You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Каримов дангасалар, Мирзиёев фарзандларим, деди, нима ўзгарди? - Ўзбекистон, дунё ва миграция
Каримов дангасалар, Мирзиёев фарзандларим, деди...Орадан уч йил ўтди, нима ўзгарди? Туркияда меҳнат муҳожирлигида банд Нодира Қодированинг ўлими билан боғлиқ хабар сўнгги ҳафталарда яна шу мавзуни кун тартибига олиб чиқди.
Айни шу хабарлар манзарасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарши танқидлар ҳам янгради.
Вазирлик четдаги Ўзбекистон фуқаролари ҳимоясида сусткашликка йўл қўяётганликда айбланди.
Аммо буларнинг барчаси янги Ўзбекистон президенти миграция сиёсатида жиддий ўзгаришларга қўл урган бир шароитда бўй кўрсатмоқда.
Шундай экан, бу нима дегани?
Чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 21:00 да эфирга узатилган жонли мулоқотимиз айни шу вазият таҳлилига бағишланди.
Биз шу мақсадда Туркиядан яшаб меҳнат қилаётган асли ўзбекистонлик зиёли, Москвадан мухбиримиз Соҳиба Ҳаёт ва ҳуқуқшунос, фаол Ботиржон Шермуҳаммадларни мулоқотимизга чорладик.
Дастурни Феруза Раҳмон олиб борди.
Ўзбекистон ҳукумати Туркиядаги ўзбекларни нимага чақирди?
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўтган ой бошида Туркияда бўлиб турган ёки у ерга бормоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат билан чиққан.
Уларни барча керакли ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш ва Туркияда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилишга чақирган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси эса, Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан хорижий фуқароларга қўйилган талаблар ва зарур меъёрий ҳужжатларни ўрганиш, ватандошларининг ҳуқуқбузар ҳолатига тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида ҳатто шаҳар Хавфсизлик бошқармаси ва миграция хизмати раҳбарияти билан учрашувлар ўтказгани ҳам маълум қилинган.
Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган тўртта давлатидан биттаси саналади.
Агар, Туркия томонининг ўтган йилги расмий рақамларига таянилса, бу мамлакатда қонуний мақомда яшаб турган ўзбекистонликлар сони ўттиз мингдан ортади. Яна минглабининг меҳнат визаси билан Туркияда эканликлари англашилади.
Аммо, худди шунинг баробарида, Туркияда ноқонуний мавқеъда бўлган катта сондаги ўзбекистонликларнинг борликлари ҳам тахмин қилинади.
Туркиядаги аксарият ўзбекистонликлар ҳам меҳнат муҳожирлари саналишади, улар кўпчилигининг хотин-қизлар эканликлари айтилади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ҳам четда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг ҳимоясига қаратилган турли мурожаат, даъват ва баёнотлар билан бунчалик фаоллик билан чиқаётгани ҳам мамлакатнинг бу яқин тарихида кузатилмаган воқеълик бўлади.
Ўзбекистон минтақа давлатлари орасидан аҳолиси энг катта сондагиси бўлади.
Энг сўнгги расмий ҳисоб-китобларда бу сон 33 миллиондан ортиқроққа нисбат берилади.
Марказий Осиёдан энг кўп меҳнат муҳожирлари ҳам Ўзбекистоннинг ҳисобига тўғри келади.
Мигрантлар ва миграция мавзуси, йилларки, ўзбекистонликлар орасида яхшигина баҳсу мунозараларга сабаб бўлиб келади.
Би-би-си ўқувчиларига мурожаат қилиб, агар, ҳозир четда меҳнат муҳожирлигида банд бўлсангиз, бугун ўзингизни қанчалик Ўзбекистон ҳукумати ҳимояси остида, деб ҳис қиласиз, дея сўради.
Туркиядан бир фолловеримиз ўз жавобини, "албатта йўқ", деб бошлар экан, янги паспорт керак бўлганида, улар ёрдам бериша олмайди. Ўзбекистонга кетиб, олишингизни айтишади. Аслида бу консуллик шунақа ҳужжатли ишларимизни қийналмасдан қилишимиз учун керак эмасми, деган.
Яна бир коментда эса, "консулликларни кўпайтиргани билан деярли ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Элчи, консуллар фақат одам ўлиб қолса, олиб кетишга ёрдам бераяпти. Худо сақласин ҳамма муҳожирларни. Ўша одам ўлмасдан олдин ҳеч нарса қилмаяпти, қилган иши халққа сезилмаяпти. Биз элчилардан, умуман Ташқи ишлар вазирлигидан кўнглимиз тўлгани йўқ. Туркиядаги, Кореядаги воқеаларни ҳамма кўрди, эшитди", - деб ёзилган.
Қолдирилган мана бу жавобнинг мазмуни ҳам шунга ўхшаш. Унда, "Да, телефон номерини ҳеч қачон кўтармайди. Ўн соат куттиради. Борсангиз, компьютерда карта ўйини ўйнаб ўтиради. Ҳалиям миллионта жойдан справка олиб кел, деб арзимаган нарсага миллион йил вақтингизни олади. Хуллас, масъулиятсиз, тажрибасиз одамлар ўтиради", дейилган.
Бошқа бир фолловеримиз эса, "Авваламбор, четда юрган юртдошларимиз атрофимиздаги юртдошларимизга қўлимиздан келганча ёрдам берайлик. Давлатимиз ҳам халқини ҳеч қачон унутмайди", деган.
Яна бир коментда эса, "Россияга келганимга анча йил бўлмадию, менимча, бу ерда ўзингизга тўғри бўлиб, қонунга амал қилсангиз, ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Илойим, ҳеч қайси бир мусофирнинг бошига муаммо тушмасин", деб қолган.
Бир фолловеримиз эса, "Кимдир шу мигрантлар масаласи билан шуғулланиши керак! Бу шунчаки оддий иш эмас. Жиддий масала бу. Россия, Туркия, Қозоғистон ва то Европагача", деган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek