афғон чегарасида отишма бўлганми ё бўлмаган ва Тошкентда нега яна Ғалаба қўшиқлари янгради? Янгиликлар
"Чегара наряди томонидан Давлат чегараси бузғунчиларини қўлга олиш вақтида, қоидабузарларнинг бир гуруҳи ҳарбий хизматчиларга нисбатан қаршилик кўрсатиб, куч ишлатиб, тан жароҳатлари етказган ва қуролларни олиб қўйишга ҳаракат қилган", маълум қилган ДХХ.
Расмий баёнотда ўзбекистонлик ҳарбийлар ушбу вазиятда қонунчиликда белгиланган тартибда қурол қўллашга мажбур бўлгани, яраланган шахслар эса жиноий шериклари томонидан Қирғизистон ҳудудига олиб кетилгани ҳақида сўз боради.
ДХХ, шунингдек, ҳодиса тафсилотларини аниқлаш мақсадида икки давлат вакиллари учрашгани, ҳозирда икки томон ҳолат бўйича текширувларни ўтказаётгани ҳамда чегарадаги вазият барқарор эканини қўшимча қилган.
Президент сурати туширилган танга
Марказий Банк Президент Шавкат Мирзиёев сурати туширилган тангалар муомалага чиқарилганини рад этди.
Ижтимоий тармоқларда президент сурати босилган олтин танга муомалага чиқарилгани тўғрисида хабарлар ва танга сурати тарқалган эди.
"Бугунги кунда Марказий банк томонидан Президент шахсига бағишланган қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангалар ёки банкнотлар муомалага чиқарилмаганини билдирамиз", дейилади расмий хабарда.
Марказий банк, шунингдек, юбилей саналари, тарихий ва замонавий даврнинг муҳим воқеаларига бағишланган қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангалар муомалага чиқарилиб, улар тўғрисидаги маълумотлар Марказий банкнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилиб келинишини эслатиб ўтган.
Селдан эвакуация қилинган инсонлар
Фавқулодда Вазиятлар вазирлиги Сурхондарёнинг Узун туманида сел келиши ортидан 40 та хонадондан 230 нафардан зиёд инсон хавфсиз жойга кўчирилганини хабар қилган.
Вазирлик табиий офат туфайли тан жароҳати олиш ҳолатлари тўғрисида маълумотлар келиб тушмаганини билдирган.
Сел 5 май куни ярим тунда ёққан кучли ёғингарчилик ортидан кузатилган.
Сўнгги кунларда мамлакатда кузатилган кучли ёмғир туфайли бир қанча ҳудудларни сел босгани ҳақида хабарлар берилган.
Хусусан, 3 май куни Шаҳрисабз, Бойсун, Сариосиё туманларида сел кузатилиб, аҳоли хонадонлари, йўллар ва ижтимоий объектларга зарар етган.
"9 майни сиёсийлаштирманг"
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати 9 май санасини сиёсийлаштирмаслик чақириғи билан чиққан.
Ҳаракат ҳар йили май ойи бошларида турли расмий ва норасмий доираларда ушбу кунни сиёсийлаштиришга бўлган ҳаракатлар кузатилишини тилга олган.
Расмий баёнотда таъкидланишича, бу сана нафақат Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба, балки урушда ҳалок бўлган 1,5 миллиондан зиёд ўзбекистонлик ҳамда "бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилган ўзбек халқининг бағрикенглигини англаш ва хотирлаш кунидир".
"Шунинг учун, 9 май санасини ортиқча сиёсийлаштирмаслик, андозалаштиришга берилмаслик, вазмин ва жамиятимиз қадриятларига таянган ҳолда нишонлаш — энг тўғри ва маъқул йўлдир", дейилади ҳаракат баёнотида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek