Алишер Усмонов бу гал нима учун судлашмоқчи? Ўзбекистонда саёҳат ҳам мажбурий бўладими? Россия носвойни гиёҳванд моддаларга қўшадими? Дайжест

  • Алишер Усмонов ЕИ санкциялар рўйхатига киритилгани устидан Европа судига шикоят қилди;
  • Президент матбуот котиби журналистларга тазйиқ ҳақида нима деди?
  • Ўзбекистон ички туризмни ривожлантиришнинг қандай усулини қўлламоқчи?
  • Энди Қирғизистонга ПЗР тести ёки ковид сертификатсиз кириш мумкин;
  • Россия носвойни гиёҳванд моддаларга қўшадими?

Ўзбек матбуоти қачон эркин ва кучли бўлади?

Ўзбекистон Президентининг Матбуот котиби Шерзод Асадов журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши ҳақида гапирган. Бу ҳақдаТошкентда ўтказилган журналистика соҳаси бўйича ижодкорларга "Олтин қалам" мукофотини топшириш маросимида сўз очилган.

"Амалдаги қонунчиликда давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш каби ҳаракатлар содир этилгани бўйича жавобгарликни кучайтириш бўйича бугун керакли ишлар бошланган", - деган президент матбуот котиби.

Ўз сўзида қаерда миллий матбуот эркин ва кучли бўлса, ўша мамлакатда халқчил ислоҳотлар ҳам бардавом бўлишини таъкидлаган расмий ўз фаолиятида холислик, адолат ва ҳақиқат мезонларига амал қилувчи профессионал журналистлар кучли матбуотни яратишига ишонишини айтган.

Ўзбекистон маҳаллий нашрлари эса мунтазам равишда мамлакатда журналистларга тазйиқ ўтказганлик учун жавобгарлик белгиланмагани ва жавобгарлик белгилашга оид ташаббуслар эса бир неча йилдан буён амалга ошмай келаётгани ҳақида бонг уриб келишади.

Алишер Усмонов нимадан норози?

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Европа Иттифоқи кенгашининг унга нисбатан санкциялар қўллаш ҳақидаги қарорини бекор қилишни талаб қилиб, Европа судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Россиянинг ТАСС ахборот нашри мазкур маълумотни суд матбуот хизмати орқали тасдиқлаганини билдирди.

"Жаноб Алишер Усмоновнинг [Европа Иттифоқи] Кенгашга қарши даъвоси 29 апрель куни юборилган. Даъвогар Кенгашнинг унга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорини бекор қилишни ва суд қарори чиқарилгунга қадар тақиқловчи чораларни қўллашни тўхтатиб туришни талаб қилади", — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Олигарх Алишер Усмонов жорий йилнинг февраль ойида Европа Иттифоқи Россиянинг бошқа йирик тадбиркорлари ва амалдорлари қаторида санкциялар рўйхатига киритилган эди. Миллиардер Усмонов Қримнинг аннексия қилиниши ва Украинадаги беқарорлик учун жавобгар бўлган Россия расмийларини қўллаб-қувватлагани қайд этилган.

ТАСС нашри ЕИнинг "қора рўйхати"га ҳозирда 1091 киши, жумладан, 30 дан ортиқ тадбиркор ва 80 ташкилот киритилгани ҳақида маълум қилди.

Саёҳат кимнинг ҳисобидан?

Эндиликда Ўзбекистонда ички туризмни ривожлантириш учун иш берувчилар ўз ходимларини саёҳат қилишга ундашади.

Бу мамлакат ичидаги саёҳатлар Ўзбекистон Президентининг 30 апрелдаги "Ички туризм хизматларини диверсификация қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси сифатида амалга оширилади.

"2022 йил 1 июндан бошлаб "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат!" доирасидаги тартиб белгилансин. Иш берувчилар жамоа шартномаларига ходимлар учун йилига бир марта маҳаллий саёҳат қилиш имкониятларини яратиш қоидаларини киритадилар. Саёҳат харажатларининг бир қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади", — дейилади ҳужжатда.

Мигрантлар келтираётган нос баҳсда

Россия нашрларида яна нос мавзуси «айланмоқда». Депутатлар мамлакатда носкашлик кўпаяётганидан ташвишда, айниқса, ёшлар орасида.

Ўтаётган ҳафтада Россия Давлат думаси депутати Султон Ҳамзаев носвойни мамлакатда гиёҳванд моддалар реестрига киритишни таклиф қилган.

"Мактаб ўқувчилари ва талабалар ўртасида тарқаладиган, гиёҳвандлик ва ўлимга олиб келадиган носвой каби хавфли никотинли модда Россия Федерациясининг гиёҳванд моддалар реестрига киритилиши керак", — дейилади Ҳамзаев ички ишлар вазири Владимир Колоколцевга йўллаган мактубида, - дея хабар беради "РИА Новости".

Депутат носвойга «кўп йиллардан буён Ўрта Осиё учун анъанавий чекилмайдиган тамаки маҳсулоти сифатида мавқега эга», дея таъриф берган.

«Носвойнинг аввалги асосий таркибий қисмлари тамаки ва ишқор эди. Бироқ сўнгги пайтларда носвой гиёҳвандлик воситаларининг янги туридан бошқа нарса эмас. Унда турли хил кимёвий реагентлар, шу жумладан клея, гашиш (наша) ва бошқа наркотик прекурсорлар бор", дейилади депутатнинг ИИВ га мурожаатида.

Ҳамзаев бошқармага "носвой маҳсулотини Россия Федерациясида тақиқланган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритиш" бўйича ҳамкорликда ташаббус ишлаб чиқишни таклиф қилмоқда.

Парламент аъзоси департаментдан вазиятни назоратга олишни ва Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига "носвой" номи билан машҳур бўлган "чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари" тарқалишига чек қўйиш чораларини кўришни сўраган.

Сўнгги йилларда Россияда "носвой" Марказий Осиёдан келаётган меҳнат муҳожирлари орқали оммалашиб кетди. Россия божхоначилари Марказий Осиё давлатларидан ноқонуний олиб кирилган носвой олиб қўйилгани ҳақида мунтазам хабар бериб туришади.

Россия қонунчилигига кўра, носвойни Россия ҳудудига олиб кириш талаблари оддий тамаки маҳсулотларини олиб кириш билан бир хил.

Қирғизистонга тестсиз ва сертификатсиз

Ўзбекистонликларнинг Қирғизистонга кириши енгиллаштирилди. Эндиликда мамлакатга кириш учун манфий ПЗР тести ёки ковид сертификат талаби этилмайди.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига манфаатдор давлат органлари билан биргаликда мамлакатдаги вазиятдан келиб чиқиб, пандемия чекловларига оид қатор мажбурий талабларни бекор қилиш вазифаси топширилди.

Унга кўра, нафақат ўзбекистонликлар, балки бошқа хорижликлар учун ҳам Қирғизистон 1 майдан бошлаб барча турдаги транспорт воситаларида давлат чегарасини кесиб ўтувчилардан манфий ПЗР тести ёки ковидга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификати мавжудлиги ҳақидаги талабни бекор қилинди.

Алоқадор мавзулар:

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.