You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Президентликка номзод четда ишлаётган ўзбекларни нега солиққа тортмоқчи? O‘zbekiston mintaqa migrantlar dunyo yangiliklar
Алишер Қодиров четда ишлаб юрган мигрантларни солиққа тортишни таклиф қилди. У президентлик учун беллашаётган бешта номзоддан биттаси. Ўзбекистон эса, Марказий Осиёнинг энг катта сондаги фуқаролари четда меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.
Биргина расмий ҳисоб-китобларнинг ўзидаёқ уларнинг сони, йилларки, бир неча миллионга нисбат бериб келинади.
Аҳолиси минтақада энг йириги (расман 35 миллиондан ортиқ - таҳр.) бўлган Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳануз чуқур илдиз отган, ҳали-ҳануз ўз долзарблигини йўқотмаган энг жиддий муаммолардан бири бўлади.
Иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган Ўзбекистонда мамлакат аҳолисининг аксар қисми чекка қишлоқ ҳудудларида яшашади.
Четда меҳнат муҳожирлигида банд миллионлаб фуқаролари ортга юбораётган маблағлар эса, катта сондаги ўзбекистонликларнинг асосий даромад ва тирикчилик манбаи саналади.
Аксарият минтақавий иқтисодий экспертлар баҳоларида ҳам бу пул Ўзбекистонда ижтимоий, иқтисодий тангликни юмшатиб, ҳукумат учун ҳимоя камари вазифасини ўтаб келаётган энг муҳим восита бўлади.
Мамлакат иқтисодини тутиб, юритиб келаётган асосий молиявий манбалардан бири сифатида кўрилади.
Мигрантлар ва солиқ
"Миллий Тикланиш" партияси номзоди бу ҳақда ўзининг сайловолди тарғибот кампанияси билан Андижон шаҳрида экан, кеча, 13 октябрь куни баён қилган.
Алишер Қодиров ўз чиқишида четда меҳнат муҳожирлигида банд мигрантларни солиқ тўламаётган шахслар, деб атаган.
Уларнинг даромадларини солиққа тортишни таклиф қилган.
"Мамлакат тараққиёти учун солиқларнинг ўрни жуда ҳам муҳим" эканини таъкидларкан, мигрантлар четга чиқиб, топган пулидан нега солиқ тўлмасликлари кераклигини савол остига олган.
Бу пулларнинг мамлакат тараққиёти учун "ишлатилмаётгани"ни таъкидлаган.
Янада "ватанпарварроқ бўлиш"га чақириб, "мигрантлар ҳам ўз солиғини мамлакат тараққиёти учун тўласин", - деб айтган.
Акс-садолар
Унинг худди шу чиқиши акс этган видеотасвирлар ўтган бир кеча-кундуз ичида кибер фазода энг кўп муҳокамаларга сабаб постлардан бирига айланган.
Ўзбекистон президентлигига номзоднинг бу таклифи "кескин", дея баҳоланган.
"Алишер Қодиров каттагина қовун туширди", деган сарлавҳаларга сабаб бўлган.
"Наҳотки, шунақаси ҳам бўладими?", дея унинг чиқишидаги худди шу нуқталар савол остига олинган.
"Айтганча, бу одам ҳам 10 кундан сўнг президент бўлиши мумкин" мазмунидаги киноя ва истеҳзоларни кўриш мумкин бўлган.
"Даромад солиғи даромад қаердан олинган бўлса, ўша ерга тўланади", "битта даромад икки марта солиққа тортилмайди", дея мавзуга ҳуқуқий баҳо берганларнинг борлиги ҳам кўрилган.
Айримлар, "Шундоғам билет нархи қиммат, бориб, регистрация, патент, квартира пули, загран паспорт ва бошқалар билан 5-10 баробар солиғингнинг пулини тўлаяпти мигрантлар, яна нима керак сенга, бир қарич тилим бор экан, деб гапираверадими, яна президент бўлармиш", дея комент қолдиришган.
Бошқалари эса, кибер фазода бу хусусда ўз фикрлари билан ўртоқлашаркан, "ўзи Ўзбекистон иш билан таъминлаб, ўшанақа ойлик тўлаб бера олмаётган, фуқаролар бошқа юртларнинг ишларини қилиб, оила боқаётган бўлса. Ўша фуқароларни оиласи олдига қайтариб, уларга иш бериб, ҳунарли қилиб, шу ерда оила тебратадиган, Ватанга хизмат қиладиган қилиб шароит яратишга ҳаракат қилиш ўрнига, ўша ўзга юртда зўрға қийналиб топган пулига ҳам шерик бўлиш керакми...", - дея ўз таажжуб ва тушунмовчиликларини изҳор этишган.
Ўзбекистон ва сайлов
Ўзбекистонда президентлик сайлови шу йилнинг 24 октябрь кунига режаланган.
Президентликка номзодларнинг сайловолди тарғибот кампанияларига 20 сентябрь куни расман старт берилган.
Аммо орада кечган вақт давомида қолган бирор бир номзоднинг ташвиқот амалиёти чоғида қилган ҳеч бир чиқиши ўзбекистонликлар орасида бу қадар қизғин муҳокама ва кескин акс-садоларга сабаб бўлмаган.
Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил сентябрь ойида имзолаган қарорга мувофиқ, Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 январидан бошлаб меҳнат мигрантларининг ҳам ўз-ўзини банд қилган фуқаролар сифатида рўйхатга олиниши, белгиланган тартибда солиқ тўлаши ва уларга пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланиши кўзда тутилган.
Ҳали худди шу янгиликнинг ўзиёқ ўшанда энди "меҳнат мигрантлари солиққа тортилармиш", деган гап-сўзларга сабаб бўлган.
Кибер фазодаги қизғин муҳокамалар қарорнинг асл мазмуни таҳлили ва талқинига оид чиқишларга сабаб бўлиш даражасига етганди.
Орада Россия Молия вазирлиги ҳам мигрантлар учун сюрприз тайёрлаётгани, уларга патентдан кўра қулайроқ, "ўзини ўзи банд қилган фуқаролар солиқ тизими"дан фойдаланишни таклиф қилмоқчи эканига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Четда меҳнат муҳожирлигида банд энг кўп Ўзбекистон фуқаролари эса, айнан Россия ҳисобига тўғри келади.
Алишер Қодировнинг таклифи, бошқа томондан, глобал коронавирус пандемияси меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оилаларини оғир аҳволда қолдирган бир пайтда тўғри келган.
Ўтган йили бу каби мигрантларнинг тақдирига Халқаро Миграция Ташкилотининг ўзи эътибор қаратган.
Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига зудлик билан ёрдам зарурлиги, акс ҳолда жиддий инқироз юз бериши мумкинлиги билан огоҳлантирган.
Халқаро ташкилот пандемия ҳаммадан ҳам энг кўп айнан шу каби инсонларнинг тақдирида салбий акс этганини баён қилган.
Уларнинг ортда қолган оилалари ҳам жабр чекишгани - асосий тирикчилик манбаларидан мосуво бўлишганини таъкидлаганди.
Мигрантлар ва миграция мавзуси, йилларки, ўзбекистонликлар орасида яхшигина баҳсу мунозараларга сабаб бўлиб келади.
Бундан аввал мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи президенти (ҳозирда марҳум - таҳр.) Ислом Каримовнинг меҳнат мигрантларини "дангасалар", деб атагани ўзбекистонликлар орасида катта резонанс берган.
Ана шу резонанс фонида президентликка келиши ортидан Шавкат Мирзиёевнинг уларни ўз "фарзандлари"га қиёс бергани кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган воқеъликка ҳам айланганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek