You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Ички ишлар вазирлиги огоҳлантирди ва ўзбекистонликлар бу йил Умрага борадими? – видео, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar
Ўзбекистон: Ички ишлар вазирлиги огоҳлантирди ва ўзбекистонликлар бу йил Умрага борадими? Президент Мирзиёевнинг айтишича, тадбиркорни океанга ташлаб қўйиш керак эмас - дайжест.
Умра зиёрати
Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон Мусулмонлар идораси хорижликлар учун қайта очилаётган Умра зиёрати борасида қўшма баёнот эълон қилган.
Қарийб саккиз ойлик танаффусдан кейин Саудия Арабистони 1 ноябрдан хориж фуқароларининг Умра зиёратини адо этишига рухсат берган эди.
Қўшма баёнотда айтилишича, Саудия Арабистони Умра ибодатига келувчи хорижликлар учун зиёратчининг ёши 18 дан 50 ёшгача бўлиши, коронавирусдан ҳоли эканини исботловчи манфий натижали ПЗР анализни тақдим этиши, Саудия Арабистонига етиб келгандан сўнг белгиланган меҳмонхонада 3 кун карантинда бўлиши каби бир қанча шарт ва талаблар белгилаб қўйилган.
"Шунингдек, Саудия мутасадди идоралари томонидан эпидемиологик ҳолат бўйича Умра зиёратини ташкил этиш учун рухсат этилган давлатлар рўйхати алоҳида эълон қилиниши қайд қилинган.
Ўз навбатида, "Ҳаж" ва "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши Саудия Арабистони расмийлари билан мазкур масалалар бўйича белгиланган карантин талаблари асосида Умра зиёратини ташкил этиш юзасидан музокаралар ўтказмоқда", дейилади қўмита ва идора баёнотида.
Баёнотда ушбу тадбирларни ташкил этишга ваколатли ташкилот - Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўзбекистонликларнинг "тўлиқ тиббий хавфсизлигини таъминлаган ҳолда, расмий, ишончли, хавфсиз ва қулай" Умра хизматларини тақдим этиш устида ҳамкорлар билан иш олиб бораётгани қўшимча қилинган.
"Тадбиркорни океанга ташлаб қўйиш керак эмас"
Президент Шавкат Мирзиёев 28 октябрь куни корхоналарни ислоҳ қилиш ҳамда давлат активларини хусусийлаштириш масалалари бўйича видеоселектор ўтказган.
Йиғилишда у хусусийлаштириш жараёнини тезлаштириш, тадбиркорларни дастаклаш аҳамияти ҳақида гапирган.
"Очиқ айтиш керак: олдин ҳам хусусийлаштириш бўйича кўплаб қарорлар қабул қилинган. Лекин бирорта раҳбар пастга тушиб, бу соҳадаги билим ва методикани жойларга етказмагани сабабли кўп корхона ва объектлар сотилмасдан турибди, на давлатга, на тадбиркорга наф келтиряпти," таъкидлаган президент.
27 октябрь куни президент Мирзиёев айни масалага оид фармонга имзо чеккан эди.
Фармонга мувофиқ Фармон иловаларига мувофиқ 479 та корхона ва 15 та кўчмас мулк савдоларга қўйилиши, 62 та корхона хусусийлаштиришга тайёрланиши, 32 та корхона ва тармоқ трансформация қилиниши, 507 та бозор фаолияти такомиллаштирилиши кўзда тутилган.
Йиғилишда президент тадбиркорларни "катта океанга ёлғиз ташлаб қўйиш» эмас, балки қўллаб-қувватлаш зарурлигини урғулаган.
"Объектларни мулк сифатида Ўзбекистон фуқароларига бериш керак. Тадбиркор кредит олсин, ўз манфаатларини ўйласин, лекин иш ўринлари яратиб, бюджетга тушумни кўпайтирсин. Тадбиркорни яхши кўриш керак. Биз эса унга ёмон кўз билан қараймиз", таъкидлаган давлат раҳбари.
Андрей Кубатин вафот этди
Таниқли турколог ва тарихчи олим Андрей Кубатин 36 ёшида коронавирусга чалиниши ортидан оламдан ўтган.
Бу ҳақида олимга яқин бўлган инсонлар ижтимоий тармоқда хабар берганлар.
Миллий хавфсизлик хизмати Кубатинни 1,000 доллар эвазига Туркиянинг ҳамкорлик ташкилоти ходимига Ўзбекистон Бош архиви ва Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг электрон китобларини бериб юборганликда айблаб қўзғатган жиноят ишига асосан олим 2017 йилда ҳарбий суд томонидан ватанга хиёнат қилишда айбдор, деб топилиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Бироқ жамоатчиликнинг норозилиги ортидан тарихчи олим 2019 йил сентябрида оқланган эди.
Ёш бўлишига қарамай, дунёнинг академик доираларида шарқшунос ўлароқ яхши танилган Андрей Кубатин истеъдодли тарихчи ва қадимшунос олим сифатида ҳам маълум эди.
"ИИВ огоҳлантиради"
Ички ишлар вазирлиги огоҳлантиради ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида турли радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт ғояларни тарғиб қилувчи маълумотлар тарқатаётганларга огоҳлантириш билан чиққан.
Сўнгги кунларда бир қатор ўзбекистонликларнинг Франция билан боғлиқ воқеаларга нисбатан кескин кайфиятни намоён этаётгани, хусусан, мамлакат президенти Эммануэл Макрон портретини таҳқирлаётгани тасвирланган видеолар ва суратларни ижтимоий тармоқда эълон қилиши бот-бот кўзга ташланмоқда.
Вазирлик баёнотида бундай шахсларнинг жазавага тушиш сабаби очиқ тилга олинмасада, радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт бўлган ғояларни тарғиб қилувчи маълумотларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш республика қонунчилигида белгиланган жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши таъкидланган.
Абхазиядан қайтарилган ўзбекистонликлар
Абхазияда қолиб кетган 299 нафар Ўзбекистон фуқароси 28 октябрь куни чартер рейс орқали қайтариб олиб келинган.
Бу ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилган.
9 октябрь куни ҳам 19 нафар ўзбекистонлик айни ҳудуддан олиб келинган эди.
Вазирлик Ўзбекистон дипломатлари ушбу чегараолди ҳудудида бўлиб, Абхазиядаги ватандошлар билан боғлиқ вазиятни назорат қилаётганини билдирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek