You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Юнусободда метро қурилиши бошланди
Шавкат Мирзиёев 8 сентябрь куни Ўзбекистоннинг муваққат президентига айланди. 10 кун ўтиб, Юнусобод метросининг битмаган бекатларидан иккитасини қуриб тугатиш ҳақида топшириқ берди. Орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтгач, Юнусободнинг Петушок чорраҳасидаги чала қолган метро объектида ҳаракат бошланган.
Бу жаноб Мирзиёевнинг Тошкентда метрони ривожлантириш бўйича ягона топшириғи эмас. Муваққат президентликнинг 17-куни у Сергелига бориб, туманни шаҳар билан боғловчи ер усти метросини қуришни жадаллаштириш ҳақида топшириқ берди.
Маълумотларга кўра, Юнусободдаги икки янги метро бекатини фойдаланишга топшириш учун икки йил, Сергелида қурилиши мўлжалланган бешта ер усти метро бекати учун 2022 йилгача муҳлат белгиланган.
Бу улкан қурилиш лойиҳалари қайси манбалардан молиялаштирилиши очиқланмаган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, метро бошқаруви "Ўзбекистон темир йўллари" ширкатига топширилган ва янги метро бекатлари ва йўллари қурилишини ҳам шу ширкат назорат қилади.
Тошкент метроси қаергача боради?
Тошкентаги метро "скелети" Чилонзор, Ўзбекистон ва Юнусобод йўналишлари ҳисобига асосан шаклланиб бўлган, дейди 1972-1996 йиллара "Тошметролойиҳа" институтига раҳбарлик қилган Масар Холмуродов.
Прогноз режа бўйича, Тошкентда ҳозир мавжуд станцияларга қўшимча яна 25 та янги метро бекати, 32,5 километр қўшимча метро йўллари қурилиши мақсад қилинган.
"Биринчи галда метрони Юнусобод туманидаги кўп қаватли уйлар қурилган мавзеларгача олиб бориб, Юнусобод йўналишини мантиқий якунига етказиш керак", - дейди Масар Холмуродов .
Масар Холмуродов ўзининг "Тошкент метрополитени: лойиҳалар ва рўёб" номли китобида ёзишича, "Шаҳристон" (эски "Ҳабиб Абдуллаев") бекатидан Тошкент ҳалқа автомобиль йўли ёқасидаги лойиҳавий "Туркистон" станциясигача 4,1 километрлик масофада тоннел иншоотлари қуриб битказилганига анча бўлган.
Бундан ташқари, Юнусобод йўналишини "Мингўрик" бекатидан лойиҳадаги "Жанубий" бекатига қадар қўшимча тўрт станция ("Бобур", "Тўқимачи", "Усмон Носир", "Жанубий") билан 5,2 километрга узайтириш учун техник ҳужжатлар ҳам тайёр.
Бироқ йўналишнинг жанубий қисми ўзининг аввалги муҳимлигини йўқотган. Бекатлар лойиҳаси тайёрланган вақтда, "Бобур", "Тўқимачи", "Жанубий" бекатлари олдида республика миқёсидаги университет, комбинат, темирйўл ва автовокзаллар бўлган. Ҳозирда бу жойлар аҳолиси унча кўп бўлмаган мавзелардан бирига айланган.
Аксинча, шаҳарнинг аҳоли гавжум ва янада кўпайиши кутилаётган Сергели, Отчопар, Ўрикзор, Жарариқ, Қорақамиш, Тузель, Қўйлиқ каби даҳаларида тезкор транспорт муаммоси долзарб бўлиб турибди.
Carzone.uz сайтининг "Тошметролойиҳа" режасига асосланиб ёзишича, Чилонзор йўналиши Трактор заводигача, Ўзбекистон йўналиши Қорақамишдан бошланиб, Тузель қўрғони орқали Қўйлиққача, янги қуриладиган Сергели йўналиши бўлса Спутник мавзесидан бошланиб, Отчопар, Ўрикзор бозорларидан ўтиб, Қорақамишгача чўзилади.
Юнусободдан ташқари, Сергелида ҳам жаноб Мирзиёевнинг топшиғиридан кейин метро қурилиши бўйича илк ҳаракатлар бошланган. Бироқ қоғоздаги қолган режалар қачон амалга кўчиши номаълум.
'Юнусободда иш олиб бориляпти'
Юнусободда ҳозиргача қурилган олти метро бекатига қўшимча яна учта станция ("Файзулла Хўжаев", "Юнусобод", "Туркистон") бунёд этилиши режалаштирилган. Шавкат Мирзиёев эса иккита бекатни тезроқ қуриб битказиш ҳақида кўрсатма берган. Айнан қайси бекатлар қурилиши айтилмаган.
Юнусободда "Шаҳристон" станциясидан кейин Универсамга етмай (одамлар Д2 деб атайдиган жойда), кейин Аҳмад Дониш бозори қаршисида, ва сўнгра Петушок чорраҳаси олдида йўл ўртасида бетон деворлар билан ўроғлиқ уч объект бор. Д2да бирор ҳаракат кўзга ташланмайди, Аҳмад Дониш олдидаги жойда эса метро қурилишига хос буюмлар, ускуналар бор.
"Мирзиёев топшириқ берганидан сўнг, Аҳмад Донишни олдидаги объектда бўлиб, унинг аҳволи билан танишдик. Қилинадиган ишлар режалаштириб, таъмирланадиган ускуналар белгилаб олинди", - дейди Тошкент метросидаги исмини сир сақлашни истаган манба.
Манбага кўра, тоннеллар то "бетонка"гача қазиб қўйилган, деворлари бетонлаб чиқилган, "рельс қўйилса бўлди". "Тупроқ қазиб оладиган махсус ковшлар, тупроқ ташийдиган вагончалар ва уларни юқорига олиб чиқадиган механизмлар кўпдан бери ишлатилмай қолиб кетган. Уларни созлашяпти", - дейди манба.
Метродаги манбанинг айтишича, бу ерда қилинадиган асосий иш - "станцияларни қуришдир, қолган ҳаммаси деярли тайёр". Октябрнинг сўнгги ҳафтасида Петушокдаги бетон деворларнинг бир қисми олиниб, ўша айтилган асосий иш бошланди - станцияни қуриш бўйича биринчи ишлар қилинди.
Қаровсиз ва ташландиқ ҳолга келган объект махсус техника ва оғир юк машиналари ёрдамида неча йилдан бери тарвақайлаб ўсиб кетган дов-дарахт, турли чиқинди ва ортиқча нарсалардан тозаланди. "Юнусобод" номли метро-станцияга айланиши кутилаётган бу жойда бекатнинг ўрни кўп йиллар қазиб қўйилган эди.
Қурилиш баҳона чорраҳада автотранспорт ҳаракати тўхтаган, автомобиллар ярим километр нари-беридан бурилиб келмоқда. Ободонлаштириш хизматлари Петушок чорраҳасидан кейин Ҳалқа йўли томон кетган йўл ўртасидаги хиёбон-кўчада дарахтларни белгиланган қизил нуқталар бўйича кесиб, уни навбатда турган қазиш ишларига тайёрламоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.