Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёевнинг яна бир иши диққат-эътиборга тушди O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Тошкент халқаро кинофестивали иштирокчилари Ўзбекистон президентига мурожаат қилишди. Кинофестивални "афсонавий", деб аташди. Уни қайта тиклагани учун Шавкат Мирзиёевга расман миннатдорлик билдиришди.
Нуфузли халқаро кинофестиваль орадан 24 йил ўтиб, қайта тикланган.
Унга анъанавий равишда пойтахт Тошкент мезбонлик қилиб келган.
Бу галги кинофестиваль Ўзбекистон пойтахтида "Ипак йўли дурдонаси" номи остида 29 сентябрь куни иш бошлаган, беш кун давом этган ва 3 октябрь куни расман якунига етган.
Халқаро кинофестивалда дунёнинг ўнлаб давлатларидан 400 га яқин кино усталари иштирок этишган.
Уларнинг орасида Жерар Депардье, Стивен Сигал, Люк Бессон ва Никита Михалков каби юлдузларининг озмунча эмаслиги йирик минтақавий нашрларнинг ҳам диққатини ўзига тортган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Бу каби нашрлар Тошкентдаги "Ипак йўли дурдонаси" халқаро кинофестивали меҳмонларининг сони ва нуфузи билан ҳам ёдда қолишини алоҳида қайд этишган.
"Мазкур тадбир кинофорум учун мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг ҳашаматли ва энг йирик платформага айлангани" ҳақида сўз юритишган.
Халқаро кинофестиваль доирасида дунёнинг 14 давлатидан келтирилган 150 га яқин фильм намойиш этилган, уларнинг кино кунлари ўтказилган.
Тадбирнинг юлдуз ва номи дунёга таниқли иштирокчилари эса, орада ўз ғоялари ва тажрибалари билан ўртоқлашишга ҳам вақт топишган.
Мурожаат

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Тошкент халқаро кинофестивали иштирокчилари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ёпилиш маросими чоғида мурожаат қилишган.
Мурожаатни машҳур рус режиссёри Тимур Бекмамбетов ўқиб эшиттирган.
"Ипак йўли дурдонаси" кинофестивали иштирокчилари Ўзбекистон раҳбарига ушбу афсонавий кинофестивалнинг қайта тиклангани учун ўз миннатдорчиликларини билдиришган.
"Қарийб чорак асрлик танаффусдан сўнг, сизнинг ташаббусингиз билан қайта тикланган "Ипак йўли дурдонаси" 13-халқаро кинофестивали элликка яқин мамлакат киноижодкорларини жамлади. Ҳафта давомида Ўзбекистон экранларида жаҳон кинематографиясининг сўнгги йилларда суратга олинган энг сара асарлари намойиш этилди, соҳадаги ўзгаришлар ҳақида фикр алмашилди, ёшлар учун маҳорат дарслари ташкил этилди. Фестиваль туфайли дунёни қамраб олган пандемия сабабли бир-бирини узоқ вақтдан бери кўрмаган инсонлар яна учрашишди, узоқ кутилган дўстона учрашувлар ва янги танишувлар бўлиб ўтди. Шунингдек, ушбу кинофестиваль Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари Тошкент халқаро кинофестивалининг барча анъаналарини ўзида мужассам этганини ва халқаро талаблар ва стандартлар асосида юқори савияда ўтказилганини мамнуният билан қайд этмоқчимиз", - дейилади мурожаатда.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Иштирокчилар Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришлар ва ислоҳотларни ҳам алоҳида қайд этишган.
"Ўзбекистон вилоятларига саёҳат давомида шаҳарлар қиёфаси ва мамлакатингиз қандай даражада ўзгарганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Биз ўзбек халқининг меҳмондўстлигига, самимийлигига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Айниқса, ёшлар ва уларни қўллаб-қувватлаш учун сиз яратган шароитлар бизда катта таассурот қолдирди.
Биз, соҳа вакиллари сифатида, кино саноати ва кинематографияни қўллаб-қувватлаётганингиз, жумладан, яқинда 100 йиллигини қарши оладиган "Ўзбекфильм" студиясининг қайта тикланиши, техник жиҳозланиши, Бутунроссия давлат институти филиалининг очилиши, Кино фондининг қайта тикланиши ва ўзбек фильмларининг эталон нусхаларини қайтарилганлиги учун самимий миннатдорчилик билдирамиз.
Айниқса, Ўзбекистонда бошқа давлатлар билан ҳамкорликда кино ишлаб чиқаришнининг яхши анъаналари қайта тикланганини, жумладан, бўлиб ўтган кинофорумнинг ўзида 10 дан ортиқ муҳим ҳужжатлар имзоланганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, эришилган келишувлар кинематография соҳасидаги халқаро ҳамкорликка янги туртки беради", - дейилади мурожаатда.
Хулоса қилиб айтганда, кинофестиваль иштирокчилари Ўзбекистон кино саноати дунёдаги энг ривожланган тармоқлардан бирига айланиши учун барча саъй -ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдиришган.
Президентга мурожаат "Ипак йўли дурдонаси" XIII Тошкент халқаро кинофестивали делегациялари иштирокидаги форумида бир овоздан қабул қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















