Ўзбекистон: Ғузорда унга навбат, қидирувдаги 3 минг қарздор ва боғчада топилган жасад – янгиликлар

Ундирилган маблағдан 22,8 миллиард сўмни алимент пуллари ташкил этган

Сурат манбаси, Mib.uz

Сурат тагсўзи, Ундирилган маблағдан 22,8 миллиард сўмни алимент пуллари ташкил этган

•МИБ 3 минг қарздор фуқаро қидирувда эканини маълум қилди;

•Ғузорда арзон ун учун узун навбат юзага келди;

•Қўштепадаги болалар боғчасида эркак жасади топилди;

•Хитойнинг COVID-19'га қарши дориси Ўзбекистонда синовдан ўтказилади;

Қидирувдаги 3 минг қарздор

Ўзбекистонда 3 минг 264 нафар қарздор қидирувга берилган бўлиб, уларнинг 1 минг 115 нафари чет элда экани аниқланган.

Мажбурий ижро бюросининг хабар беришича, шу йилнинг ўтган даври мобайнида 7,8 мингдан зиёд шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Уларнинг 4,5 мингдан кўпроғи топилиб, мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилган.

Қидирувдаги шахслар топилиши натижасида 30,7 миллиард сўмга тенг қарздорлик ундирилган.

Шундан 22,8 миллиард сўмни алимент пуллари ташкил этган.

МИБ "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги қонунга биноан қарздор ва унинг мол-мулки турган жойи ҳақида маълумотлар бўлмаган тақдирда уларни қидириш тўғрисида қарор қабул қилинишини маълум қилган.

Ўзбекистонда дори синови

Хитойнинг COVID-19'га қарши антивирус препарати Ўзбекистонда клиник синовлардан ўтказилади.

Маҳаллий нашрлар Синхуа агентлигининг бу борадаги хабарига эътибор қаратганлар.

Хабарда Хитой Фанлар академияси қошидаги Шанхай фармакология институти томонидан COVID-19'га қарши ишлаб чиқилган икки антивирус препарати клиник синовлар босқичида тургани ҳақида сўз боради.

Маълум қилинишича, VV116 номини олган препаратлардан бири сичқонларда ўтказилган тажрибаларда яхши натижа кўрсатиб, бирламчи COVID-19 штамми ва дельта-штамм каби штамм кўринишларига нисбатан сусайтирувчи фаолликни намоён этган.

"VV116 биринчилардан бўлиб Ўзбекистондаги клиник синовлар учун тасдиқланган", институт ходимларидан бирининг сўзларини келтирган Синхуа.

Ўзбекистон ССВ, ҳозирча, ушбу хабарни изоҳлагани кўзга ташланмаган.

Ун учун узун навбат

Ғузордаги арзон унга навбат

Сурат манбаси, nasafnews

Сурат тагсўзи, Ғузордаги арзон унга навбат

Қашқадарёнинг Ғузор туманида тарқатилган арзон ун учун узун навбат юзага келган.

NasafNews'нинг хабар беришича, ҳолат туманнинг Халқабод маҳалласида содир бўлган.

"…бозорда ун нархи кўтарилган. Оқибатда, одамлар маҳаллаларда тарқатилаётган арзон унни харид қилиш учун навбат кутмоқда", дейилади хабарда.

Ғузор тумани ҳокимлиги бу хабарга нисбатан муносабат билан чиққан.

Маълум қилинишича, Халқабод маҳалласида яшовчи 5,6 мингдан зиёд фуқаро учун жами 13,5 тонна арзонлаштирилган ун тарқатиш режаланган.

Бу киши бошига 2,4 килограммни ташкил қилади.

Унни тарқатиш вазифаси маҳаллий хусусий корхоналардан бири зиммасига юклатилган.

"Унни тарқатиш жараёнида корхона ишчиларининг сони камлиги, кичик ҳажмли ун қопининг мавжуд эмаслиги, унни ўлчаб бериш вақт талаб этганлиги ва маълум бир қисқа вақтда фуқароларнинг кўпчилиги йиғилиб келганлиги оқибатида навбатга туриб кутиш ҳолатлари кузатилган", дейилади ҳокимлик хабарида.

Туман ҳокимлиги узун навбатга қарамасдан келган инсонларнинг барига ун тарқатилганини қўшимча қилган.

Болалар боғчасидаги жасад

Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидаги болалар боғчасидан эркак кишининг жасади топилгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Қўрғонча маҳалласи

Сурат манбаси, Yandex

Сурат тагсўзи, Қўрғонча маҳалласи

Хабарларда жасад 20 ноябрь куни эрта тонгда Қўрғонча маҳалласидаги болалар боғчаси биносида топилгани айтилади.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, суд тиббий экспертизанинг дастлабки хулосасига кўра, марҳум ис газидан заҳарланган, деб бирламчи хулоса берилган.

Хабарларга муносабат билдирган Мактабгача таълим вазирлиги марҳум муассасада мавсумий ўт ёқувчи бўлиб ишлаганини маълум қилган.

"Шу ўринда, барча оммавий ахборот воситалари ва блогерлардан вафот этган шахс ҳамда унинг қандай лавозимда фаолият олиб борганлиги ҳақидаги тахминий, тасдиқланмаган маълумотларни ижтимоий тармоқларда тарқатмасликларини сўраймиз", дейилади вазирлик муносабатида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek