You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Бугуннинг саволи: Ўзбекистон чанг бўронидан қўрқиши керакми? Video O‘zbekiston dunyo yangiliklar
Сўнгги 150 йилда илк маротаба кузатилган Тошкентдаги чанг бўрони ва ҳалокатли сел келишининг кўпайиши Марказий Осиё давлатлари дуч келаётган иқлим ўзгариши оқибатлари, дея баҳоланмоқда.
Халқи асосан нон топиш ташвишида юрган ва нисбатан қашшоқ минтақа давлатлари иқлим ўзгариши оқибатлари билан курашишга тайёрми?
Иқлим ўзгариши аксар чўл ва саҳродан иборат Марказий Осиё - хусусан, Ўзбекистон ва Афғонистонга жиддий таъсир қилаётгани кузатилмоқда.
Минтақанинг асосий сув таъминотчилари - Қирғизистон ҳамда Тожикистон тоғларидаги музликлар жадал эримоқда.
Алоқадор мавзулар:
- Тошкент: Ўзбекистонда нималар бўлаяпти ё бу ҳали бошланишими?
- Пойтахтдаги чанг бўронлари, харидори чиқмаган Гулноранинг дачаси ва Ўзбекистон Тожикистон билан нимани келишди?
- Иқлим ўзгариши: "Бу дўзах" ёки +50С ҳароратда ҳаёт қандай бўлади? Ўзбекистон ва дунё
- Ўзбекистон: Ҳаммаси Аллоҳдан, тақдир ёки қадарга розимиз – иқлим ўзгариши ўзбекистонликларни қанчалик қўрқитади?
- Иқлим ўзгариши: Сайёрани сақлаб қолишга 12 йил эмас, 18 ой вақтимиз бор, холосми?
Минтақанинг ярмидан кўп сув манбаси жойлашган Тожикистонда ҳозирча музликларнинг учдан бир қисми эриган.
Қиризистонда ҳам музликлар сўнгги 50 йилда 16 фоизга қисқарган.
Халқаро ташкилотларга кўра, бутун минтақа бўйлаб қурғоқчилик ҳоллари улкан муаммога айланиб бориши мумкин.
"БМТ иқлим ўзгаришини ўрганувчи идорасига кўра, Марказий Осиёда иқлим исиши туфайли қурғоқчилик ҳоллари кўпаяди. Оқибатда, минтақанинг тоғли ҳудудларидаги музликлар кичраяди ва нишаб ҳудудларда қор турмайди. Марказий Осиёда ҳозир қор ҳам кам ёғмоқда ва бу сув манбаларига таъсир этган. Ҳисоботда айтилишича, тез-тез сел келиши кузатилади. Аммо бу бирмунча вақт давом этиб, йилнинг бошқа пайтлари қурғоқчилик кузатилади", дейди Би-би-сининг махсус мухбири Навин Сингҳ Кадка.
Зотан ҳалокатли селлар Марказий Осиё ва Афғонистонда сўнгги йиллари тез-тез учрамоқда.
Ўтган 2020 йили Афғонистоннинг биргина Парвон вилоятида сел келиши натижасида 100 дан ортиқ одам нобуд бўлди.
Ва бундай фожиалар минтақа бўйлаб ҳар йили қайтарилмоқда.
Яқинда эса Ўзбекистон пойтахтини ҳам чанг бўрони қоплади ва бир неча кун тарқалмай қолиб кетди.
Қумли бўрон келиши натижасида Тошкент ҳавосида чанг миқдори меъёрдагидан 30 баробаргача ортгани айтилди.
"Ўзгидромет" сўнгги 150 йилда бундай ҳодиса кузатилмаганини билдирди.
Минтақада ёғингарчилик ва сув камайиши озиқ-овқат ҳамда электр қуввати таъминотини ҳам хавф остига қўяди.
Жорий йили Ўзбекистондаги гидроэлектр станцияларида электр ишлаб чиқариш ҳажми қарийб тўртдан бир қисмига камайган.
Минтақа 20-асрнинг энг улкан экологик фожиаларидан бири - Орол денгизи қуриши оқибатлари қаршисида ҳам қолмоқда.
Дунёнинг қуруқликдаги тўртинчи йирик денгизи тубидаги заҳарли чангларни шамол минглаб чақирим масофага учиради. Бу заҳарли тузлар пахта далаларидан чиққан.
Қуриган Орол бўйида ҳаётни асраб қолиш ва яшаш шароитларини яхшилаш учун миллардлаб доллар маблағ керак.
Аҳвол ўнгланмаса - келгуси йиллари Оролбўйи минтақасида яшаётган қарийб 200 минг одам бошқа жойлардан бошпана излашга мажбур бўлади деган хавотирлар бор.
Хўш, минтақа давлатлари нима қила олиши мумкин?
Би-би-сининг махсус мухбири Навин Сингҳ Кадка:
"Мутахассисларнинг айтишича, минтақадаги давлатлар қурғоқчилик хавфини қандай назорат қилиш мумкинлиги устида бош қотиришлари керак. Бу нима дегани?
Сиз сув манбаларидан фойдаланиш режаларини ишлаб чиқишингиз даркор, бу учун зарурий иншоотлар қуриш ва сувдан самарали фойдаланиш йўлларини кўриш лозим.
Минтақадаги қишлоқ хўжалигида эса қурғоқчиликка чидамли усулларни қўллаш талаб этилади. Дейлик, сувсиз шароитда ҳам ўсадиган экинларни экиш керак.
Мутахассисларга кўра, Марказий Осиё давлатлари деҳқончиликда йирик лойиҳаларни бошлаганда, албатта уларнинг иқлим ўзгаришига бардош беришини ҳисобга олишлари шарт.
Лекин бу учун катта маблағ керак. Минтақадаги камбағал давлатлар буларни амалга ошира оладими - бу савол жавобсиз".
Иқлим кўрсаткичига оид сўнгги ҳисоботларидан бирида айтилишча, Афғонистон иқлим ўзгаришидан азият чекадиган давлатлар орасида олтинчи ўринда.
Ўзбекистон иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш учун юз минглаб кўчат экмоқчи.
Айни дамда фаоллар мамлакат бўйлаб дарахтлар тақиқларга қарамасдан кесилишда давом этаётганини айтишади.
Тожикистон эса 2025 ни "Музликларни сақлаш йили", деб эълон қилиш зарурлигини айтмоқда.
Минтақа давлатлари дунёдаги иқлим ўзгаришига катта ҳисса қўшишмайди.
Лекин бутун жаҳонни қамраб олаётган иқлим ўзгариши Марказий Осиё учун ҳам қимматга тушиши ва бу ердаги миллионлаб инсонлар ҳаётига таъсир этиши мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek