You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Сирдарёда ўрнатилган тарғибот карнайлари, коррупция жазолари кучайтирилади ва “алкотестер”-бош кийим – янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar
- Сирдарёда тарғибот радиоузеллари ўрнатилади;
- Коррупция жиноятлари учун жазолар кескин кучайтирилади;
- ЙПХ ходими бош кийимидан алкотестер сифатида фойдаланди;
- ОИВ инфекцияли аёллардан қанча чақалоқ туғилаётгани маълум қилинди;
- Афғонистонга ноқонуний ўтмоқчи бўлган хорижлик ушланди;
Радиоузеллардан таралган янгилик
Сирдарё маҳаллаларида янгиликларни бериб бориш мақсадида радиоузеллар ўрнатиб чиқилади.
Вилоят ҳокимлигининг маълум қилишича, радиоузеллар муҳим эълонларни маҳалла аҳлига тезкор етказишда ҳам асқотади.
"Ҳозирги вақтда маҳаллаларда ҳар доим ҳам ҳаммани йиғиб гаплашиш учун имконият ва шарт-шароитлар бўлавермайди. Маҳалла раисларининг аҳоли билан очиқ мулоқоти учун етарли шароит йўқ. Бунинг учун алоқа воситасининг ўзи йўқ", дейилади ҳокимлик хабарида.
Шу мақсадда Сирдарё туманининг икки маҳалласида тажриба-синов тариқасида радиоузеллар ташкил этилган.
"Ушбу радиоузел эшиттиришларида қонун, қарор ва фармойишлар тарғиботи, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, миллий қадриятларни тараннум этувчи қўшиқлар, аудио китоблар, ўзбек ва жаҳон мусиқалари аҳоли эътиборига эшиттириб борилади", қўшимча қилган Сирдарё вилояти ҳокимлиги.
Расмий хабарда кейинчалик вилоятнинг барча туман ва шаҳарларининг чекка маҳаллаларида радиоузеллар ўрнатилиши режалаштирилгани тўғрисида сўз боради.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистонда “Омикрон чекловлари” жорий этилди, Афғонистондан “заррача таҳдид келмайди” ва Ҳаж масаласи тез орада ҳал бўладими? – янгиликлар
- Ўзбекистон: Адлия вазирлиги Кушербаевни қоралаб чиқди, довондаги “балиқ ёмғири” ва яна чангли бўрон бўладими? – янгиликлар
- Ўзбекистон: Қулоқсиз ҳайдовчилар тонировкани рухсат билан ўрнатса бўлмайдими? – ҳуқуқшунос тонировка ҳақида
- Ўзбекистон: Толибонга қўшилган минглаб инсонлар, наркотрафик ва одам савдоси – БМТ нимадан хавотирда?
Коррупция учун жазо кучайтирилмоқда
Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик чоралари кескин кучайтирилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхоновнинг хабар қилишича, бу борада Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган.
"Жиноят кодекси лойиҳасида "коррупцияга оид жиноятлар" тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда ва 15 турдаги жиноят бу тоифага киритилмоқда", ёзган Бурхонов.
Унинг маълум қилишича, эндиликда, ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилиш ёки фирибгарлик жиноятларини мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш ёки хизмат мавқейидан фойдаланиб содир этиш қилмишлари учун 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси киритилмоқда.
Пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачалик қилиш жиноятлари учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
"Энг асосийси, порахўрлик жиноятларини содир этган шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинмаслиги ва жазо енгилроғи билан алмаштирилмаслиги ва бошқа қатор долзарб ўзгартиш ва қўшимчалар", дея қўшимча қилган Бурхонов.
Йил алкотестери
Тармоқда ЙПХ ходими спиртли ичимлик ичганини аниқлаш мақсадида ҳайдовчини бош кийимга пуфлатаётгани тасвирланган видео тарқалган.
"Йил алкотестери" дея изоҳланган видеода ходим ўз бош кийимини ечиб, ҳайдовчидан унга пуфлашни сўрагани кўзга ташланади.
ИИВ ЙҲХББнинг аниқлик киритишича, ушбу ҳолат ноябрь ойида Нукус шаҳрида юз берган.
"Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон ИИВ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда", дейилади расмий хабарда.
ОИВ инфекцияси ва чақалоқлар
Ўзбекистонда ҳар йили ОИВ инфекцияли аёллардан ўртача 550-600 нафар чақалоқ туғилмоқда.
Бу ҳақда 1 декабрь куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази ҳамда Республика ОИТСга қарши кураш маркази мутасаддилари иштирокида ўтган матбуот анжуманида маълум қилинган.
Қайд этилишича, мамлакатда ҳар йили ОИВ инфекциясининг онадан болага ўтиши олдини олиш мақсадида 600 минг ҳомиладор аёл зарурий текширувдан ўтказилади.
Шу билан бирга, ОИВ инфекцияли аёллардан йилига ўртача 550-600 нафар чақалоқ туғилиши кузатилмоқда.
"…уларга ОИВ инфекциясини онадан болага ўтиши олдини олиш мақсадида, ретровирусга қарши дорилар ўз вақтида бериб борилади", дейилади матбуот анжуманидан олинган хабарда.
Шунингдек, инфекция ўтмаслиги учун чақалоқлар олти ойлик бўлгунга қадар сунъий озиқлантирилиши ҳам маълум қилинган.
Чегарада ушланган хорижлик
Франция фуқароси Термиздан Афғонистон ҳудудига ноқонуний тарзда ўтишга уринган вақт қўлга олинган.
Сурхондарё вилоят ИИБнинг хабар беришича, хорижлик шахс Термиз туманидаги темир йўл орқали пиёда тарзда қўшни давлатга ноқонуний равишда ўтмоқчи бўлган.
Қўлга олинган шахс божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли рюкзакдан таркибида психотроп моддалар бўлган, кучли таъсир этувчи 26 дона таблетка топилган.
Сурхондарё вилоят ИИБ, ҳозирда, бу ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek