Ўзбекистонга қандай хусусийлаштириш керак? O'zbekiston xususiylashtirish oligarx

Қатор нашрлар ўзбекистонлик таниқли иқтисодчи ва блоггер Отабек Бакировнинг Ўзбекистондаги хусусийлаштириш ҳақидаги фикрларига эътибор қаратдилар.

Блоггер ўзининг Телеграмдаги каналида "Хусусийлаштириш яхши, лекин қандай хусусийлаштириш?" деган пост қўйди.

Унда иқтисодий таҳлилчи Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнига "Россия манфаатига хизмат қиладиган олигарх"ларнинг аралашишига қарши экани ҳақидаги фикрларини билдирди.

"Агар биз хусусийлаштиришдек нозик масалани ўғри ва муттаҳам олигархларга (айниқса потециал агрессор бўлган Россиянинг манфаатларига ишлаётган ва мамлакат суверенитети учун катта хатар соладиган ташқи олигархларга) қайсидир активни топшириш схемаси ўлароқ кўрадиган бўлсак, бизга бундай хусусийлаштириш керак эмас! Ва умуман олганда олигархияни катта хусусийлаштириш жараёнларидан қонун йўли билан буткул четлатиш тўғрисида ҳам ўйлашимиз лозим", деб ёзди bakiroo.

"Мазкур тамойиллар яқин истиқболда қисман ёки катта назорат пакети хусусийлаштирилиши режалаштирилаётган Олмалиқ кон-металлургия комбинати, "Ўзметкомбинат" (бу икки комбинат бўйича муттаҳам олигархияга ишончли бошқарувга топшириш бўйича зарарли тажрибамиз бор), Uzbekistan Airways, "Ўзбекнефтгаз" ва "Ўзтрансгаз", "Ҳудудгазтаъминот" ва "Ўзавтомоторс" каби иқтисодиётимиз гигантларига ҳам таалуқли", дейди иқтисодий таҳлилчи.

"Дарвоқе, президентликка номзодлар четлаб ўтаётган мавзулардан бири айнан хусусийлаштириш масаласи бўлиб қолмоқда. Негадир улар позицияларини аниқ ва равшан очишни лозим кўраётгани йўқ. Халқдан очиқ ва аниқ позицияларни билдириш орқали сайловда мандат ва розилик олмасдан туриб, хусусийлаштирш жараёнига қандай киришиш мумкин?", деб ёзди блоггер.

Айни пайтда Украина парламенти олигархларга қарши деб аталаётган қонунни қабул қилди.

Президент Владимир Зеленский таклиф қилган қонун Украина парламенти маъқулловидан ўтиши учун 226 овоз талаб қилинган, Рададаги овоз беришда қонунни 279 депутат оқлаган.

Қонунга кўра, бундан кейин Украинада кимни олигарх деб аташ бўйича аниқ мезон белгиланди.

Агар кимдир мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этаётган бўлса, оммавий ахборот воситаларига салмоқли таъсир ўтказоладиган кучга эга бўлса, бирор бир бозордаги монополист компания эгаси бўлса ва Украинадаги яшаш учун минимум миллион баравари миқдорида(қарийб 83 миллион АҚШ доллари) актив эгаси бўлса, бундай одам олигарх ҳисобланади.

Кимни олигарх рўйхатига киритиш-киритмаслик масаласини Украина Миллий хавфсизлик ва мудаофаа кенгаши ҳал қилади.

Қонун бўйича, бундан кейин Украинада олигархнинг сиёсий партияларни, сиёсий талаблар илгари сурилган агитация, митинг ва намойишларни молиялаши, мамлакатдаги йирик хусусийлаштириш жараёнларида қатнашиши тақиқланади.

Украиналик олигарх ҳар йили ўзининг мол мулки ҳақидаги маълумотни кенг оммага эълон қилини талаб этилади.

Бундан ташқари, олигарх билан мулоқотда бўлган ҳар қандай сиёсатчи, давлат хизматчиси нима ҳақида гаплашгани ҳақидаги декларацияни хавфсизлик кенгашига тақдим этиши лозим.

Ўзининг танқидий чиқишлари билан танилган депутат Расул Кушербаев Ўзбекистонга ҳам Украинаникига ўхшаш аксилолигарх қонун керак, деб ёзди.

Биз кўпинча хориж мамлакатларининг назорат ва жазони кучайтиришга доир қонунларини андоза қилиб оламиз. Шу ўринда халқ манфаатидан кўра, кўпроқ ўз бизнесини ўйловчи шахсларни давлат бошқарувига келиб қолишдан тийиб туриш учун ҳам мана шундай қонунлар керак.

Чунки, Собиқ Иттифоқ мамлакатларида кўп ҳолларда бизнес одами ҳукмронликка келса, ўша ерда монополия, ўша ерда таниш-билишчилик, ўша ерни бозорида ноҳалол рақобат бўлади.

Украиналик депутатлар буни тезроқ тушуниб етишган кўринади", деб ёзди Ўзбекистон Қонунчилик Палатаси депутати Расул Кушербаев.