Россия-Украина урушининг Ўзбекистон иқтисодига қўрқинчли 3 таъсири - иқтисодчи фикри

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Жаҳон Банки бир ҳафтанинг ўзида устма-уст хавотирли баёнот билан чиқди. Банк дунёни Украина урушининг кескин иқтисодий оқибатларидан огоҳлантирди. Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг айрим қисмларига глобал коронавирус пандемиясидан кўпроқ зиён етказишини айтди. Ўзбекистоннинг хавотирланиши учун қанчалик асос бор?

Айни дамда АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов иқтисоди Россия билан чамбарчас боғлиқ Ўзбекистонга Украинадаги уруш бевосита таъсир қилишини айтади.

Беҳзод Ҳошимов: Жаҳон банкининг тахмини тўғри. Коронавирус пандемияси билан ҳозирги инқирознинг фарқи шундаки, коронавирус пандемияси нисбатан қисқа муддатли рецессия бўлди. Яъни бир икки йилда иш жойлари ва иқтисодиёт ўз жойига қайтиб келди, айниқса Россияда.

Лекин ҳозирги прогнозларга кўра, Россия иқтисодиёти 2028 йилда ҳам 2021 йилги даражасига қайтиб келмайди. Ўзбекистон учун бунинг асосий қўрқинчли қисми 3 та нарсадан иборат.

Биринчиси, жуда кўп ўзбекистонликлар Россияда меҳнат муҳожири бўлиб ишлашади. Улар жуда кўп маблағларини ўз уйларига жўнатишади. Улар топаётган маблағлар доллар қийматида камайиши кутилмоқда. Иккинчидан уларнинг иш жойлари қисқариши кутилмоқда. Учинчидан ҳар йили юз минглаб ўзбекистонлик Россияга мактаб-коллежларни битириб иш қидириб боришарди. Улар ҳам камроқ иш топади. Яъни шуларнинг натижасида Ўзбекистонга келиб тушадиган доллар қиймати қисқаради. Бу дегани Ўзбекистондаги уй хўжаликларининг пуллари камроқ бўлади.

Иккинчи даражали таъсири шундаки, Россия Ўзбекистоннинг асосий инвестиция ҳамкори ҳисобланади. Яъни кўп ташқаридан келадиган сармоялар, Россия банклари, Россия давлат корхоналаридан молиялаштирилади. Бу дегани ҳозирги санкциялар режимида барча инвестициялар тўхтайди. Бу Ўзбекистонга инвестицион оқимлар камаяди дегани.

Учинчиси, бу озиқ-овқат нархларининг қимматлашиши. Яъни ўзбекистонлик уй-хўжаликларига қарасак, уларда таъсири қанақа бўлади. Ҳам Россиядан келаётган тушум камайяпти, ҳам сармоя камаяётгани учун Ўзбекистонда янги иш ўринлари яратилиши қийинлашяпти ҳамда харажатлар кўпаяди. Бунинг умумий таъсири Ўзбекистон учун ҳам салбий бўлиши аниқ.

Би-би-си: Бунинг оқибатлари Ўзбекистонда нималарда намоён бўлади, дейсиз?

Беҳзод Ҳошимов: Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш суръати пасаяди. Ўзбекистон ўрта даромадли давлатлар қаторига кирмайди. Ривожланаётган ёки камбағал давлатлар сирасига киради. Биз кейинги 10-20 йилда тез ўсиб ўрта даромадли давлатлар қаторига кирмоқчи эдик. Бу ушбу жараён секинлашади дегани. Чунки ўзбекистонликларнинг даромади камаяди ва биз ўрта даромадли давлат бўлишимиз эҳтимоли пасаяди.

Би-би-си: Украина уруши манзарасида Ғарб томонидан Россия жорий этилаётган устма-уст санкциялар манзарасида Ўзбекистон ҳукумати ҳаттоки президент бошчилигида қатор чораларга қўл урилаяпти. Ҳукуматга озиқ-овқат таъминоти барқарорлигини таъминлаш вазифалари юкланди. Мигрантларни 20га яқин бошқа давлатларга юбориш режаси устида ишланаётгани ҳақида хабарлар олдик.

Кўнгилни хотиржам қилишга қанчалик асос бор? Яна бошқа чоралар кўрилиши керак, дейсизми?

Беҳзод Ҳошимов: Бошқа чоралар кўрилиши керак. Бу кўнгилни хотиржам қиладиган нарса эмас. Ҳукумат ҳозирги инқирознинг чуқурлиги ва кенглигини тушунаётгани ва шунга қараб чора-тадбирлар кўраётгани, албатта, яхши. Чунки бу ниҳоятда чуқур ва узоқ давом этадиган инқироз. Чуқур инқироз билан узоқ давом этадиган инқирознинг фарқи шундаки. Чуқур инқирозда бир марта кўп пул ишлатиб олиб, тепага чиқиб олиш мумкин. Узоқ муддатли инқирозда кўп пулни харажат қилолмайсиз. Шунинг учун бунинг олдини олишда стратегия ҳар хил бўлади.

