You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбек - Афғон чегарасида отишма бўлганми ё бўлмаган ва Тошкентда нега яна Ғалаба қўшиқлари янгради? Янгиликлар O'zbekiston, yangiliklar
- Ўзбекистон ТИВ Афғонистон чегарасида отишма бўлганига оид хабарларни рад этди;
- Тошкентда "Ғалаба қўшиқлари" концерти ташкил этилди;
- Ўзбекистон Жаҳон матбуот эркинлиги рейтингидаги ўрнини яхшилади;
- Дам олиш кунлари сабаб ҳудудларда нақд пул муаммоси юзага келди;
Чегарада нима бўлган ё бўлмаган?
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 4 майга ўтар кечаси Афғонистон билан чегарада отиш содир бўлгани ва ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлгани тўғрисидаги хабарларни рад этиб чиққан.
"Шуни маълум қиламизки, тарқатилган хабарлар умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. Чегарада вазият осойишталигича қолмоқда, жанубий сарҳадларни қўриқлаш одатдаги тартибда олиб борилаётир", билдирган ТИВ.
Вазирлик, шунингдек, Толибон сўзчиси Забиҳулла Мужоҳид ҳам ушбу хабарларни ёлғон ва асоссиз, дея атаганини тилга олган.
Бундан аввал Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги учувчисиз бошқариладиган ўз учиш аппаратлари Афғонистон ҳаво маконини бузиб кирганига оид хабарларни рад этган эди.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Рамазон афви, Афғон учоқлари Толибонга қайтарилмайди ва “Лочин” Афғонистонга киргани рад этилди – янгиликлар
- Видео. Афғонистон: Ҳайитдан кейин Толибонга қарши янги уруш бошланадими?
- Видео. Ўзбекистон: Россияга яқин бўлмаслик керакми?
- Диққат, Украина: Ўзбекистоннинг қўрқиши учун қанчалик асос бор? Видео
Тошкентда Ғалаба қўшиқлари
3 май куни Тошкент марказида яна бир бор "Ғалаба қўшиқлари" хайрия концерти ўтказилган.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси дастаги билан Марказий паркда ўтказилган концертга кириш бепул бўлган.
Концерт давомида Совет даврига оид, жумладан, Иккинчи Жаҳон Урушидаги ғалабага аталган қўшиқлар янграган.
"Минглаб мамнун ёшу кекса тошкентликлар, таклиф этилган Улуғ ватан уруши ветеранлари россиялик артистлар билан бирга муҳаббат, дўстлик ва, албатта, Буюк Ғалаба тўғрисидаги қўшиқларни куйладилар", дея ёзган Россия элчихонаси.
Концертда сўзга чиққан Россия элчиси Олег Малгинов бундай тадбирлар кўпроқ ўтказилишидан умид билдирган.
Эслатиб ўтиш жоиз, ўтган йили 1 май куни ҳам Тошкент марказидаги Халқлар дўстлиги майдонида ўтказилган айни концертда томошабинлардан бири томонидан СССР байроғининг кўтарилгани ўзбекистонликлар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Ўшанда, "Миллий тикланиш" демократик партияси ушбу ҳолатни "санъатдан сиёсатга қурол сифатида фойдаланиш", дея атаб, СССР байроғи кўтарилганини кескин қоралаб чиққан эди.
Ўзбекистон ўрни кўтарилди
Ўзбекистон Жаҳон матбуот эркинлиги рейтингида бир йил ичида 24 поғонага юқорилаган.
Чегара билмас мухбирлар халқаро ташкилоти томонидан тузиладиган рейтингда Ўзбекистон 180 давлат ичидан 133-ўринга муносиб кўрилган.
Ўтган йили Ўзбекистон айни рейтингда 157-ўринга қўйилганди.
Ушбу янгилик мамлакатдаги матбуот билан боғлиқ вазиятга катта таъсир ўтказа олади, дея ишониладиган шахслар, хусусан, Саида Мирзиёева, Комил Алламжонов ва Шерзод Асадов томонидан хуш қарши олинган.
Матбуот вакилларини ушбу хабар билан қутлаган Комил Алламжонов журналист ва блогерларга мурожаат қилган.
"Айримларнинг тишлашига йўл қўймайлик. Ҳуқуқий билимимизни оширайлик. Миллатимиз, фарзандларимиз эртанги куни учун ҳам тинмайлик. Ҳақиқий 4-ҳокимиятга айланайлик. Ҳаммаси ўз қўлимизда".
Бироқ Чегара билмас мухбирлар ҳисоботида Ўзбекистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ муаммолар ҳали кўп экани ҳам айтилади.
Хусусан, ушбу ташкилонинг таъкидлашича, мамлакат ҳукумати матбуотни ҳали ҳам қаттиқ назоратда ушлаб турибди, журналистларни кузатиш ва цензура қилиш ҳамда мавжуд ўз ўзини цензура қилиш ҳамон кенг тарқалган ва молиялаш шароитлари қонунлар билан қийинлаштирилгани сабабли мустақил матбуотнинг шаклланиши деярли имконсиз қолаётир.
Нақд пул муаммоси
Маҳаллий нашрлар Ўзбекистонда 30 апрель - 4 май кунлари дам олиш куни сифатида белгилангани ортидан тижорат банклари банкоматларининг аксарида нақд пул тугаб қолгани борасида ёзишмоқда.
Хусусан, Xabar.uz Шаҳрисабз, Китоб туманлари ва Нукус шаҳридаги банкоматларнинг кўпида нақд пул қолмагани, борларида эса турнақатор навбатлар юзага келгани ҳақида ёзган.
Нашр дам олиш кунлари ҳам ҳаёт тўхтаб қолмаслигини эслатиб, мутасаддиларни бундай вазиятларда аҳолини нақд пул билан таъминлаш масаласи устида бош қотиришга чақирган.
Айни пайтда, Халқ банки истисно тариқасида дам олиш кунлари бўлишига қарамай, 3 майдан бошлаб пенсияларни тарқатиш ишларини бошлаганини хабар берган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek