You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 270 доллар?! Собиқ вазир яна бош вазирми? Никоҳдан ўтишга ДНК тести нега керак?
- Ўртача иш ҳақи Тошкентда 460, Фарғонада 230 долларми?;
- ТИВ: собиқ вазир яна бош вазирликда;
- Расмий никоҳ учун ДНК тести қанча туради?;
- Самарқандлик меҳмонхона эгаси меҳмон учун қамалди.
Тошкентда пул кўпми?
Жорий йилнинг январ-март ойида Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 3,42 миллион сўмни (270 АҚШ доллари) ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,1 фоизга кўпдир.
Бу рақамларни Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси 27 апрел куни расмий сайтида эълон қилди.
Қўмита маълумотига кўра, аҳолининг умумий даромадлари соҳа ва ҳудудларга кўра фарқ қилади.
Энг юқори ўртача кўрсатгич Тошкент (5,21 миллион сўм - 460 доллар) ва Навоийда (4,73 миллион сўм - 420 доллар), энг кам ўртача маош - Сурхондарё (2,61 миллион сўм - 230 доллар) ва Фарғонада (2,59 миллион сўм - 230 доллар) эканлиги кўрсатилган.
Шунингдек, Статистика қўмитаси ҳисоб-китобларича, ўзбекистонликлар энг кўп ўртача маошни банк, суғурта, лизинг ва кредит-воситачилик фаолиятида - 8,42 миллион сўм (700 доллар) олишади. Энг кам ўртача иш ҳақини таълим - 2,51 млн сўм (220 доллар) ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар - 2,32 млн сўм (200 доллар)да олишади.
Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитасининг бу ҳисоботини маҳаллий нашрлар аллақачон шубҳа остига олганлар. Жумладан, Qalampir.uz нашри «Тушми ё ўнг? Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 270 долларга етгани айтилди», YouTube каналларидан бири «Мигрантлар шокда. Кўзбўямачилик давом этади» деган сарлавҳалар билан беришган.
Айни пайтда 1 ярим миллионга яқин ўзбекистонликлар оила боқиш учун Россияда ишлашмоқда. Уларнинг ўртача иш ҳақи 400 доллар атрофида. Ижтимоий сўровномаларда муҳожирлар Ўзбекистонда камида 200 доллар маош олиш имкони бўлганида Россияга кетишга мажбур бўлмасликларини айтишган.
Собиқ вазир яна бош вазирликда
Владимир Норов ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди ва унинг зиммасига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажариш юклатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
2006-2010 йилларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига раҳбарлик қилган Владимир Норов 2021 йил 31 декабрдан буён ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.
Матбуот котиби хабарига кўра, 2012 йилдан бери ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб келган Абдулазиз Комилов эса президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.
Собиқ вазир Абдулазиз Комилов 17 март куни Сенатдаги чиқишида Ўзбекистон Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши ҳамда Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олмаганини таъкидлаган. У мамлакат "бу оғир кунларда Украинага сўзсиз инсонпарварлик ёрдами кўрсатиши"ни билдирган эди.
Шундан сўнг Абдулазиз Комилов қарийб бир ойдан зиёд вақт сиёсий сахнада кўринмади.
Никоҳдан ўтишга ДНК тести нега керак?
Ўзбекистонда никоҳланмоқчи бўлган шахслар ДНК тести топширишга мажбур бўлади.
«2023 йил 1 июлдан бошлаб никоҳланувчи шахслар ўз ҳисобидан Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий марказларига ташриф буюриш орқали Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказининг лабораториясида молекуляр-генетик тестдан ўтказилади», - деб ёзди Ўзбекистон хукуматига қарашли ЎзА - Миллий ахборот агентлиги Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорига асосланиб.
Хабарга ёзилганидек, мазкур тест синовлари бўлажак эр-хотиннинг ўз маблағлари ҳисобидан ўтказилади.
Экспертлар Ўзбекистон Президентининг мазкур қарори ижроси халқаро инсон ҳуқуқлари нормалари талабларига зидлиги билан баҳсли эканини билдиришган бўлса, ўзбекистонлик баъзи ёшлар ДНК тести ўта қимматлиги, бу жараён никоҳдан ўтиш жараёнининг янада қийинлашувига олиб келишини билдиришмоқда.
Хорижлик меҳмон мезбонни нега судга берди?
Бир хафта муқаддам Самарқанддаги меҳмонхоналарнинг бири Россия фуқароларини қабул қилишни рад этгани тўғрисида хабар тарқалган эди.
Унда меҳмонхона эгаси россиялик туристни Украина билан боғлиқ вазият сабабли меҳмонхонага жойлаштиришни рад этгани мактуби ҳам эълон қилинганди.
Мазкур хабардан кўп ўтмай, 28 апрел куни Бош прокуратура ўзининг Телеграм каналида хорижлик сайёҳ, IT соҳаси бўйича мутахассис В.К. мурожаат тушгани, Самарқанд шаҳрида жойлашган меҳмонхона иш бошқарувчиси А.У. уни ҳақорат қилиб, шаън ва қадр-қимматини камситганини кўрсатган ва қонуний чора кўришни сўраганини маълум қилган.
Прокуратура хабарига кўра, мазкур ҳолат ўрганилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик жинояти бор деб топган ва бу борада тўпланган ҳужжатлар судга тақдим қилинган.
«Суднинг жорий йил 22 апрелдаги қарори билан ҳуқуқбузарлик содир этган А.У.га 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, жавобгарлик муқаррарлиги таъминланди ҳамда хорижлик сайёҳнинг ҳуқуқлари тикланди», - деб ёзади Бош Прокуратура Телеграм канали.
Алоқадор мавзулар:
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.