Ҳозир Ўзбекистон ҳукуматининг мен тўғри, деб биладиган ишлари бири шуки, иккиламчи санкцияларга Ўзбекистоннинг молиявий институтлари, банклари тушмаслигининг олдини оляпти. Яъни биз Россия билан жудаям яқин алоқаларда эдик. Ҳозир шу молиявий алоқаларни узиш жараёнида турибмиз. Бу жараён албатта қийин бўлади.

Шунинг учун энди яна нима қилиш керак, деган саволга жавобим қуйидагича.

Савдони иложи борича эркинлаштириш керак. Ўзбекистонга сиртдан товарлар олиб кириш ҳамон қиммат ва қийин. Яна логистика транспорт соҳасидаги муаммолар. Масалан, кўп транспорт корхоналари ягона ёки давлат корхоналарига тегишли. Бу у ерда рақобат йўқлиги ва нархлар қимматлигини англатади. Иккинчиси, нотариф тўсиқлар, яъни Ўзбекистонга чет элдан озиқ-овқат бўлмаган товарларни олиб кирадиган бўлсангиз, ҳар хил сертификациядан торти, санитариягача бўлган ниҳоятда қийин ва қиммат тўсиқлар мавжуд. Уларни олиб ташлаш ва енгиллаштириш.

Учинчидан, бож ва божга ўхшаш кўп солиқ турлари, яъни сиртдан олиб келинадиган товарларга кўп солиқ ва божлар қўйилади. Уларни ҳам олиб ташлаш каби чоралар кўриш керак. Савдони эркинлаштиришда яна бир нарса, эркин савдо ҳақида битимлар имзолаш керак. Ва иложи борича тезроқ жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш керак.

Чунки ҳозирги аҳволда бизга иложи борича, кўп мамлакатдан товарлар олиб киришни, ўзимизнинг бозоримизни бойитишнинг йўлларини қидиришимиз керак. Чунки Россия ва Украина дунёнинг ⅓ буғдой ишлаб чиқарувчи мамлакатлари ёки жуда ҳам катта ёғ ишлаб чиқарувчи мамлакатлари. Тўғри, биз асосий буғдойни Қозоғистондан оламиз, лекин ҳозир Россия буғдой экспортини тақиқлагани учун жаҳон бозорида буғдойнинг нархи қиммат. Шунинг учун бизнинг буғдой масаласида асосий ҳамкоримиз Қозоғистон бўлишига қарамасдан Россиядаги аҳвол нархларга таъсир қилади.

Би-би-си: Ўзбекистон ҳукумати кўраётган чора-тадбирлар манзарасида мамлакат ичкарисида бошқа бир хавотирлар чиқяптики, Украина уруши иқтисодий оқибатларини юмшатишга қаратилган чора-тадбирлар алал-оқибат Ўзбекистонда ислоҳотлардан ортга қайтишга сабаб бўлади. Яъни ўша ғалла ва донга давлат буюртмаси, нарх-наволарнинг давлат томонидан назорат қилиниши каби ҳолатлар қайта бўй кўрсатади деган. Бу хавотирларда қанчалик жон бор?

Беҳзод Ҳошимов: Қанчалик жон борлиги менга номаълум. Лекин умид қиламанки, нархларни назорат қилиш, дон ёки буғдой нархларини назорат қилиш ва унга субцидия қилиш каби бундай кескин ва эски хатоларни қайтармасликка жуда ҳам умидворман. Ва эски Ўзбекисондаги каби бўлиш эҳтимоли камроқ. Чунки нархга назорат ўрнатилса, ўша нарсанинг тақчиллигига олиб келади. Масалан, Ўзбекистонда газ заправкаларида нархни назорат қилишган ва ҳаммамизнинг бунинг интернетда шоҳиди бўлдик. Одамлар соатлаб ва балки кунлаб навбатларда туришди.

Навбат дегани, иқтисодий нуқтаи назардан, қайсидир нарсани давлат назорат қиляпти ёки сунъий равишда пасайтирган бўлса навбат бўлади.

Ҳозир Ўзбекистон ҳукумати қайсидир товарлар ёки товар гуруҳларининг нархини назорат қилса, бу тезда тақчилликка олиб келади ва ҳозир жамоатчилик анча эркин бўлгани учун бу чоранинг хато ва нотўғрилиги жуда тез аён бўлади. Ўйлайманки, ҳукумат бу нарсани жуда тез ўзгартиради. Яъни ҳозир сал сўз эркинлиги мавжудлиги бундай катта кулфатли хатоларнинг олдини олишга олиб келади, деб ўйлайман.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek