Ўзбекистон-Россия: Метролар чиндан ҳам қулайлик яратаяптими? O'zbekiston Rossiya metro

    • Author, Соҳиба Ҳаёт
    • Role, Москва-Тошкент

Москва метросидан мунтазам фойдаланадиган йўловчи сифатида кунига 1 доллар атрофида харжласам, Тошкентда бу пулга 7 марта метрога тушишим мумкин экан. Албатта, маошлар орасидаги тафовут ҳам бир неча баробар.

10 йил деганда Тошкент метросига тушишим метронинг 44 йиллик санаси атрофида бўлди. Тирбанд Москвада метро энг қулай транспорт воситаси бўлгани учун онгим икки пойтахт метросини беихтиер таққослай бошлади.

"Қулайлик ичидаги ноқулайликлар"

Илк таассуротимни шундай номладим.

Тошкентда мен яшайдиган ҳудудда янги бекат очилгани минглаб инсонларни марказга қатнашини осонлаштирибди. Эрталаб Чоштепадаги янги бекат эшиги ёнига келиб ўнлаб ёшларнинг навбатига гувоҳ бўлдим. Куннинг тиғиз вақтида кузатилиши табиий бўлган ҳол. Менинг диққатимни метро йўловчиларининг қарийб 90 фоизи ёшлар эканлигидан кўра, метро чиптаси кўпроқ тортди.

Бир марталик йўл чиптаси 1400 сўм эканлиги касса ойнасига ёзиб қўйилган. Навбатда туриб кузатаяпман, кўпчилик 1000 сўмли қоғоз пулларни узатишаяпти. Қайтим эса муаммо. Сотувчи йўловчилардан ҳисобга тўғри беришни сўраяпти. Натижада 100, 200, 500 сўм каби танга пуллари борлар олдинга ўтиб, қайтим йиғилгунча олдинда турган йўловчи ҳам қайтиб кутиб қолиб кетаяпти.

Уйдагилар қайтим танқислигидан огоҳлантиришиб, ҳар эҳтимолга қарши танга пул беришгани учун менда бу муаммо бўлмади. Тезгина олдинга ўтдим ва яқиндан буён жорий этилган оддий қоғоздаги QR-чиптани қўлимга олдим.

Ҳар куни навбат кутмаслик учун бир марталик бу чипталарни бир йўла 3-4 талаб олиб қўя олмайсиз, 30 дақиқагача амал қилиши ёзиб қўйилган.

Чиптани сканерга тутиб ўтдим, бу ерда ахлат челак қоғозга тўлиб кетган.

Ер устида жойлашган янги бекатга ҳали ном берилмаган кўринади: 1-чи бекат деб ёзиб қўйилган. Ундан кейинги янги очилган бекатлар ҳам сон кетма-кетлигида 2-, 3-, 4-, 5-бекат деб ёзилган. Ёки шундай номланганми, англолмадим.

Узун манзилларда тежалган вақт

Поезднинг ҳар 5 дақиқада келиши Москва метросида ҳар 90 сонияда келишига ўрганган ҳар қандай йўловчи учун узоқ вақт туюлиши мумкин. Тезлик борасида ҳам шундай. Метродан фойдаланувчиларнинг катта қисми эса ёшлар.

Манзилга етгунча миям бекатлар номини илғашга уриниб зўриқаёзди, айримларини умуман эшитиб бўлмади. Вагонларга ўрнатилган экранлардаги реклама овозлари билан баъзан қоришиб кетади. (Аммо кейинги куни бу ҳолат кузатилмади, овоз жарангдор эди) Эшитганларимда эса ҳар гап охирида "огоҳ бўлинг" ибораси қулоққа нохуш ўрнашадиган даражада такрорий. Рекламаларнинг кўп қисми рус тилида (баъзи ўзбек тилидагиларнинг ҳам ғализ жумлалари эса бошқа мавзу). Метро шовқини ҳисобга олиниб ахборот узатишнинг овозсиз, анимация йўллари танланса бўларкан, дея ўйладим.

Москва метроси мунтазам телефон алоқасининг узилмаслиги, Wi-Fi ва гаджетларни қувватлантириш мосламаларига эгалиги, йўловчилар учун бекатлар ораларида махсус кутиш ва учрашувлар ўриндиқлари, ҳожатхоналар қурилгани билан ҳам инсонларга хизмат кўрсатиш имкониятини кенгайтирган.

Мегаполисдаги ер устида транспортлар тирбандлиги, қишда йўлларнинг муз ва ер тойинчоқлиги ҳисобга олинса, Москвада метро фақат талаба ёки ишчилар эмас, ҳар қандай қатлам учун энг қулай транспорт экани кўринади.

Шундай таққослашлар билан манзилга етдим. Бу Тошкентда одатдаги 1 ярим соатли йўлимни 40 дақиқага қисқартириш билан вақтимни тежади.

44 йилда 9 тадан 43 тага

"Метро — катта шаҳарларнинг кўкрак нишони, ғурури, ташриф қоғози. Бу ўз қонунлари, ташриф буюрувчилари, эртакларига эга жумбоқли ерости подшоҳлигидир" дея ташбеҳланади Тошкент метрополитенининг расмий сайтида.

Ва "бир кунда бир неча миллион киши ишга, ўқишга, дўстлар, қариндошлар зиёрати ёки метрода шунчаки сайр қилиш учун тушишади" дея таъкидланади.

Бугун ўзининг 44 йиллигини нишонлаётган Тошкент метроси ўзининг бу сўзлари нақадар муносиб?

Тошкент метрополитенининг tashmetro.uz расмий сайтидаги маълумотга таянилса, ер ости транспорти бир кунда 19 соат энг кўпи билан 320 минг йўловчига хизмат кўрсатади.

1977 йилдан 2021 йилга қадар Тошкент метросининг бекатлари сони 9 тадан 43 тага, 4 йўналишда қамрови 12,2 км дан 59,5 км га етган.

Бу камми кўп?

Москва метроси 1935 йилда ишга тушган. 86 йил давомида 13 та бекатдан 421 та бекатга ортиб, қамрови 11 км дан 411 км га кенгайган.

Албатта 44 йил ва 86 йил орасида тафовут катта. Бироқ метрополитенларнинг ривожланиш жараёнини қиёслаш учун сўнгги 10 йиллигини олсак хам Тошкент метросидан бир неча эмас, юзлаб бекатларга ортиш билан фарқланиши кўрамиз.

Метрода сайр қиласизми?

Катта шаҳарларда метролар аҳоли учун энг қулай транспорт воситаси ҳисобланади. Аксар мамлакатларда ерости транспорт тизими билан бирга амал қилувчи ягона қатнов карталарига эга. Бу йўловчилар учун иқтисодий жиҳатдан ҳам, вақт тежамкорлиги жиҳатидан ҳам қулайлик яратади.

Айни пайтда Ўзбекистонда қўлланилаётган қатнов чипталари ҳалигача бир тизимга туширилмаган. Метро вагонлари асосан Россиядан келтирилмоқда.

Сўнгги йилларда Тошкент метросида қурилиш ишлари 10 йил олдинги муқимликдан жадаллашиш тарзига ўтган бўлса-да, қатновлар ҳаракатида тез-тез узилишлар ҳам кузатилаётгани ижтимоий тармоқларда аксланиб бораяпти.

Йўловчилар оқими эса 2000 йилларгача бўлган даврга таққослаганда кескин тушиб кетгани айтилади. Баъзи кузатувчилар буни ер усти транспорти қатнови кўпайгани билан изоҳласа, баъзилари жамоат транспортлари учун ягона картанинг йўлга қўйилмаганини сабаб қилиб кўрсатишади.

Метро бекатлари безаклари алоҳида мавзу. Шуни айтиш мумкинки, Москва метрополитенининг айрим бекатлари музейга тенглаштирилган. Бу ерда йилнинг тўрт фаслида ҳам сайёҳларнинг кети узилмайди. Хорижликлар ҳеч қандай тўсиқсиз суратлар ва видеолар олиши мумкин ва ҳатто жонли эфирга ҳам чиқишга имконият бор.

Тошкент метрополитени расмий сайтида пойтахт метросига йўловчиларнинг сайр учун кириши масаласи баҳсли.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek