Беларусь чегарасидаги муҳожирлар лагери бўшаб қолди, Ўзбекистон Минск парвозига чекловлар киритди

Сурат манбаси, Reuters
Беларусь-Польша чегарасида қарийб 2 минг муҳожирга вақтинчалик бошпана вазифасини ўтаган лагер бўшаб қолди. Ўзбекистон Беларусга учмоқчи бўлган бир қатор давлат фуқароларига ҳаво транзитини тақиқлади.
Европа Иттифоқига ўтиш илинжида ҳавонинг совиганига қарамасдан Польша-Белорусь чегарасига йиғилган муҳожирлар шу атрофдаги омборга кўчирилган.
Бу Беларусь ва Европа Иттифоқи ўртасидаги тарангликнинг юмшаётганидан дарак беради.
Беларусь ЕИ ни беқарорлаштириш учун чегара инқирозини келтириб чиқаришда айбланади. Бироқ расмий Минск ушбу айбловларни рад қилиб келмоқда.
Муҳожирларнинг асосий қисми Яқин Шарқдан келган. Пайшанба куни 400 дан ортиқ ироқлик Ироқ ҳукумати томонидан ташкил қилинган самолётда Беларусдан Ирбил шаҳрига учиб кетди.
"Ростини айтсам, хафаман. Ҳаммамиз хафамиз. Одамларнинг бошқа чораси қолмагани учун қайтиб келишди", дейди Ироқнинг шимолий Курдистон минтақасига қайтиб борган Муҳсин Абди.
Кўпчилик муҳожирлар Европа Иттифоқига кириш учун олдингидек қатъиятли эканлигини айтишмоқда.
"Ўлгунимча турардим, аммо оилам хавф остида эди. Агар Ироқда вазият келгуси бир, икки йилда яхши томонга ўзгармаса, яна чиқиб кетаман", дейди Ҳожар Абдулраҳмон.
Бўшаб қолган лагер
Брузги чегара ўтиш нуқтаси яқин жойдаги қўлбола жамлоқдан олинган расмлардан унинг бўшаб қолганини кўриш мумкин.
Уларнинг ортидан гулхан куллари ва ёғочлар қолган.
Тахминан 1000 нафар аёл, эркак ва болалардан иборат гуруҳ чоршанба куни шу яқин орадаги логистика омборига юра бошлади.

Сурат манбаси, AFP
Беларус чегара кучлари уларнинг кўпчилиги у ерга ўз хоҳишлари билан борганини айтди. 800 нафарча одам чегарадаги жамлоқда қолаётган эди.
Бироқ ҳавонинг совиб кетиши уларни ҳам бошпана излашга мажбур қилган.
Чегара хизматчилари барча муҳожирлар иссиқ овқат, кийим ва асосий эҳтиёж нарсаларини олганини айтган.
Туркия Яқин Шарқдан Беларусга учмоқчи бўлган йўловчиларнинг транзитини тақиқлаши ортидан Ўзбекистон ҳам шундай тақиқлар жорий қилгани хабар қилинди.
Маҳаллий нашрларда ёзилишича, 17 ноябр куни Ироқ, Сурия, Афғонистон, Яман, Ливан, Ливия фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудуди орқали Беларусга ҳаво транзитини вақтинчалик тақиқлаш жорий этилди.
Ўзбекистондан Беларусга ҳафтасига 4 марта парвоз амалга оширилади.
Беларусь-Польша чегарасида юзага келган муҳожирлар инқирозида томонлар бирини айблашади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














